Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Хаворижлар

18:55 / 30.09.2016 | Bahrom | 2579

Ассалому алайкум! Хаворижлар ким ўзи?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Хаворижлар. (Ҳижрий 38, милодий 658 сана) Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг аскарлари ичидан «хаворижлар» номли алоҳида гуруҳ ажралиб чиқди. Аслида «хавориж» сўзи «хуруж», яъни «қарши чиқиш» сўзидан олинган бўлиб, улар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанликлари учун шу ном билан аталган эдилар. Улар «Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳакамлик ишини қабул қилгани учун «кофир бўлди», деб фатво чиқардилар».  Уларга ҳазрати Алининг ҳакамликни қабул қилганлари ёқмаган эди. Аслида хаворижларнинг ўзлари ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни ҳакамликни қабул қилишга мажбурлашган эди, энди эса Муовияга қарши урушга қайтишни талаб қила бошладилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу уларнинг талабини қабул қилмадилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳакамлик ишларида хиёнат бўлганлигини эълон қилиб, катта аскар билан Шом томон юрдилар. Аммо у киши йўлда кетаётганларида орқадан хунук ва ўта ташвишли хабар келди. Хаворижлар пайтни ғанимат билиб, ер юзидаги энг катта фасод ишларга қўл урган эдилар. Улар Аллоҳ ҳаром қилган ишларни ўзлари учун ҳалол ҳисоблаб, бегуноҳ мусулмонларнинг қонларини тўкиш, йўлтўсарлик қилишга қўл ураётган эдилар. Улар ўлдирган кишилар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳу ва у кишининг ҳомиладор аёллари ҳам бор эди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ортга қайтишга мажбур бўлдилар. Бориб, уларга ваъз-насиҳат қилдилар ва огоҳлантирдилар. Аммо хаворижларга бу нарсалар таъсир қилмади. Улар сулҳни истамай, бир-бирларини жангга ҳозирлик кўришга тарғиб қила бошладилар. Хаворижлар биринчи бўлиб уруш бошладилар. Урушда уларнинг деярли барчалари қирилиб битди. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг одамларидан етти киши шаҳид бўлди, холос. Улардан жуда озгина одам нажот топди. Ушбу маъраканинг натижалари жуда ҳам хатарли бўлди. Ўлмай қолган оз сонли хаворижлар ҳар тарафга тарқалиб кетишди: улардан иккитаси Уммонга, иккитаси Кирмонга, иккитаси Сижистонга, иккитаси Арабистон яриморолига ва биттаси Яманга қочиб кетди. Улар борган жойларида ўз жамоаларини туза бошладилар. Хаворижлар, аввал айтиб ўтилганидек, Али розияллоҳу анҳуни Сиффиндаги урушни тўхтатиб, Қуръони Каримнинг ҳукмига тушишга мажбурлаган, кейин ҳакамликни инкор қилган, Ҳарура деган жойда тўпланиб, ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга қарши чиққан одамлар эди. «Хавориж» сўзининг маъноси «қарши чиқувчилар»дир. Улар ер юзида фисқу фасод қилдилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Наҳравон жангида хаворижларни енгганларидан кейин улардан кўпчилиги ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг лашкарларига қўшилиб олдилар ва улардан бири имконини топиб, у киши розияллоҳу анҳуни қатл қилди. Муовия ибн Абу Суфённинг даврида улар Кўфа ва Басрада бир неча марта қўзғолон уюштирдилар. Ҳазрати Муовия уларга қарши уруш олиб бориб, тинчитди. Басранинг волийси Зиёд ибн Абийҳи ва унинг ўғли Убайдуллоҳ хаворижларга қарши жуда шиддат билан турар, сира шафқат қилишмас эди. Хаворижлар асли саҳролик, қўпол, дағал, бераҳм, шафқатсиз одамлар эди. Улар одамларни иккига бўлиб, ё мўмин, ё кофир бўлади дейишар, ўзларининг фикрига қўшилганларни мўмин, қарши чиққанларни кофир ҳисоблашарди. Хаворижлар Усмон, Али, Муовия розияллоҳу анҳумни ҳам кофирга чиқариб қўйишган эди. Улар ўз жамоатига қўшилмаганларга қарши уруш қилишар, уларнинг қонини ҳалол санашарди. Хаворижлар жуда кўп бало-офатларга сабаб бўлишди. Мулоҳаза қилинадики, умавийлар давлати даврида улар жуда кўп ғалабаларга ҳам эришганлар. Уларнинг фирқалари турлича бўлиб, азрақийлар, нажадотлар, абозийлар, ажоридалар, сафариялар каби номлар билан аталган. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat