Ассалому алайкум! Мен бир ҳадисда 7 вақтда дуо ижобат бўлади деб эшитдим, шулардан бири сажда пайтидаги дуо экан. Саволим шуки, сажда вақтида қандай қилиб дуо қилса бўлади ёки хаёлидан ўтказадими?
– Ва алайкум ассалом! Хаёлидан ўтказади ёки намоздан ташқари алоҳида сажда қилиб тили билан билган тилида айтади.
САЖДАДАГИ ТАСБЕҲ ВА ДУО ҲАҚИДА
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُكْثِرُ أَنْ يَقُولَ فِي رُكُوعِهِ وَسُجُودِهِ: «سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ رَبَّنَا وَبِحَمْدِكَ، اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي» يَتَأَوَّلُ الْقُرْآنَ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонга амал қилиб, рукуъ ва саждаларида «Субҳанакаллоҳумма Роббана ва биҳамдика, Аллоҳуммағфирли»* ни кўп айтар эдилар».
* Дуонинг маъноси: «Аллоҳим, Роббимиз! Сени ҳамдинг билан поклаймиз. Аллоҳим мени мағфират қилгин!» (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий). Валлоҳу аълам!