Устоз, Аллоҳ умрингизга, ризқингизга барака ато қилсин. Устоз, биз бошқа юртдамиз, жума намозига боришга имконимиз йўқ. Шунинг учун пешин намозини жамоат билан ўқишимиз тўғрими? Беодоблигим учун узр сўрайман.
Узрли шахснинг ва бошқаларнинг мисрда (шаҳарда) пешинни жамоат бўлиб ўқишлари макруҳдир.
Бу ҳукм макруҳи танзиҳий – унча оғир бўлмаган макруҳдир. Чунки улар жума ўқишлари лозим эди. Улар жума намозига бормай, жамоатнинг озайишига сабаб бўлдилар. Айбни қилиб қўйиб, яна ўзлари жамоат бўлишлари дуруст эмас.
Шунингдек, узрли бўлмаганларнинг жумадан олдинги пешинлари ҳам макруҳдир.
Бу ҳукм макруҳи таҳримий – ҳаром ўрнига ўтадиган макруҳдир. Чунки улар пешиннинг фарзидан кўра кучли бўлган жуманинг фарзини узрсиз тарк қилдилар. Модомики ҳали жума ўқилмаган экан, унга бориб қўшилиш пайидан бўлишлари керак эди. Аммо мазкур ишни қилиш ўрнига жамоат бўлиб пешин ўқишлари жумага бориш ниятлари йўқлигини кўрсатади. Бу эса умуман мумкин эмас.
Агар пешинни ўқиган одам жумага ҳаракат қилганда имом жумада турган бўлса, пешини ботил бўлади.
Биров жумадан олдин пешинни ўқиб олди. Кейин жумага боришга ҳаракат қилиб қолди. Агар у ҳаракатни бошлаганида имом жуманинг амалларини бажариб турган бўлса, ўқиган пешини ботил бўлади. (Бориб имом билан жума ўқийди. Улгурмаса, пешинни қайтадан ўқийди).
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077