Ҳанафий мазҳаби асосидаги фиқҳий китоблар жуда кўп. Улардаги ҳукм ва фатволар ҳам кўп. Устоз, ибодат, муомалот ва бошқа диний ҳамда ҳаётий муомалаларда ҳукм чиқариш ва амал қилишда иккита ҳукм ёки фатво бир бўлиб қолса, шундан қай бири олинади? Мисол учун, бир масжид имомидан фатво сўралса, у ўзи билган илми асосида фатво беради. Бошқа масжид имоми ёки ўзга бир олимнинг айнан шу масала бўйича фатвоси биринчисидан тамоман бошқача бўлиши мумкин. Мисол келтирадиган бўлсак, намоз, рўза ва бошқа ибодатларни бажариш бўйича ҳукмлар бир китобда бошқача, бошқа китобда яна бошқача келиши мумкин. Бир китобда бир амал «суннат» дейилса, бошқасида «мустаҳаб», дейилган бўлиши ҳам мумкин. Фатво ва шариат ҳукмларининг ҳам даражалари борми? Доимий амал қилишда қандай ҳукмлар олинади?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
ҲАНАФИЙ ФАҚИҲЛАРНИНГ ТАБАҚАЛАРИ
Албатта, «фақиҳ» номини олган ҳамманинг ҳам даражаси бир хил эмас. Балки улар турли табақаларга бўлинадилар ва ўша табақаларда уларнинг даражалари билинади. Шунинг учун фиқҳ илми толиблари бу табақаларни яхши билиб олишлари лозим.
Биринчи табақа. Бу табақага шариат миқёсида ижтиҳод қилган улкан имомлар, мазҳаббоши фақиҳлар ва уларнинг даражасидаги зотлар кирадилар. Тўрт мазҳаб бошлиғи бўлган имомларимиз мана шу биринчи табақага кирадилар. Улар фиқҳнинг асл қоидаларини ишлаб чиқадилар, шаръий далиллардан фаръий ҳукмларни истинбот қиладилар. Улар ҳеч кимга тақлид қилмайдилар. Бу табақа ижтиҳоднинг энг олий табақасидир.
Иккинчи табақа. Мазҳаб мужтаҳидлари табақаси. Бу табақа фақиҳлари биринчи табақа соҳибларининг шогирдларидан чиққан. Мисол учун, Абу Ҳанифанинг шогирдлари Абу Юсуф ва Муҳаммад иккинчи табақага кирадилар. Бу табақадаги фақиҳлар шаръий далиллардан ўз устозлари ишлаб чиққан қоидалар асосида шаръий ҳукмларни чиқарадилар. Улар асосий қоидаларга тегмаган ҳолда баъзи фаръий (жузъий, иккиламчи) ҳукмларда устозларига хилоф қилишлари мумкин. Агар асл қоидаларда хилоф қилса, мазҳабдан чиққан бўлади.
Учинчи табақа. Мазҳаббоши имомдан ривоят қилинмаган масалаларда ижтиҳод қиладиган фақиҳлар табақаси. Бу табақадаги мужтаҳидларга ҳанафий мазҳабида Хассоф, Таҳовий, Абул Ҳасан Кархий, Шамсул Аимма Ҳалвоний, Шамсул Аимма Сарахсий, Фахрул Ислом Баздавий, Фахруддин Қозихон ва бошқалар кирадилар. Бу табақадаги фақиҳлар шайхларга аслларда ҳам, фаръларда ҳам хилоф қила олмайдилар. Улар ўз шайхлари ишлаб чиққан қоидалар асосида мазкур шайхлардан бирорта ҳам ривоят қолмаган масалаларда ҳукмлар чиқарадилар. Бу табақа ижтиҳод табақаларининг энг пасти ҳисобланади.
Тўртинчи табақа. Бу табақадаги фақиҳлар ижтиҳод даражасига етмаган бўладилар. Уларга фақиҳларимиздан Розий мисол бўла олади. Улар «асҳоби таржиҳ» деб аталадилар. Улар ўзлари ижтиҳод қила олмасалар ҳам, усулни тушунганликлари ва ҳукмни қаердан олишни билганликлари учун икки томонга буриб юбориш мумкин бўлган гапларнинг қай бири тўғри эканлигини аниқлаш ва шунга ўхшаш майда ишларни қиладилар.
Бешинчи табақа. Тақлидчи фақиҳлардан таржиҳ соҳиблари табақаси. «Таржиҳ» сўзи «бир нарсадан бошқасининг устунлигини аниқлаш» деган маънони англатади. Бу табақадаги уламолар бир ҳукмнинг иккинчисидан устун эканлигини аниқлашади. Уларга ҳанафий уламолардан Абул Ҳасан Кархий, Бурҳонуддин Марғиноний ва бошқалар кирадилар.
Олтинчи табақа. Кучли ва ўта кучли, мазҳабда бор ва заиф, зоҳир ривоят билан нодир ривоят орасидаги фарқни биладиган уламолар табақаси. «Канз», «Мухтор», «Мажмаъ» ва «Виқоя» каби китобларнинг муаллифлари худди мана шу табақадаги фақиҳлар ҳисобланадилар. Улар ўз китобларида номақбул гаплар ва заиф ривоятларни нақл қилмайдилар.
Еттинчи табақа. Семиздан ориқни, ҳўлдан қуруқни, ўнгдан чапни ажрата олмайдиган тақлидчилар табақаси. Буларга мутлақо яқинлашмаслик зарур.
Китоблардан фойдаланишда уларнинг муаллифларига эътибор бериш, кўпчилик уламоларнинг таҳсинига сазовор бўлган китобни ихтиёр қилиш зарур.
Агар бир масалада Абу Ҳанифа бир тараф, Абу Юсуф ва Муҳаммад бир тараф бўлиб қолса, хоҳлаган тарафни олавериш мумкин.
Агар Абу Ҳанифа икковларидан бири билан бўлиб, бирлари ёлғиз қолса, Абу Ҳанифа бор тараф қабул қилинади.
ҲАНАФИЙ КИТОБЛАРНИНГ МАРТАБАЛАРИ
Маълумки, ҳанафий мазҳабига оид китоблар бир хил мартабада эмас, балки бу китоблар уч даражага бўлинади.
Биринчи даража. Бу даражадаги китоблар «Усул» деб аталади. Мазкур даражадаги китоблар «Зоҳирур-ривоя» деб ҳам аталади. Улар Имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг қавлларини ўз ичига олган бўлиб, Имом Муҳаммад томонидан таълиф қилинган. Улар қуйидаги китоблар:
1. «Китобул асл». Унинг иккинчи номи – «Мабсут».
2. «Китобуз-зиёдот».
3. «Китобул Жомеъус-Сағийр».
4. «Китобул Жомеъул-Кабийр».
5. «Китобус-сиярис-Сағийр».
6. «Китобус-сиярил-Кабийр».
Иккинчи даража. Бу даражадаги китоблар «Наводир» деб аталади. Улар мазҳабнинг катта имомларидан ривоят қилинган бўлиб, мазкур олти китобга кирмай қолган масалалардир.
Наводир китобларга Имом Муҳаммаднинг ўша машҳур олти китобидан бошқа «Касаниёт», «Ҳоруниёт», «Журжониёт», «Руқайёт» китоблари ва Ҳасан ибн Зиёднинг китобларига ўхшаш китоблар киради.
Машҳур олим Ибн Обидин бу ҳақда қуйидагиларни ёзади: «Ўшандоқ китоблар жумласига Абу Юсуфнинг Амолий китоблари киради. «Амолий» «имло»нинг жамидир. Бунда мужтаҳид ўтирганда унинг атрофига шогирдлари қоғоз-қаламларини олиб ўтирадилар. Сўнг олим илмда Аллоҳ унга билдирган нарсаларни ёддан гапиради. Шогирдлар уларни ёзиб боради. Кейин ёзган нарсаларини жамлаб, китоб қиладилар. Ана ўшани «Имло» ёки «Амолий» деб атайдилар. Ўтган фуқаҳо, муҳаддис ва араб тили олимларининг шундай одати бор эди».
Бу даражадаги китоблар аввалги даражадаги китоблардан паст ҳисобланади. Агар бир масала усулда ва наводирда келган бўлса, усулдагиси олинади.
Учинчи даража. Фатволар ва воқеалар китоблари. Бунда кейин келган мужтаҳидлар мазҳабнинг аввалги мужтаҳидларидан ривоят келмаган масалаларда ўзларидан савол сўралганда берган жавоблари йиғилган бўлади. Кейин келган мужтаҳидлардан мурод – Абу Юсуф ва Муҳаммад ҳамда улардан сўнг келганларнинг асҳобларидир. Улар кўпчилик бўлиб, хабарлари табақот китобларида келган.
Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимонинг асҳобларига Исом ибн Юсуф, Ибн Рустам, Муҳаммад ибн Самоъа, Абу Сулаймон Жавзжоний, Абу Ҳафс Бухорий ва улардан кейин келган Муҳаммад ибн Салама, Муҳаммад ибн Муқотил, Нусайр ибн Яҳё, Абу Наср Қосим ибн Салломга ўхшаш уламолар кирадилар.
Улар ўзларига зоҳир бўлган далил ва сабабларга кўра мазҳаб соҳибларига хилоф қилишлари мумкин. Уларнинг фатволарини дастлаб Абу Лайс Самарқандий «Навозил» китобида жамлаган. Кейин машойихлар бошқа китобларни жамладилар. Мисол учун, Нотифий «Мажмауъул навозил» ва «Воқеот»ни, Содр Шаҳид «Воқеот»ни жамлаган.
Кейинги уламолар аралаш китоблар қилдилар. Бунга «Фатовои Қозихон» китоби мисол бўлади. Баъзилар эса Розийиддин Сарахсий ўзининг «ал-Муҳийт» китобида қилганига ўхшаб, ҳар бир соҳани айри-айри келтирди. У аввал усулга оид масалаларни келтириб, кейин наводирларни келтирган.
Албатта, фатволар ва воқеотларнинг мартабаси усул ва наводирнинг мартабасидан пастдир. Чунки усул ва наводирлар мазҳаб соҳибларининг қавлларидир. Фатво ва воқеотлар эса мазҳаб соҳибларининг қавллари асосида уларнинг издошлари ечган масалалардир.
Мазкур уч қисмнинг қўшилишидан ҳанафий мазҳаби ташкил топади.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077