- Ва алайкум ассалом! Азалда ҳар бир хунар эгаси шогирд олишда зиммасига улкан юкни ҳам олар эди. Шогирдларига аввало Аллоҳ таолони танитар, намоз, рўза ибодатларини ўргатар, қиладиган хунарининг ҳалол ва ҳаромларини ўргатар ва хулқи билан ҳам қаттиқ шуғулланар эди. Ўзи тушунмаган жойларини уламолардан сўрар ва хунарининг икир-чикиригача ҳалол-ҳаромини ўрганиб шогирдларига ҳам ўргатар эди. Бунинг учун бироз муддат ҳам кетар эди. Шогирд хунар ўрганиш билан бирга хулқи, ибодати ва касбининг фиқҳини ҳам тўлиқ ўрганар эди. Шундагина устоз уламоларни чақириб имтихон қилдирар ва барчанинг ҳузурида барака тилаб ўзи ҳам дуо қилар, уламоларга ҳам дуо қилдирар эди ва умр бўйи шогирдларини руҳий тарбиси билан ҳам шуғулланишар эди. Улардан содир бўладиган хатоларни ўз фарзандидан содир бўлган хатодек ор деб қабул қилишар эди. Шу маросимни фотиҳа олиш маросими деб номланар эди. Бу жамиятни таназзулдан сақлаш учун тузилган энг гўзал низом эди. Хунармандлар ҳам валиюллоҳ даражасида бўлишар эди. Ҳозирги кунда эса бу низом йўқолди, натижада ёлғончи, бировни ҳаққидан қўрқмайдиган, ўғри, ибодатсиз, бадхулқ, топиш-тутишида баракаси йўқ хунармандлар кўпайди. Устозлар ҳам ибодатсиз, шогирдлар ҳам ибодатсиз, шогирд устозидан, устоз шогирдидан юлиб қолиш ва фойдаланиб қолиш дардида. Касбингизни фиқҳини ўрганинг. Ҳалол иш қилсангиз топганингиз ҳам ҳалол бўлади. Валлоҳу аълам!