Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Бeмор кишининг намози ҳақида

18:15 / 28.04.2016 | Otabek Ashurov | 3525

Ассалому алайкум ҳурматли устозлар онам анчадан бeри бeтоблар туриб намоз ўқий олмайдилар, шунинг учун мeнга ётиб намоз ўқиш қоидаларини тўлиқ тушунтириб бeрсангизлар. Яъни қўл қаeрда туриши кeрак, имо ишора қилганда каллани қимирлатиш кeракми ва ҳокозлар.
2. Кўп сувда ювинсалар ҳам бўлмайди, таяммум қилиб намоз ўқисалар бўладими?
3. Таяммум қилганларида юзи ва қўлларига масҳ тортсалар бўлдими? Илтимос тeзроқ жавоб бeринглар.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! 1). 

БЕМОРНИНГ НАМОЗИ ҲАҚИДАГИ ФАСЛ

 إِنْ تَعَذَّرَ الْقِيَامُ لِمَرَضٍ حَدَثَ قَبْلَ الصَّلَاةِ أَوْ فِيهَا، صَلَّى قَاعِدًا يَرْكَعُ وَيَسْجُدُ. وَإِنْ تَعَذَّرَا مَعَ الْقِيَامِ أَوْمَأَ بِرَأْسِهِ قَاعِدًا إِنْ قَدَرَ، وَلَا مَعَهُ فَهُوَ أَحَبُّ، وَجَعَلَ سُجُودَهُ أَخْفَضَ مِنْ رُكُوعِهِ.وَلَا يَرْفَعُ شَيْئًا لِيَسْجُدَ عَلَيْهِ، وَإِلَّا فَعَلَى جَنْبِهِ مُتَوَجِّهًا، أَوْ عَلَى ظَهْرِهِ كَذَا، وَذَا أَوْلَى. وَالْإِيمَاءُ بِالرَّأْسِ، فَإِنْ تَعَذَّرَ أَخَّرَ. وَمُومٍ صَحَّ فِي الصَّلَاةِ اسْتَأْنَفَ، وَقَاعِدٌ يَرْكَعُ وَيَسْجُدُ صَحَّ فِيهَا، بَنَى قَائِمًا. صَلَّى قَاعِدًا فِي فُلْكٍ جَارٍ بِلَا عُذْرٍ صَحَّ. وَفِي الْمَرْبُوطِ لَا، إِلَّا بِعُذْرٍ.جُنَّ أَوْ أُغْمِيَ عَلَيْهِ يَوْمًا وَلَيْلَةً، قَضَى مَا فَاتَ وَإِنْ زَادَ سَاعَةً لَا  

Намозда ундан аввал ёки унинг асносида пайдо бўлган беморлик сабабли тик туриш узрли бўлиб қолса, ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда қилиб ўқийди. Агар рукуъ ва сажда ҳамда қиём узрли бўлиб қолса, ўтиришга қодир бўлса, ўтириб, боши билан имо қилади. Тик туришга қодир бўлиб, рукуъ ва сажда қилиш узрли бўлиб қолса, ўтириб имо қилиш маҳбубдир. Саждасини рукуъсидан пастроқ қилади. Сажда қилиш учун бирор нарсани кўтармайди. Агар ўтиришга ҳам қодир бўлмаса, қиблага юзланган ҳолда, ёнбошлаб ёки чалқанча тушиб ўқийди. Чалқанча ҳол яхшироқдир. Имо бош билан бўлади. Агар бош билан имо қилиш ҳам узрли бўлса, кечга суради. Имо қилаётган одам намоз ичида тузалиб қолса, намозни янгитдан ўқийди. Ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда ила намоз ўқиётган одам намоз ичида тузалиб қолса, тик турган ҳолда давом эттиради. Юриб бораётган кемада узрсиз ўтириб намоз ўқиса, тўғри бўлади. Боғланган кемада тўғри бўлмайди. Илло, узр бўлса, тўғри бўлади. Бир кечаю бир кундуз жинни бўлган ёки ҳушидан кетган одам ўтган намозларни қазо қилади. Агар бир соат зиёда бўлса ҳам, қазо қилмайди. Аллоҳ таоло бандаларни тоқатларидан ташқари амалларга буюрмайди. Уларнинг ҳолатларини эътиборга олади. Бемор бўлиб қолган кишининг беморлиги ҳисобга олинади. Намоз ўта аҳамиятли ибодатдир, уни вақтинчалик бўлса ҳам тарк қилиб бўлмайди. Агар шундай қилинса, банда намоздан узоқлашиб қолади. Намоздан узоқлашиш эса Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқлашишдир. Айниқса бемор банда Аллоҳ таолога ёлвориши, Унинг раҳматидан умидвор бўлиши матлубдир. Шунинг учун бемор киши ҳам имкони борича намозини ўқийверади. Бу ҳам Исломнинг енгиллик дини эканининг ёрқин далилидир. Келаси сатрларда ушбу масалани батафсил ўрганишга ҳаракат қиламиз. Намозда ундан аввал ёки унинг асносида пайдо бўлган беморлик сабабли тик туриш узрли бўлиб қолса, ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда қилиб ўқийди. Агар беморлик туфайли тик туриб намоз ўқиш имкони бўлмаса ёки тик турса беморлиги зиёда бўлиш хавфи бўлса, тузалиши орқага сурилса, тик турганда шиддатли алам бўлса ёхуд боши айланса, ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда қилиб намоз ўқийди. Бу ҳукмга далил қуйидагича:

 عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رضي الله عنه قَالَ: كَانَتْ بِي بَوَاسِيرُ، فَسَأَلْتُ النَّبِيَّ صلي الله عليه وسلم عَنِ الصَّلَاةِ، فَقَالَ: «صَلِّ قَائِمًا، فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَقَاعِدًا، فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَعَلَى جَنْبٍ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менинг бавосирим бор эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз ҳақида сўрадим. У зот: «Тик туриб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ўтириб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ёнбошлаб ўқи», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган. 

Агар рукуъ ва сажда ҳамда қиём узрли бўлиб қолса, ўтиришга қодир бўлса, ўтириб, боши билан имо қилади. Ўрнидан туриб намоз ўқий олмайдиган одам ўтирган ҳолида рукуъ ва сажда қила олмаса, ўтирган ҳолида имо билан намоз ўқийди. Тик туришга қодир бўлиб, рукуъ ва сажда қилиш узрли бўлиб қолса, ўтириб имо қилиш маҳбубдир. Рукуъ ва сажда қила олмаса-ю, тик туришга қодир бўлса ҳам, ўтириб, имо билан намоз ўқийди. Ўтирган ҳолда имо билан намоз ўқиш тик туриб имо билан намоз ўқишдан яхшидир. Чунки ўтирганда ерга яқин бўлади. Имо билан намоз ўқиган одам Саждасини рукуъсидан пастроқ қилади. Чунки аслида ҳам сажда рукуъдан паст бўлади. Сажда қилиш учун бирор нарсани кўтармайди.

 رَوَى الْبَزَّارُ وَالْبَيْهَقِيُّ عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه وَالطَّبَرَانِيُّ عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ  صلي الله عليه وسلم عَادَ مَرِيضًا، فَرَآهُ يُصَلِّي عَلَى وِسَادَةٍ، فَأَخَذَهَا فَرَمَى بِهَا، فَأَخَذَ - أَيِ الْمَرِيضُ- عُودًا لِيُصَلِّي عَلَيْهِ، فَأَخَذَهَا فَرَمَى بِهِ، وَقَالَ: «صَلِّ عَلَى الْأَرْضِ إِنِ اسْتَطَعْتَ، وَإِلَّا فَأَوْمِ إِيمَاءً، وَاجْعَلْ سُجُودَكَ أَخْفَضُ مِنْ رُكُوعِكَ» 

Баззор ва Байҳақий Жобир розияллоҳу анҳудан, Табароний Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир беморни кўргани бордилар. Унинг болиш устига намоз ўқиётганини кўриб, уни олиб, отиб юбордилар. У – яъни бемор – бир чўпни олиб, ўшанга сажда қилмоқчи бўлди. Ул зот уни ҳам олиб, отиб юбордилар ва: «Агар қодир бўлсанг, ерга сажда қил. Бўлмаса имо қил. Саждангни рукуъингдан пастроқ қил», дедилар». 

Имо билан намоз ўқувчи бир нарсага бошини эгиб, пешонасини қўйиб сажда қилса дуруст. Аммо бошини эгмасдан, ҳалиги нарсани пешонасига олиб бориб теккизса бўлмайди. Агар ўтиришга ҳам қодир бўлмаса, қиблага юзланган ҳолда, ёнбошлаб ёки чалқанча тушиб ўқийди. Чалқанча тушганда оёғини қиблага қаратиб, тиззаларининг остига бирор нарса қўйиб, бир оз кўтариб қўйилади. Шунда қиблага оёғини чўзмаган бўлади. Бошининг остига ёстиқ қўйиб, юзи қиблага қаратилади. Чалқанча ҳол яхшироқдир. Шунда имоси Каъба тарафга бўлади. Имо бош билан бўлади.  Қош ёки кўз билан бўлмайди. Агар бош билан имо қилиш ҳам узрли бўлса, кечга суради. Аммо намоз соқит бўлмайди. Қодир бўлганда унинг қазосини ўқиб беради. Агар ўша беморликдан тузалмай вафот қилса, афв қилинади. Фидя бериш ҳам лозим бўлмайди. Имо қилаётган одам намоз ичида тузалиб қолса, намозни янгитдан ўқийди. Шунингдек, ёнбошлаб ўқиётган одам ўтиришга қодир бўлиб қолса ҳам, намозни ўтирган ҳолда янгитдан бошлайди. Ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда ила намоз ўқиётган одам намоз ичида тузалиб қолса, тик турган ҳолда давом эттиради.Юриб бораётган кемада узрсиз ўтириб намоз ўқиса, тўғри бўлади.  Агар кема кичик бўлиб, унда бош айланиши ва турғунсизлик муҳаққақ бўлса, ўтириб намоз ўқиш жоиз. Аммо кемада тик туриб ўқиш имкони бўлса, тик туриб ўқиган афзал.

 رَوَى الدَّارَقُطْنِيُّ وَالْحَاكِمُ: أَنَّ النَّبِيَّ صلي الله عليه وسلم سُئِلَ: كَيْفَ أُصَلِّي فِي السَّفِينَةِ؟ فَقَالَ: صَلِّ قَائِمًا إِلَّا أَنْ تَخَافَ الْغَرَقَ

Имом Дора Қутний ва Ҳоким қилган ривоятда айтилишича:

«Набий алайҳиссаломдан:«Кемада қандай қилиб намоз ўқийман?» деб сўралди. «Тик туриб ўқи, ғарқ бўлишдан қўрқсанггина (ўтириб ўқи)», дедилар». Боғланган кемада тўғри бўлмайди.  Яъни боғланган кемада узрсиз ўтириб намоз ўқиш тўғри эмас. Чунки одатда боғланган кемада бош айланмайди ва тик туриш қийин бўлмайди. Илло, узр бўлса, тўғри бўлади. Яъни боғланган ҳолда ҳам кема қаттиқ чайқалиб турган бўлса, унда ўтириб намоз ўқиш тўғри бўлади. Бир кечаю бир кундуз жинни бўлган ёки ҳушидан кетган одам ўтган намозларни қазо қилади. Ибн Умар, Аммор ибн Ёсир ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳум ўзларидан кетганларидан кейин ҳушларига келганларида намозни қазо қилиб ўқиганлар. 

رَوَى الدَّارَقُطْنِيُّ عَنْ يَزِيد مَوْلَى عَمَّارِ بْنِ يَاسِرٍ: أَنَّ عَمَّارَ بْنَ يَاسِرٍ أُغْمِيَ عَلَيْهِ فِي الظُّهْرِ وَالْعَصْرِ وَالْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ، وَأَفَاقَ نِصْفَ اللَّيْلِ فَقَضَاهُنَّ

Дора Қутний Аммор ибн Ёсирнинг мавлоси Язиддан ривоят қилади:

«Аммор ибн Ёсир пешин, аср, шом ва хуфтонда ҳушидан кетиб ётди. Ярим кечада ўзига келди ва ҳаммасини қазо қилди». Агар бир соат зиёда бўлса ҳам, қазо қилмайди. 

Бу ердаги «соат» олтмиш дақиқани эмас, бир оз муддатни билдиради. Яъни мазкур икки ҳолат бир кечаю бир кундуздан бир оз ўтиб кетса, намозларнинг қазосини ўқимай қўяверади.("Кифоя" китобидан). 

2). Сув зарар қилса таяммум қилиб намоз ўқиса бўлади. 

3). Юзи ва қўлларига масҳ тортса бўлади. Сув етадиган жойларига тўлиқ масҳ тортишлари шарт. Буни сиз ўйлаганчалик қийин жойи йўқ. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat