Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Кўзимга ёш келиши

13:47 / 19.10.2015 | Шахобиддин | 3247

Ассаламу алайкум! Устозлар. Мен баъзи бир жанозларда қатнашган чоғимда кўзларимга йиғи келади. Баъзида дунёдан ўтган жигар бандларимни эслаб ҳам ёш келади. Ҳазратимизнинг жаноза маросимларини видеоларни кўрсам ҳам такрор-такрор йиғлагим келади. Бу ҳолатлар Раҳмоннинг биз ожиз бандаларига берган фазлими? Савол бироз ноўрин бўлса узр.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Бу мижозга боғлиқ. Баъзилар кўнгли бўш, киноларни кўриб ҳам йиғлаб юборади, лекин бирор марта намоз ўқиганини кўрмайсиз. Баъзилар эса ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини тутиб тура олади. Агар ибодатда ҳам бўлиб, Аллоҳ таоло ёшланувчи кўзни берса, бу қандай ҳам бахт. Аллоҳ таоло “Моида” сураси 83-оятида : "Расулга нозил қилинган нарсани тинглаганларида, ҳақни билганларидан кўзлари тўлиб ёш тўкаётганини кўрасан. Дерлар: «Роббимиз, иймон келтирдик, бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин". Мўминларга дўстлиги яқинроқ бўлган насоролар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ томонидан нозил қилинган Қуръони Каримни тинглаганларида кўзларидан ёш тўкадилар. Ҳақиқатни билганларидан йиғлайдилар. Улар йиғлаб қўйиб, яна аввалги ҳолларида бардавом бўлавермайдилар. Балки ўша ўзлари билган ҳаққа эргашадилар: «Роббимиз, иймон келтирдик, бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин», – дерлар. Улар бу билан ҳам кифояланиб қолмайдилар, балки бундан ҳам олий мартабаларга интиладилар Яна “Марям” сураси 58-оятида : "Ана ўшалар – Аллоҳ неъматлантирган зотлар набийлардан, Одам зурриётидан, Нуҳ билан бирга (кемада) кўтарганларимиздан, Иброҳим ва Исроилнинг зурриётидан, ўзимиз ҳидоят қилган ва танлаб олганлардандир. Уларга Роҳманнинг ояти тиловат қилинса, йиғлаб, саждага йиқилар эдилар. ۩ Ушбу оят сажда ояти бўлиб, уни ўқиган ёки эшитган одамга қироат саждаси қилиш вожиб бўлади. Ушбу оятда Одам Атодан буён ўтган барча пайғамбарлар – аҳли солиҳ, ҳидоят топган, тўғри йўлда юрган зотлар эсга олинмоқда. Инсоният тарихидаги алоҳида эътиборга сазовор даврлар зикр қилинмоқда. Одам алайҳиссаломнинг замонлари инсониятнинг энди дунёга келиши, унга Аллоҳ томонидан биринчи бор кўрсатма, ваҳий юборилиши давридир. «...Нуҳ билан бирга (кемада) кўтарганларимиздан...» Инсоният йўлдан озиб, бедаво ақийдавий касаликка йўлиққанда, Нуҳ алайҳиссалом эллик кам минг йил даъват қилсалар ҳам, жуда оз одамлардан бошқалари иймонга келмаганидан кейин, Аллоҳ тўфон юбориб, иймонсизларнинг барчасини ҳалок этган, Нуҳ пайғамбар билан нажот кемасида қутулиб қолган инсонлардан янги насл тарқатишни ирода қилган давр алоҳида эсга олинди. «...Иброҳим ва Исроилнинг зурриётидан...» Иброҳим алайҳиссалом, юқорида айтилганидек, ўзларидан кейин келган барча пайғамбарларнинг отаси ҳисобланадилар. Яъқуб алайҳиссалом эса Бану Исроилнинг оталари. Улардан кўплаб пайғамбарлар дунёга келганлар. Иброҳим алайҳиссаломнинг яна бир ўғиллари Исмоил алайҳиссаломнинг авлодидан эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келганлар. Бу зотлар тақволи, жуда ҳассос қалбли бандалар бўлганлар. Аллоҳнинг оятлари тиловат қилиниши билан йиғлаб, ўзларини саждага отганлар. Бу азиз зотлар ана шундай қисмат соҳиби эдилар. Аммо 59."Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда ёмонликка йўлиқурлар". Роҳманнинг ояти тиловат қилинганда, йиғлаб, саждага отиладиган ҳассос зотлар ортидан уларнинг ўринларига нобакор, фосиқ ва бетавфиқ ўринбосарлар келди. Бу бетавфиқ кимсалар намозни зое қилдилар. Намозни зое қилиш, уни ўқимаслик энг катта мусибат эканини ушбу ояти каримадан билиб олса ҳам бўлади. Намозни тарк этган одам ҳар қандай ёмонликдан, гуноҳдан тап тортмайдиган бўлиб қолади. Шунинг учун мазкур нобакор ўринбосарларнинг намозни зое қилганлари зикр этилгандан кейин шаҳватларга эргашганлари баён этилмоқда. Яъни улар ҳавойи нафслари нимани истаса, шуни қиладиган бўлиб қоладилар. Жумладан, ароқхўрлик, зинокорлик, айшу ишрат, ўйин-кулги каби шаҳватлар шулар жумласидандир. Энди улар намозни зое қилиб, шаҳватларига эргашиб юраверадилар. «Бас, тезда ёмонликка йўлиқурлар». Намозни зое қилгач, шаҳватга эргашади. Шаҳватга эргашган залолатга юз буради. Залолатга кетганга эса ҳалокат етади. Лекин, барибир Аллоҳ таоло меҳрибон, уларга яна бир бор имкон бериб, тавба эшигини очди: 60. "Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, амали солиҳ қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар ва ҳеч зулм қилинмаслар". Намозни зое қилиб, шаҳватларига эргашиб юрганлардан ким тавба қилса, ношойиста амалидан афсус-надомат чекиб, тамомила тўғри йўлга қайтса, сўнгра иймон келтириб, мўмин бўлса ва яхши амалларни адо этса, ёмонликка учрамайди. Балки «...ана ўшалар жаннатга кирурлар...» Ноил бўлган иймонлари ва адо этган яхши амаллари эвазига жаннатга дохил бўлурлар. Улар кирадиган жаннат 61. "Роҳман Ўз бандаларига ғайбдан ваъда қилган адн жаннатларидир. Албатта, Унинг ваъдаси келувчидир". Улар «адн жаннатлари»га дохил бўладилар. Бу жаннатларни Аллоҳ солиҳ бандаларига ваъда қилгандир. Аллоҳнинг ваъдаси муқаррар келувчидир. Келмасдан қолмас. Яна “Исро” сураси 109-оятида ҳам : 109. "Ва йиғлаб, юзлари ила йиқилурлар ва у хокисорликларини зиёда қилур." ۩ Ушбу оят сажда ояти бўлиб, уни ўқиган ёки эшитган одамга қироат саждаси қилиш вожиб бўлади. Улар аввал одатдагидек сажда қилган бўлсалар, энди йиғлаб сажда этадилар. Қуръони Карим уларнинг хокисорликларини зиёда қилади. Улардан ўрнак олиб юрган мушриклар эса Қуръонга иймон келтирмай юрибдилар. 636- وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: سَبْعَةٌ يُظِلُّهُمُ اللهُ فِي ظِلِّهِ يَوْمَ لَا ظِلَّ إِلَّا ظِلُّهُ: الْإِمَامُ الْعَادِلُ، وَشَابٌّ نَشَأَ فِي عِبَادَةِ رَبِّهِ، وَرَجُلٌ قَلْبُهُ مُعَلَّقٌ فِي الْمَسَاجِدِ، وَرَجُلَانِ تَحَابَّا فِي اللهِ اجْتَمَعَا عَلَيْهِ وَتَفَرَّقَا عَلَيْهِ، وَرَجُلٌ طَلَبَتْهُ امْرَأَةٌ ذَاتُ مَنْصِبٍ وَجَمَالٍ فَقَالَ إِنِّي أَخَافُ اللهَ، وَرَجُلٌ تَصَدَّقَ فَأَخْفَى حَتَّى لَا تَعْلَمَ شِمَالُهُ مَا تُنْفِقُ يَمِينُهُ، وَرَجُلٌ ذَكَرَ اللهَ خَالِيًا فَفَاضَتْ عَيْنَاهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أبَا دَاوُدَ. 636. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло етти кишини Ўз соясидан бошқа соя йўқ Кунда соясига олур: одил имом, ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш, қалби масжидларга боғлиқ киши, Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши, мансаб ва ҳусн-жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда «Мен Аллоҳдан қўрқаман» деган одам, садақани махфий қилиб, ҳатто ўнг қўли қилган садақани чап қўли билмай қолган одам ва холи қолиб, Аллоҳни эслаганда кўзидан ёш оққан одам», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган. Шарҳ: Аллоҳнинг соясидан ўзга соя йўқ Кун – Қиёмат кунидир. Қиёмат кунида иссиқ шиддатли бўлиб, ҳамма ўзи учун соя излаб қолади. Ўшанда Аллоҳнинг соясидан ўзга соя бўлмайди. Аллоҳнинг соясига эса ҳамма ҳам ўзини ололмайди. У Зот Ўзи хоҳлаган бандаларинигина Ўз соясига олур. Ушбу ҳадисда ана шу даҳшатли Қиёмат кунида Аллоҳ Ўз соясига оладиганлардан етти тоифанинг зикри келмоқда: «Аллоҳни холи қолиб эслаганида кўзидан ёш оққан одам». Бу ерда тақводорлик риёкорликдан холи бўлиши ҳақида сўз бормоқда. Кишиларнинг кўзига тақводор бўлиб кўриниш жуда ҳам осон. Кўпчилик олдида Аллоҳни эслаб, кўзидан дув-дув ёш тўкадиганлар оз эмас. Лекин ҳақиқий тақводор ёлғиз ўзи қолганда Аллоҳдан қўрқиб, кўзидан ёш тўкадиган одамдир. Ана шундай даражага етган одамгина ҳақиқий тақводор ҳисобланади. Ана шундай даражага етган одамгина Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг соясидан паноҳ топиш бахтига муяссар бўлади. Аллоҳ таоло бизларни ҳам ўшандай бандалар қаторида қилсин ва ҳадиси шарифда зикр этилган сифатларга соҳиб бўлишимизни насиб айласин. (“Ҳадис ва Ҳаёт”). Яна “Зумар” сураси 22-оятида ҳам : 22. "Аллоҳ кўксини Исломга кенг қилиб очиб, ўз Роббидан бўлган нурда бўлган киши(қалби муҳрланиб, қотган каби бўлур) ми?! Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга вой бўлсин! Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадирлар". Ушбу ояти каримада мўмин қалб билан кофир қалбнинг орасидаги фарқ очиқ-ойдин баён қилинади. «Аллоҳ кўксини Исломга кенг қилиб очиб, ўз Роббидан бўлган нурда бўлган киши(қалби муҳрланиб, қотган каби бўлур) ми?!» Албатта, Аллоҳ таоло кимнинг қалбини Исломга кенг очиб қўйса, ўша одамнинг қалби илоҳий нур ила тўлади, яъни унинг қалби тўла нур бўлади. Ўша нурли қалб ўз ҳаёт йўлини ҳам Ислом нури билан ёритади. Ҳар бир ишида, ҳар бир тасарруфида унга тўғри йўл кўрсатиб туради. «Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга вой бўлсин!» Улар Аллоҳни зикр қила олмайдилар. Чунки қалблари тош бўлиб қотиб қолган. Қотган тош ичини нур ёритмайди. Уларнинг қалбига Ислом нури ҳам, иймон нури ҳам кирмайди. Аллоҳнинг зикри нури кирмайди. Ана ўшаларга вой бўлмай, кимнинг ҳолига вой бўлсин?! «Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадирлар». Очиқ-ойдин адашувдадирлар. Уларнинг йўлини ёритадиган нурлари йўқ. Шунинг учун ҳам қоронғида адашиб, ҳалокат йўлига юриб кетадилар. Оқибатда ҳолларига вой бўлади. Аслида эса Аллоҳ таоло бандаларига нурни, ҳидоятни Қуръон орқали тушириб қўйган эди.("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat