Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Мухри нубувват ҳақида

19:19 / 25.07.2018 | Baxrom | 10187
Ассалому алайкум! Мен бир инсон билан тортишиб қолдим. У бир ёш болада пайғамбарлик мухрини кўрдим деди. Мен унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дан кейин пайғамбар бўлмайди, бунга иймон келтирмаслик ширк дедим. У эса у Аллоҳни мужизаси уни ширк деманг деди. Мухри нубуват пайғамбарларда буладику шундайми?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! Тўғри. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин қайтиб пайғамбарлик йўқ. У кўрган ҳол бўлиши мумкин, лекин пайғамбарлик муҳри бўлиши мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни энг охирги пайғамбар деб эътиқод қилишимиз шарт. Акс ҳолда иймондан чиқилади. Аллоҳ таоло “Аҳзоб” сурасида марҳамат қилади: 

 مَّا كَانَ مُحَمَّدٌ أَبَا أَحَدٍ مِّن رِّجَالِكُمْ وَلَكِن رَّسُولَ اللَّهِ وَخَاتَمَ النَّبِيِّينَ وَكَانَ اللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمًا۝ 

40. Муҳаммад сизлардан биронта эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир.
Эй одамлар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабга уйлангани учун, «Муҳаммад ўз ўғлининг хотинига уйланди», деб бўҳтон қилманглар. Чунки
«Муҳаммад сизлардан биронта эркакнинг отаси бўлган эмас».
Жумладан, Зайнабни талоқ қилган Зайд ибн Ҳорисанинг ҳам отаси бўлган эмас. Зайднинг отаси Ҳориса ибн Шурҳабийлдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд талоқ қилган Зайнабга Аллоҳнинг амри ила, жоҳилият ҳукмини ботил қилиш учун уйландилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жоҳилият ҳукми бўйича Зайдни асраб олишлари ҳам Аллоҳ ирода этган ҳикмат ила шу одатни йўқ қилиш учун бўлган эди. Ҳеч қачон у зотга Зайд ўғил бўлган эмас. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч ким ўғил бўлган эмас. Ул зот эса ҳеч кимингизга ота бўлган эмас.
«Лекин Аллоҳнинг Расули ва набийларнинг сўнггисидир».
Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳамма учун юборган Расулидир. Ул зот пайғамбарларнинг сўнггисидир, ундан кейин ҳеч бир пайғамбар келмас.
«Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир».
Ана ўша ўта билиши асосида тасарруф қилади. Ушбу масалада ҳам ана ўша билими ила тасарруф қилди. Эҳтимол, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғил фарзандлари турмагани ҳам ҳикматлидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадийжа онамиздан Қосим, Тоййиб, Тоҳир исмли ўғиллар кўрганлар, аммо уларнинг ҳаммаси кичиклик пайтларида вафот этган. Марям Қибтиядан Иброҳим исмли фарзанд кўрганлар, у эмизикли пайтида вафот этган. Хадийжа онамиздан тўртта қизлари бўлган: Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум ва Фотима онамиз. Улардан учтаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин дунёдан ўтганлар. Фақат Фотима онамизгина у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан олти ой кейин вафот этганлар.
Пайғамбарларнинг сўнггиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга фарзанд бобида мазкур ҳолатнинг жорий қилиниши Аллоҳ таолонинг ҳикматидандир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг Расул ҳам, Набий ҳам келмаслиги аниқ. Ким бунга хилоф эътиқод қилса, кофир бўлади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги пайғамбар эканликларининг хабарини берган ушбу ояти каримани тасдиқловчи кўплаб ҳадиси шарифлар ҳам ворид бўлган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Убай ибн Каъбдан, у киши ўз оталаридан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:
«Менинг мисолим шуки, худди бир одам гўзал ва мукаммал ҳовли-жой қуриб, ундан биргина ғиштни қўймай, ўрнини очиқ қолдирган, одамлар бинони айланиб кўриб, ундан ажабланиб, сўнгра: «Агар мана шу ерга ҳам ғишт қўйилганда эди», – дейдилар, мен набийлар ичида ўша жойга қўйилган ғиштман».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, мен Аллоҳнинг наздида набийларнинг сўнггисидирман», – деганлар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat