Ассалому алайкум! 1-саволим: Иймонга келишдан, исломни қабул қилишдан мақсад динни химоя қилиш эмасми? 2-саволим: Динни қандай йўллар билан химоя қилиш керак? 3-саволим: Жиход тушунчаси хақида хабар берсангиз?
– Ва алайкум ассалом! 1. Иймонга келишдан мақсад, инсонлик – бандалик бурчини адо этишдир.
2. Динни Аллоҳнинг Ўзи ҳимоя қилиб олишини ваъда қилган.
Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз.
Ушбу зикр-Қуръон, кофир-мушриклар мажнун деб номлаётган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълифи эмас. Уни айнан Биз нозил қилдик. Уни одамлар инкор қилсалар ҳам, тан олмасалар ҳам, йўқ қилиб юбормоқчи бўлсалар ҳам, барибир, «албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз».
Ислом даъвати ўз бошидан энг оғир кунларни кечираётган бир пайтда, яъни, мушриклар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ оз сонли мусулмонларни бутунлай йўқотишга, Қуръонни, умуман, номини ҳам қолдирмасликка қасд қилишиб қолган бир пайтда нозил бўлган бу ояти карима ҳақиқий илоҳий мўъжизадир. Агар мазкур китоб ҳақиқий илоҳий мўжиза бўлмаганида, шундай қийин пайтда ишонч ва таъкид билан бу гапларни айтмас эди. Бу бир мўъжиза бўлса, оятдаги ваъданинг юзага чиқиши минг мўъжизадир. Қуръон туша бошлаганидан ҳозирги кунга қадар уни йўқ қилиб юбориш, унга зарар етказиш ва ўзгартириш киритиш учун қанчадан-қанча уринишлар бўлди. Аммо Аллоҳ таоло ваъдаси устидан чиқди. Ўз китобини муҳофаза қилиб қолди. Бу китобнинг бирор ҳарфи ҳам ўзгаргани йўқ. Дунёдаги ҳамма китобларга, ҳатто Инжил ва Тавротга ҳам ўзгартириш киритилди. Аммо Қуръони Карим софлигича қолди. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларига ҳам ғаразгўйлар ҳамла қилишди. Оқибатда кўплаб ҳадис илми соҳиблари, улуғ уламоларимиз ҳадисларни бу ҳамладан ҳимоя қилиш учун бир талай ишларни амалга оширишга мажбур бўлдилар. Аммо Қуръони Каримнинг бир ҳарфига ҳам биров тил тегиза олмади. Аллоҳ таоло ваъдасига биноан китобини Ўз ҳимоясига олди.
Мусулмонлар бошларидан оғир замонларни ўтказдилар. Улар тамоман бошқаларга қарам бўлиб қолган вақтлар ҳам бўлди. Кўп урф-одатлари ўзгариб ҳам кетди. Аммо Қуръони Карим ўзгармади. Ҳолбуки, Ислом душманларининг, мусулмонлар душманларининг асосий мақсади Қуръонга зарар етказиш эди. Улар мақсадларига ета олмадилар. Аллоҳ Ўз китобини ваъдасига биноан муҳофаза қилиб қолди. Қуръоннинг муҳофазаси Исломнинг муҳофазасидир.
Бундан кейин ҳам муҳофаза қилинажаги муқаррардир.
3. Бу ҳақда кўп марта тушунчалар берганмиз. Топиб ўқинг.