Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Шукр саждаси

15:13 / 26.12.2015 | Omilxoja | 11170

Ассалому алайкум! Аллоҳ рози бўлсин сизлардан. Шукр саждаси ҳақида билмоқчи эдим. Олдиндан раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

ШУКР САЖДАСИ 

 عَنْ أَبِي بَكْرَةَ  رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ  صلي الله عليه وسلم أَنَّهُ كَانَ إِذَا جَاءَهُ أَمْرُ سُرُورٍ أَوْ بُشِّرَ بِهِ خَرَّ سَاجِدًا شَاكِرًا ِللهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَلَفْظُهُ: أَتَى النَّبِيَّ  صلي الله عليه وسلم أَمْرٌ فَسُرَّ بِهِ فَخَرَّ ِللهِ سَاجِدًا

618. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир хурсандчилик иш(нинг хабари) келса ёки у ҳақда башорат берилса, Аллоҳга шукр қилиб, саждага йиқилар эдилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Термизийнинг лафзида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хурсанд бўладиган ишнинг (хабари) келган эди, Аллоҳга сажда қилиб, йиқилдилар», дейилган. Шарҳ: Ҳар бир неъмат учун Аллоҳга шукр қилиш мусулмон банданинг бурчидир. Алоҳида катта хурсандчиликка сабаб бўлинганда эса алоҳида катта шукр қилиш керак бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу алоҳида шукрни шукр саждаси билан амалга оширганлар. Шунинг учун сиз билан биз ҳам шундай пайтларда шукр саждасини қилишга одатланмоғимиз керак.

عَنْ عَامِرِ بْنِ سَعْدٍ، عَنْ أَبِيهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: خَرَجْنَا مَعَ النَّبِيِّ  صلي الله عليه وسلم مِنْ مَكَّةَ نُرِيدُ الْمَدِينَةَ، فَلَمَّا كُنَّا قَرِيبًا مِنْ عَزْوَرَا نَزَلَ ثُمَّ رَفَعَ يَدَيْهِ فَدَعَا اللهَ سَاعَةً، ثُمَّ خَرَّ سَاجِدًا فَمَكَثَ طَوِيلًا، ثُمَّ قَامَ فَرَفَعَ يَدَيْهِ فَدَعَا اللهَ سَاعَةً، ثُمَّ خَرَّ سَاجِدًا فَمَكَثَ طَوِيلًا، ثُمَّ قَامَ فَرَفَعَ يَدَيْهِ سَاعَةً، ثُمَّ خَرَّ سَاجِدًا ثُمَّ قَالَ: إِنِّي سَأَلْتُ رَبِّي وَشَفَعْتُ لِأُمَّتِي فَأَعْطَانِي ثُلُثَ أُمَّتِي فَخَرَرْتُ سَاجِدًا شُكْرًا لِرَبِّي، ثُمَّ رَفَعْتُ رَأْسِي فَسَأَلْتُ رَبِّي لِأُمَّتِي فَأَعْطَانِي ثُلُثَ أُمَّتِي فَخَرَرْتُ سَاجِدًا شُكْرًا لِرَبِّي، ثُمَّ رَفَعْتُ رَأْسِي فَسَأَلْتُ رَبِّي لِأُمَّتِي فَأَعْطَانِي الثُّلُثَ الْآخِرَ فَخَرَرْتُ سَاجِدًا لِرَبِّي. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ. وَاللهُ أَعْلَمُ

619. Омир ибн Саъддан, у киши ўз отаси розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Маккадан Мадинага бормоқни ирода қилиб, чиқдик. Азварога яқинлашганимизда у зот тушиб, икки қўлларини кўтариб, бир муддат Аллоҳга дуо қилдилар. Сўнгра саждага йиқилдилар ва узоқ қолдилар. Сўнгра туриб, икки қўлларини кўтариб, Аллоҳга бир муддат дуо қилдилар. Сўнгра саждага йиқилдилар ва узоқ қолдилар. Сўнгра туриб, икки қўлларини бир муддат кўтариб турдилар. Сўнгра саждага йиқилдилар. Ке¬йин эса: «Мен Роббимдан умматимга шафоат сўрадим. Бас, менга умматимнинг учдан бирини берди. Мен Роббимга шукр қилиб, саждага йиқилдим. Сўнгра бошимни кўтариб, Роббимдан умматим учун (шафоат) сўрадим. Бас, менга умматимнинг учдан бирини берди. Мен Роббимга шукр қилиб, саждага йиқилдим. Сўнгра бошимни кўтариб, Роббимдан умматим учун (шафоат) сўрадим. Бас, менга охирги учдан бирини берди. Мен Роббимга саждага йиқилдим», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Шарҳ: «Азваро» – Мадинаи Мунавварага яқин жойнинг номи. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Қалбга дуо қилиш тушиб қолганда Аллоҳ таолога астойдил дуо қилиш кераклиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирдан уловдан тушиб, дуо қилиб қолганликлари шуни кўрсатади. 2. Аллоҳга дуо қилаётганда икки қўлни кўтариш, ўзини хор тутиш кераклиги. 3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуолари қабул бўлганининг билдирилиши. 4. Хурсандчилик хабари етганда шукр саждаси қилиш. 5. Аллоҳ таоло сўраган нарсанинг бир қисмини берса, яна сўрашда давом этавериш. 6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга барча умматларини шафоат қилиш ҳаққи берилганлиги. 7. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига меҳрибонликлари.

ХУЛОСА 

Шукр саждаси ҳам тиловат саждасига ўхшаш бўлади. Сажда қилиб, Аллоҳ таолога лойиқ ҳамду сано айтилади. Имом Моликдан бошқа ҳамма уламолар «Бир неъмат ҳосил бўлганда ёки бало-офат даф бўлганда, шукр саждаси қилиш суннатдир», деганлар. Жаброил алайҳиссалом ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга битта саловот айтса, Аллоҳ ўша одамга ўн саловот айтишини хабар қилганларида у зот шукр саждаси қилганлар. Биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Исломнинг ашаддий душмани – Мусайламатул Каззобнинг қатл этилганлиги ҳақида хабар келганда шукр саждаси қилганлар. Али  ибн  Абу  Толиб  розияллоҳу  анҳу  Зул Садяйни деган одамнинг хаворижлар ичида ўлиб ётганини кўрганларидан кейин шукр саждаси қилганлар. Чунки у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Уруш қилган икки мусулмон  тоифадан  қайси  бирининг  ичида  Зул Садяйни бўлса, ўша тоифа залолатда бўлади» деган маънодаги ҳадисни эшитган эдилар. Шунинг учун хаворижлар билан бўлган урушдан кейин ҳазрати Али ўликлар ичидан ўша одамни излашни буюрганлар. Ҳамма ўликларни бирма-бир қараб чиқишган. Охирги ўликни ҳам ағдариб қараганларида унинг тагидан Зул Садяйнининг жасади чиққан. Ҳазрати Али ўз душманлари –  хаворижлар адашган тоифа эканлигига ишонч ҳосил қилганларидан кейин шукр саждаси қилганлар.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat