Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Пойлиқчилик қилиш

09:12 / 21.05.2017 | Nafisa | 1946

Ассалому алайкум! Гап эшитиш, яширинча, ўтган кeтганни қўшниларни, кўчага кeлган ҳар бир бeгона одамни дарвоза тирқишидан кузатиб туриш оғир гуноҳми? Қиёматда кузатганга ўтгувчиларни гуноҳи юкланмасмикин?
2-саволим намоз ўқиладиган уйда қибла томонда шкаф бор. Шикафда Қуръон, расмли китоблар, фотосуратлар бор. Расмли идишлар ҳам бор, шкаф қибла томонда турибди. Намоз ўқиса бўладими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Ҳужурот” сурасида марҳамат қилади :

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيرًا مِّنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَب بَّعْضُكُم بَعْضًا أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَن يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَّحِيمٌ۝

12. Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчи, ўта раҳмлидир. Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасининг аввалидан буён шу ергача Ўзининг мўмин бандаларига бешинчи марта «Эй иймон келтирганлар!» деб мурожаат қилмоқда ва улар учун жуда муҳим бўлган яна бир қанча масалаларни баён қилмоқда. Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини бир неча ёмон сифатлардан, ахлоқий касалликлардан, ҳалокатга элтувчи дардлардан қайтармоқда. Улардан биринчиси: «Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир». Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам: «Кўп гумонлардан четда бўлинглар…» – дейиляпти. Ўтган уламолардан Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи: «Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган бўлса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор», – деганлар. Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак. Бу ҳақда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», – деган эканлар. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», – деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: «Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», – деган эканлар. Хусусан, иш бошида турган раҳбарлар бу нарсада эҳтиёт бўлишлари лозимлиги имом Абу Довуд Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда яққол кўринади. Бу ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Агар амир одамлардан айб излайверса, уларни бузади», – деганлар. Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини излашга тушади. Буни эса «жосуслик» дейдилар. Шунинг учун ҳам биз ўрганаётган ояти каримада гумондан четланишга амр қилингандан сўнг «Жосуслик қилманглар», – деб бу қабиҳ ишдан қайтарилмоқда. Одатда, бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини, ўзига билдирмай, яширинча излашга «жосуслик» дейилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур. Боз устига, бу иш Ислом динининг асосий ғояларидан бири бўлмиш инсоннинг каромати, ҳурмати, иззати ва обрўсини ҳимоя қилиш масаласига чамбарчас боғлиқдир. Ислом мазкур ҳуқуқларнинг муқаддаслигини эътироф этади, уларнинг ҳеч бир ҳолда поймол бўлмаслигининг чорасини кўради. Ислом жамиятида инсонларнинг жонлари, молу мулклари, уй-жойлари омонликда, сир-асрорларию яширин нарсалари бехатар бўлиши зарур. Ҳатто жиноятнинг олдини олиш баҳонаси билан ҳам одамларнинг ортидан жосуслик қилишга ижозат йўқ. Ҳукм очиқ-ойдин кўриниб турган ишга қараб чиқарилади. Гумон қилишга, шубҳаланишга ва пойлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бадгумонлик жосусликка йўл очишини айтиб ўтган эдик. Энди жосуслик ғийбатга йўл очишини айтмоқчимиз. Шунинг учун ҳам ояти каримада «жосуслик қилманг» деган амрдан кейин «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин», – деб уқтирилади. Ғийбат нима эканини энг улуғ тафсирчи Набий алайҳиссаломнинг ўзларидан эшитайлик. Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зоти бобаракотдан кишилар: – Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима? – деб сўрашибди. Расули Акрам алайҳиссолату вассалом: – Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг, – дебдилар. Шунда: – Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз? – дейишибди. Набий алайҳиссалом: – Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, аммо бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан, – деб жавоб қилган эканлар. Ғийбатнинг ҳаромлигини, ғийбат гуноҳи кабиралардан эканини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Бу иш нақадар қабиҳ ва нақадар ёмон экани ояти кариманинг ўзида ҳам ажойиб услуб ила баён қилинмоқда: «Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?» Қуръони Карим бировни ғийбат қилишни ўша шахснинг ўлгандан кейин гўштини ейиш билан баробар қилмоқда. Маълумки, одамнинг гўштини ейиш мумкин эмас, ўлган одамнинг гўштини ейиш эса хаёлга ҳам келтириб бўлмайдиган иш. Шунинг учун юқоридаги «Сизлардан бирорталарингиз… яхши кўрурми?» деган саволга ҳеч ким «Ҳа», деб жавоб бера олмайди. Шу боисдан оятнинг ўзи «Ҳа, ёмон кўрасизлар» – деб таъкидламоқда. «Ўликнинг гўштини тановул қилишни кўнглингиз қандай кўтармаса, бировни ғийбат қилишни ҳам шундай кўтармасин», демоқда. Набий алайҳиссалом ўз ҳадисларидан бирида: «Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўша одамнинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйидан шарманда қилган ҳолатда чиқаради», – деганлар. Ғийбатчилар охиратда ҳам жазосиз қолмайдилар. Расули Акрам алайҳиссолату вассалом: «Мерожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзларию кўксларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен: – Эй Жаброил, улар ким? – деб сўрадим. У: – Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар, – деб жавоб берди, – дея кўрганларини ҳикоя қилиб берганлар. Оятнинг охирида Аллоҳ таоло мўминларнинг барчасини, хусусан, юқорида зикр қилинган гуноҳларни қилганларни Аллоҳдан қўрқишга даъват қилиб, «Аллоҳдан қўрқинглар!» – дейди. Шу билан бирга, аввал билмай, гуноҳ содир этилган бўлса, тавба қилиб, гуноҳини ювиш мумкинлигини эслатиб, Аллоҳнинг фазлу карамидан ноумид бўлмасликка чақиради. «Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчи, ўта раҳмлидир». Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир. Ҳар қандай гуноҳдан қай тарзда тавба қилинса, мазкур гуноҳлардан тавба қилишда ҳам ўшандай ҳолат, яъни ўтган ишга қаттиқ афсус қилиб, дилидан надомат чекиб, иккинчи бор бу ишни қилмасликка аҳд қилиш ва аҳдига вафо қилиш билан вужудга келади. Аммо ғийбатчининг тавбаси бу билан тугамайди. Уламолар унинг тавбаси тўлиқ бўлиши учун яна бир муҳим шартни қўйишган. У ҳам бўлса, қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилган бўлса, ўша ерда, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапириши керак. Мўмин-мусулмонлар ғийбатдан четланибгина қолмасдан, бош¬қа ғийбатчиларнинг оғзига уриб, ғийбатга йўл қўймасликка ҳаракат қилишлари матлубдир. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Кимки бир мўминни ғийбатчи мунофиқдан ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг гўштини дўзах ўтидан ҳимоя қилувчи фаришта юборади. Кимки бир мўминни сўкмоқчи бўлиб, уни ғийбат қилса, Аллоҳ таоло уни гапидан қайтмагунича, жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради», – деганлар. Кўриб турганимиз оятларда мўминларга нидо қилиниб, улар турли ёмонликлардан сақланишга, юксак инсоний фазилатларга эргашишга даъват этилган бўлсалар, келаси оятда Аллоҳ таоло бутун инсониятга хитоб қилиб, ҳамманинг асли бир эканини эслатади, барчани мўминликка чорлайди. ("Тафсири ҳилол" китобидан). 2). Жонли нарсалариннг суратига қараб намоз ўқиш мумкин эмас. Устини ёпиш лозим. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat