Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Оятлар ҳақида

00:00 / 20.01.2011 | eski savollar | 631
Шайх ҳазратлари! Мен бир аёл шуни сўраб беринг деган эди. У аёл: Нисо сурасидаги 3 оят билан 129 оятида қарама-қаршилик йўқми? -деди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Қуръони Каримнинг ҳеч қайси ояти бошқасига қарама-қарши бўлмайди. Жумладан, бу саволда айтилган икки оят ҳам. 3-оят.- «Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг) ёки қўлингизда мулк бўлганлар билан (кифояланинг). Мана шу жабр қилмаслигингизга яқинроқдир».Бу ояти кариманинг маъноларини тўғри тушуниш, ундан келиб чиқадиган ҳукмларни ўз ўрнида англаш учун бир қанча қўшимча маълумотларга эҳтиёж тушади. Сиртдан қараганда, етимларга адолат қила олмасликдан қўрққан кишига иккита, учта ёки тўртта хотин олишни тавсия қилиш ғалати туюлади. Бу сирни англашда бизга имом Бухорий Ибн Шиҳобдан қилган ривоят ёрдам беради: «Менга Урвату ибн Зубайр хабар бердики, у Оиша онамиздан,«Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз» ояти ҳақида сўраган экан, у киши розияллоҳу анҳо: «Эй жиян! Бир етим қиз кафилининг қарамоғида бўлади. Қиз унинг молига шерик бўлади. Қизнинг моли ҳам, жамоли ҳам уни ўзига тортади-да, унинг маҳрида адолатли бўлмай, унга уйланмоқчи бўлади. Унга бошқалар берадиган маҳрни бермоқчи бўлади. Бас, адолатли бўлмасалар, уларга уйланишдан қайтарилдилар, бошқа аёлларга уйланишга амр қилиндилар», деб жавоб қилибдилар. Демак, оятдаги «етимлар»дан мурод етим қизлар экан. Етим қизларга уларни ўз кафолатига – ҳимоясига олган киши уйланмоқчи бўлсаю, аммо бу ишда адолатсизликка йўл қўйишдан қўрқса, ўша етим қизларга уйланишни қўйсинда, бошқа ўзига ёққан, никоҳи ҳалол бўлган аёллардан хоҳишига қараб иккитагами, учтагами, тўрттагами уйлансин. Агар хотинлар орасида адолат ўрната олмасликдан қўрқса, биттага уйлансин ёки чўри тутиш билан кифоялансин.Етим қизларга адолатсизлик фақат молмулк борасида эмас, чунки оятда адолат молмулк билан бирга қайд қилинмасдан, мутлоқ зикр этилгандир. Шунинг учун, ҳар қанақа адолатсизликнинг юз беришидан сақланиш керак. Жумладан, эркак бу қизга фақат моли учун уйланганда, ўзига нисбатан кўнгли бўлмаслиги мумкин. Ёки орадаги ёшда катта фарқ бўлиш натижасида оилавий ҳаётнинг ҳақиқий маъноси қиз ҳаётида ўз ифодасини умуман топмаслиги мумкин. Ва ҳоказо... булар ҳам адолатсизликдир.Ояти каримадаги«... ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, унтами, тўрттами никоҳлаб олинг», жумласидан Ислом дини рухсат берган кўпхотинлилик ҳукми олинган. Бу оятнинг ўзини одамлар билмаса ҳам, унинг ҳукмини дўстдушман яхши билади. Чунки улар Исломга душманлик қилиш йўлида гўё шу нуқтада қулай имкон топганлар. Агар дин душманларининг бу масаладаги шовқин суронларига эътибор бериладиган бўлса, худди Ислом фақат шу масаладан иборатга ўхшаб кўринади. Исломдан сўз очилиши билан шунга ёпишиб олишади. Гўёки Ислом шариати мусулмон эркакларга тўрттадан хотин олишни фарз қилгандек фикр юритишади. Бу ҳолат асрлар давомида Исломга қарши душманлар томонидан олиб борилган тарғиботларнинг самарасидир. Ҳатто баъзи ўзини мусулмон ҳисоблаб юрганлар ҳам бу тарғибот таъсирига тушиб қолганлар. Улар умуман ҳеч бир нарса билан, жумладан, ушбу ояти карима билан ҳам танишмай туриб, душманларнинг гапларини тўтидай такрорлайверадилар. Ҳеч бўлмаса, бу оятни ўқиганларида эди, унинг иккинчи ярмида«Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг)» жумласини кўрардилар.129-оят:«Агар роса ҳаракат қилсангиз ҳам, хотинлар ўртасида адолатли бўла олмассизлар. Бир йўла мойил бўлиб кетиб, (баъзисини) муаллаққа ўхшатиб қўйманг. Агар ислоҳ ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир».Ушбу ояти каримада зикр этилаётган «Хотинлар ўртасида адолат» кўп хотинли эрнинг хотинларига нисбатан қалбидаги муҳаббати борасидадир. Яъни, қанча уринсангиз ҳам, ҳаракат қилиб тиришсангиз ҳам, қалбингиздаги мойилликда ҳамма хотинларингизга нисбатан бир хил бўла олмайсиз, дейилмокда.«Агар роса ҳаракат қилсангиз ҳам, хотинлар ўртасида адолатли бўла олмассизлар».Чунки бу нарса , яъни аёл кишига бўлган муҳаббат режа билан, ўлчов билан бўладиган нарса эмас. Бу борада қалб эгасига қулоқ солмайди, унинг амрига итоат этмайди. Ҳар қандай эр хотинлари орасида зоҳирий ишларда тўлиқ адолат қила олади, аммо қалбидан бўладиган муҳаббатга келганда, узрли.Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа муҳаддислар Абдуллоҳ ибн Зайддан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:«Оиша онамиз ҳикоя қилишларича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинлари орасида тақсимни адолат билан қилар эдилар. Сўнгра: «Эй бор Худое! Бу ўзим эга бўлган нарсадаги тақсим. Сен Ўзинг эга бўлиб, мен эга бўлмаган нарсада мени маломат қилмагин», дер эдилар».Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўнгил майллари Оиша онамизга нисбатан алоҳида бўлганлиги маълум ва машҳурдир. Исломда кўп хотинли киши ўз иродасига боғлиқ ишларда хотинлари ўртасида тўлиқ адолат қилишга амр қилинган. Уйжой ва нафақа масаласида, муомала, бирга ётиш, эру хотинлик ҳуқуқларини адо этиш ва бошқа шунга ўхшаш масалаларда тўлиқ адолат лозим. Аммо инсон иродасига боғлиқ бўлмаган масала – муҳаббат масаласига келсак, унда ҳар қанча уринса ҳам, адолат бўлмаслиги оятнинг ўзида айтиб турилибди. Лекин, узрли эканмиз, деб ҳаддан ошириб юбориш ҳам мумкин эмас:«Бир йўла мойил бўлиб кетиб, (баъзисини) муаллаққа ўхшатиб қўйманг».Яъни, кўнглингизда муҳаббати ўрнашган баъзи хотинингизга бир йўла мойил бўлиб кетиб, хотинларингизнинг баъзисини муаллақ аёлга ўхшатиб қўйманг. «Муаллақ аёл» деб хотин бўлиб хотин эмас, боши очиқ бўлиб, боши очиқ эмас, аросат бир ҳолда қолган аёлга айтилади. Эри сафарга кетиб, ғойиб бўлди. Эрим бор, деса, ўлигининг ҳам, тиригининг ҳам хабари йўқ. Эрим йўқ, деса, бор эди, талоқ ҳам қилмаган эди. Бундай муаллақлик азоб, шунинг учун ояти карима эрни бу масалада адолатли бўлишга чорламоқда. Кўп хотинли эр яхши курган хотини билан доимо бирга бўлиб, бошқасини тарк этса, шариатга ҳеч тўғри келмайди.«Агар ислоҳ ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир».Эрхотинлик ишларида ҳам доимо ислоҳни кўзда тутиб, тақво билан иш юритиш лозим. Инсон ўзининг барча имкониятларини ишга солиб, оиласини бузмасликка, сақлаб қолишга ҳаракат қилиши керак.

Топ рейтинг www.uz Openstat