- Ва алайкум ассалом! Охират учун тайёргарлик кўрган инсонлар асло қўрқишмайди. Ўлимни Аллоҳга етишишликка бир туҳфа деб билишади. Фарзларни адо қилмай гуноҳга ботганлар ўлимдан гапирилса эшитишни хоҳламайди. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади:
وَلَن يَتَمَنَّوْهُ أَبَدًا بِمَا قَدَّمَتْ أَيْدِيهِمْ وَاللّهُ عَلِيمٌ بِالظَّالِمينَ
95. Қўллари тақдим қилган нарсалар туфайли уни ҳеч қачон орзу қилмаслар. Аллоҳ зулм қилувчиларни ўта билувчидир.
Оятдаги «қўллари тақдим қилган нарсалар» жумласи «гуноҳлар» маъносида келгандир. Араб тилида бирор нарсанинг аҳамияти бўрттириб кўрсатилмоқчи бўлса, ушбу услуб ишлатилади.
Демак, яҳудийлар ўлимни орзу қила олмайдилар. Чунки улар ўзларининг гуноҳларини яхши биладилар. Ушбу гуноҳлар билан ҳеч-ҳеч жаннатга кириб бўлмайди. Ўлсалар, беш кунлик дунёнинг матоҳидан ажралиб қолишларидан қўрқиб, бу дунё ҳаётига маҳкам ёпишиб олади.
وَلَتَجِدَنَّهُمْ أَحْرَصَ النَّاسِ عَلَى حَيَاةٍ وَمِنَ الَّذِينَ أَشْرَكُواْ يَوَدُّ أَحَدُهُمْ لَوْ يُعَمَّرُ أَلْفَ سَنَةٍ وَمَا هُوَ بِمُزَحْزِحِهِ مِنَ الْعَذَابِ أَن يُعَمَّرَ وَاللّهُ بَصِيرٌ بِمَا يَعْمَلُونَ
96. Уларнинг ҳаётга энг ҳирс қўйган одамлар эканини топасан; ширк келтирганлардан ҳам. Уларнинг бирлари минг йил умр кўришни истайди. Ҳолбуки, ўша уни азобдан узоқлаштирувчи эмас. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётганларини кўриб турувчидир.
Яҳудийлар ҳаётга ва бу дунёга энг ўч, энг кўп ҳирс қўйган одамлар ҳисобланадилар. Қуръони Карим таъбирида «ҳаёт» сўзи ҳеч қандай сифат билан белгиланмаган. Яъни номи ҳаёт бўлса бўлди. Хор-зор бўладими, бошқа бўладими – барибир, номига ҳаёт бўлса бўлди. Осмондан китоб нозил қилинмаган, Аллоҳ томонидан пайғамбар юборилмаган, бут-санамларни Аллоҳга ширк келтирувчи, аҳамиятсиз қавмларда (масалан, мушрикларда) ҳам ҳаётга ҳирс қўйиш бор. Ояти каримадаги:
«Уларнинг бирлари минг йил умр кўришни истайди» жумласидан айни шу маъно кўзланмоқда. Яъни улардан баъзилари минг йил умр кўришни орзу қилади. Бу унинг илоҳий таълимотлардан бехабар эканидан келиб чиқади. У охиратга ишонмайди, шунинг учун бу дунёда кўпроқ яшашни хоҳлайди.
«Ҳолбуки, ўша уни азобдан узоқлаштирувчи эмас».
Қанча узоқ умр кўришларидан қатъи назар, кофир ва мушриклар азобга дучор бўладилар. Чунки
«Аллоҳ уларнинг қилаётганларини кўриб турувчидир».
Ана ўша кўргани асосида ҳисоб-китоб қилиб, ҳар кимга қилганига яраша жазо беради.
Аммо Бану Исроил-чи? Унга Аллоҳнинг кўплаб пайғамбарлари келган, китоби нозил бўлган. Улар охиратга ишонибгина қолмай, балки «Охиратда фақат бизгина жаннатга кирамиз», деб даъво ҳам қилишади. Шу билан бирга, улар бу дунё ҳаётига минг йил умр кўришни истаган мушриклардан кўра ҳам ўчдирлар. Лекин ҳаммалари ҳам шуни яхши билиб қўйсинларки, узоқ умр кўришлари уларни азобдан қутқармайди. Аллоҳ уларнинг қилаётганларини кўриб турувчидир ҳамда амалларига яраша охиратда азобни ҳам берувчидир. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!