Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Тошкентда чоп этилган ҚУРъОНИ КАРИЙМ

00:00 / 06.05.2012 | eski savollar | 793
Ҳурматли Шайх Ҳазратлари!Яқинда Тошкентда "Мовароуннаҳр" нашриётида чоп этилган ҚУР'ОНИ КАРИЙМ (Абдурроҳманий) нусхасини учратдим. Мен шу пайтгача Мадийнада чоп этилган ҚУР'ОНИ КАРИЙМ нусхасидан ўқир эдим. Ушбу Мадийнада чоп этилган ҚУР'ОНИ КАРИЙМ нусхасида "Жийм", "СЛИ", "ҚЛИ" белгилари мавжуд. Лекин Тошкентда "Мовароуннаҳр" нашриётида чоп этилган ҚУР'ОНИ КАРИЙМ (Абдурроҳманий) нусхасида Мадийнада чоп этилган ҚУР'ОНИ КАРИЙМ нусхасидан фарқлим ўлароқ оятлар охирида ёки ичида "ЛА", "То (Итқи)", "Қоф", "ҚИФ", "Сод", "За", "ВҚФ", "ъАйн" каби белгиларини учратдим. Тажвид китобларида бу белгилар ҳақида ма'лумот топмадим. Ҳурматли Устоз! Имкони бўлса мана шу белгилар ҳақида батафсил ма'лумот берсангиз. Ушбу белгилар нима сабабдан қўйилган?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Саволингизга жавоб беришни Шайх ҳазратлари бизга топширгани боис, қуйидаги сатрларни сизга тақдим қилишга ижозат бергайсиз.Қуръони каримда вақф қилиш ўринлари асосан устозлардан таълим олиш асосида ўрганилсада, Қуръоннинг барҳаётлиги, маъноларининг кенглиги, бардавом ўрганилиши каби омиллардан келиб чиқиб, вақф ва ибтидо ўринларини аниқлашда ижтиҳодга ҳам катта йўл очиб қўйилган. Одатда қироат илми уламолари вақф ўринларини оятларнинг тафсирига кўра белгилайдилар. Тафсир эса ижтиҳоднинг бир туридир.Вақф илми уламолари вақф ўринларини тақсимлашда турлича йўл тутганлар. Баъзилари уларни учга бўлса, бошқалари тўрт ёки бешга ажратган ва ҳар бир тур вақф учун алоҳида рамз қабул қилган. Баъзан эса хаттотлар мазкур мазҳаблардан бирини танлаб, ўзлари ёзаётган мусҳафда ўша мазҳабдаги вақф турларининг ҳар бири учун алоҳида бир белги қўллаган. Шундоқ қилиб мусҳафлардаги вақф белгилари турлича акс этган.Мадина мусҳафида вақф белигаларини қабул қилишда Азҳар уламолари қабул қилган услубга, аниқроғи, Мисрнинг Малик Фуад номли мусҳафига асосланилган. Ундаги белгиларни аллома Муҳаммад ибн Алий ибн Халаф Ҳусайний сайлаган эди. У бунда вақф илмалари билимдони Муҳаммад ибн Тайфур Сижовандийнинг (ваф. 560ҳ) вақф белгиларидан фойдаланган ва кўпчиликка осон бир йўлни тутган.Сиз "Абдурраҳмоний" деб айтган мусҳафларда ва ундан олдинги бизда мавжуд бўлган мусҳафларда вақф белгилари Сижовандийнинг тақсимотига кўра қўйилган. У киши вақф, яъни қироат асносида ёки якунида ихтиёрий равишда тўхташни беш турга ажратган:1. Лозим. Вақф қилиш лозим ўринлар. Бунда агар вақф қилинмаса маъно ўзгариб кетади. Бунинг белгиси кичик мим ҳарфидир.2. Мутлақ. Вақф қилиб, кейинги калимадан ибтидо қилиб ўқиш яхши санаглан ўринлар. Бошқача қилиб айтганда, васл қилиш мумкин бўлсада, вақф афзал ҳисобланган ўринлар. Бу "то" (итқи) ҳарфи билан кўрсатилади.3. Жоиз. Бунда васл ва вақф бир хил даражага эга. Буниннг белгиси "жим" ҳарфи.4. Бир важҳ, яъни қарашга кўра жоиз ўринлар. Оятни таркиблашда, грамматик таҳлил қилганда икки хил таҳлил мумкин бўлиб, унинг бир турига кўра ушбу ўринда вақф қилиш жоиз бўлиб чиқади. Бу "за" ҳарфи билан кўрсатилади.5. Зарурат юзасидан рухсат берилган ўринлар. Бунда жумла аслини олганда кейингисига боғлиқ бўлсада, нафас етмай қолиши ва оятнинг ўта узунлиги эътиборидан зарурат юзасидан вақфга рухсат берса бўладиган ҳолат мавжуд бўлади. Чунки кейинги жумла мустақил равишда ҳам маъно англата олади. Шу боис, бундай ўринларда вақф қилинганда олдинги жумладан қайта ўқиш шарт бўлмайди. Бундай ўринларда "сод" ҳарфи қўйилади."Қоф" ҳарфи заиф қарашга кўра вақф қилиш ҳам мумкин ўринларга қўилади. Бу белгини жумҳур уламолар алоҳида ажратиб ўтирмаган, васл афзал деб айтилган белиги билан ифодалашган."Қиф" белгиси шу ерда тўхташ мустаҳаб эканини, айрим тадқиқотчиларнинг айтишича, вақф лозим эканини билдиради, васл қилса ҳам зарари йўқ.Мазкурлардан бошқа ўринларда вақф қилинмайди ва айнан вақф қилиш жоиз бўлмаган ўринларга ламалиф бирикмаси (ло) қўйилади.Мадина мусҳафида Абу Амр, Ибн Жазарий каби ҳар бир оятдан ваф қилиш суннат, деб билиб, шунга кўра, ҳар оятда вақф қилишни маъул кўрган уламоларга эргашилган. Шу боис, унда оятлар охирида вақф белгилари ишлатилмаган. Аммо Абдураҳмоний мусҳафларда Сижовандийнинг мазҳаби ушланган. Унга кўра, ҳар бир сура вақф борасида бир оят каби эътибор қилинади ва шундан келиб чиқиб, оятлар охирига ҳам вақф белгилари қўйилади.Абдураҳмоний ва яна бошқа айрим мусҳафлардаги "айн" белгиси "рукуъ" сўзининг айни ҳисобланади. Яъни, бу намозга ўқилганда шу ер рукуъ қилиш учун муносиб деганидир. Чунки бу белги маълум бир мавзунинг тугаганини ва янги мавзу бошланаётганини билдиради. Шу боис, сура охирига албатта қўйилади.Бу каби белгиларни уламолар кишиларга Қуръонни тўғри ўқишни ва кўпроқ савобга эришишларини осонлаштириш мақсадида жорий қилганлар. Буларнинг барчаси Ислом умматининг Қуръони каримга мисли кўрилмаган даражада катта эътибор берганини кўрсатади. Биз ҳозир қисқача сўз юритган ушбу мавзуда алоҳида китоблар ёзилган, илмий ишлар ҳимоя қилинган. Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat