- Имом Бухорий «Ал-адаб Ал-муфрад»да васваса ҳақида келтирган ҳадиси шарифларни ўрганайлик.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Аллоҳнинг Расули! Хаёлимиздан баъзи нарса ўтади. Бироқ қуёш нури тегиб турган ҳамма нарса бизга мулк қилиб берилса ҳам, уни айтишни истамаймиз», дейишди.«Шуни топдингизми?» дедилар. «Ҳа», дейишди. «Ўша равшан иймондир», дедилар». Шарҳ: Васвасага учраган киши уни беркитмоғлиги, бировга айтмаслиги матлубдир. Унинг ҳақида гапириш қабоҳатдир. Васваса ила бошини машғул қилишдан хатолар юзага келади. Бунинг иложи мазкур васвасани тарк қилиб, фойдали иш ила машғул бўлиш керак. Бу ҳадисда келган масала, айниқса, тасаввуфда кенг баён қилинган муҳим масаладир. Шайтон хароба қалбларни эгаллаб олади, шунинг учун уларни васваса қилишнинг кераги бўлмайди. Покланиб, тақвонинг маълум бир даражасига етиб борган, Аллоҳ таолога яқинлашиб қолган қалблар борки, шайтон уларга ҳарчанд осилсин, йўлдан ура олмайди. Бундай қалбларни ҳам шайтон васваса қилишдан умидини узади. Бироқ, покликка, холисликка интилаётган, нафс билан курашаётган қалблар борки, шайтон ана шу қалбларга жидду жаҳд билан осилиб, уларни васваса қилади.Демак, инсоннинг қалбида турли шайтоний васвасалар бўлиб туриши яхшиликнинг аломати экан. Чунки бундай қалб иймонга, ихлосга томон интилаётган бўлар экан. Шунинг учун шайтон талвасага тушиб қолган бўлар экан. Хаёлига келган шайтоний фикрлардан ўзи ҳам қўрқиб кетаётган инсон буни яхшилик аломати деб билиб, янада ўзига бардам бўлиб, тақвони, ибодатни, зикрни лозим тутиши керак экан. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга васваса ҳақида савол берилди. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: «У айни иймондир», дедилар. Муслим ривоят қилган.Ушбу ҳадиси шарифнинг маъноси бошқача қилиб айтганмизда «Васваса айни Иймондир» бўлади. Бу қанақаси? Ахир васваса шайтондан, иймон Раҳмондан-ку! Васваса Иймоннинг кушандаси-ку! У қандоқ қилиб, айни иймон бўлиши мукин? Бу гап, олов сувдир, деганга ўхшамайдими? Ушбу ҳадиси шариф билан дастлаб танишган одамда шунга ўхшаш саволлар пайдо бўлиши мумкин. Аммо, каминада бу саволлар пайдо бўлмади. Чунки, ушбу сатрлар ёзилишидан йигирма бир йил олдин ўтган тажриба бу маънони тушунишга ёрдам берди. Умум жаҳон Исломга чақириш куллиясига янги ўқишга келган пайтим эди. Бирдан қалбга васваса тушиб, бўлмағур фикрлар хаёлга келди. Дунё кўзимга тор кўриниб, ҳеч нарса татимайди. Бировга айтишнинг иложи ҳам йўқ. Бу ҳолат бир неча кун давом этди. Сиқилиш, ташвиш юқори чўққисига етди. Ана шундай оғир дамда Ҳаким ат-Термизийнинг араб тилидаги «Муридлар одоби» китоби тушди. Муаллифи Термизий бўлгани учун, ватандошимиз экан, деб китоб дўконидан харид қилувдим. Китобни тўғри келган жойини очиб ўқий бошладим. Васваса ҳақида гап борар эди: «Мурид қалбига васваса тушса, яхшилик аломати, деб билсин. Чунки, шайтон уни йўқлаб қолибди. Одатда шайтон обод бўлаётган қалбларни васваса қилишга уринади. Хароба қалблар шундоқ ҳам унинг мулки ҳисобланади, овора бўлиб уларни васваса қилиб ҳам ўтирмайди. Шайтон обод қалбларни хароба қилиш умидида уларга васваса қилади. Уриниб-уриниб, ниятига эриша олмагач, ташлаб кетади», дейилган эди. Қалбимга ёруғлик инди. Хурсанд бўлиб кетдим. Ориз бўлган нарса васваса эканини тушундим. Унинг нима учун бўлаётганини ҳам англадим. Мана бугун эса, Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсин, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг васваса ҳақида «У айни иймондир» деб айтган ҳадисларини ҳеч қандай қийинчиликсиз тушуниб турибман.Демак, киши вақтида англаб етиб, Аллоҳ таолодан дарҳол паноҳ сўраса, қалбига тушган васваса унга зарар етказа олмас экан. Бу эса ақийдавий, руҳий-маънавий соғломлик учун ниҳоятда зарурдир.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:«Шайтон бирингизга келиб «Буни ким яратди? Уни ким яратди?» дейди. Ҳатто «Роббингни ким яратди?» дейди. Қачонки, шунга етганда, у Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва бас қилсин», дедилар».Учовлари ривоят қилишган.Бу ҳадиси шариф мўмин кишига васваса зарар қилмаслиги ҳақидаги гапни тасдиқлаш учун келтирилган.Ушбу ҳадиси шарифда инсон хаёлидан кечадиган баъзи васвасалар шайтондан эканлиги баён қилинмоқда. Шу билан бирга, ўша шайтон васвасасини қайтариш йўли ҳам кўрсатилмоқда. Шайтон Одам Ато билан ўзи орасида бўлиб ўтган машҳур можародан бери одам боласига душман. У Қиёмат кунигача одамзотни васваса қилишга қасам ичган. Шунинг учун ҳам, инсон ҳаргиз бу лаънатланган душманини унутмаслиги керак. Гоҳида хаёлига келиб қоладиган васвасали фикрлар, «уни ким яратган, буни ким яратган» каби саволлар бора-бора «Роббингни ким яратган?» каби телба фикрга олиб келиши ҳам турган гап. Шунинг учун мазкур ҳолат юзага келганда дарҳол «Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожийм», деб Аллоҳ таолодан паноҳ сўрасин. Мазкур хаёлларни миясидан қувсин! Шу билан иш тугайди. Ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетади. Акс ҳолда оқибати чатоқ бўлиши мумкин. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:1. Шайтон васвасасининг ҳақлиги.2. «Уни ким яратди, буни ким яратди?» деб бориб «Роббингни ким яратди?» дейишгача бориш ҳам мумкинлиги.3. Бундай ҳолатларда Аллоҳ таолодан паноҳ сўраш лозимлиги.4. Бундай саволларни дарҳол тугатиш лозимлиги.Сиртдан содда кўринган билан бу ҳадисда зикр қилинган масала ўта муҳимдир. Васваса кишилар учун энг нозик ва энг хатарли нарса, у ақийда бобида зарар етказади. У туфайли инсон диндан чиқиб, кофир бўлиши ҳеч гап эмас. Ушбу ҳадисда шундоқ катта муаммонинг ҳал этиш йўли тақдим этилмоқда.