Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Мотрудий ақийдаси

18:47 / 04.03.2017 | Shohjahon | 3810

Ассалому алайкум! Мотрудий ақийдасига кўра мусулмон одам ҳукуматга хуруж қилмаслик ақийдасида бўлиши кeрак экан. Шуни кeнгроқ тушунтириб бeрсангизлар.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг Аҳли Сунна ақийдаси мужтаҳидларидан бири эканларида Ислом умматининг ихтилофи йўқ. Шу маънода бу саволни аслида  Аҳли сунна вал жамоа ақийдасига кўра мусулмон одам ҳукуматга қарши қурол кўтариб чиқмаслиги керакми, тарзида берилиши илмий омонатга мувофиқ бўлади. Аҳли сунна вал жамоанинг ақийда матнларининг барчасида ишбошилар гарчи золим бўлсаларда уларга қарши  қурол кўтариш тўғри ишлардан эмаслиги алоҳида таъкидланган. Тарихда дастлаб ишбошилардан жавр кўрилгач уммат орасидан уларга қилич кўтаришни жоиз билганлар бўлган. Лекин бу ишнинг натижаси Ислом уммати учун жуда катта зарарлар келтирган. Вазиятнинг аввалгисидан кўра ёмонроқ ҳолга тушганини кўрган уламолар қуролли хуруж муаммонинг бирламчи ечими эмаслигини эътироф қилишган. Аҳли сунна ақийдасининг Ашъарий мазҳаби намоёндаларидан бири аллома, муҳаддис Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Қадимда золим имомларга қарши қилич кўтаришни салаф тўғри деб биларди. Лекин бу иш жоиз эмаслиги кейинроқ қарор топди. Чунки Ибн Ашъас ва Ҳарра воқеаларидаги каби золимга қилич кўтариш вазиятни янада ёмонроқ ҳолатга келтириб қўйди. Буларда тадаббур аҳли учун ибрат бор!” “Таҳзибут Таҳзиб” Ибн Ҳажар Асқалоний, 2/288. Жаъфар ибн Сулаймон айтади: “Молик ибн Динор бизга айтиб берди: “Ибн Ашъас ҳодисасидан кейин Маъбад Жуҳанийни Маккада ярадор ҳолда кўрдим. У Ҳажжожга қарши ҳар жабҳада қуролли курашган эди. Лекин Ҳажжож билан қуролли курашгани учун надомат қиларди ва: “Фуқаҳолар билан кўришдим, улар орасида Ҳасан кабисини кўрмадим. У: “Афсуслар бўлсин! Итоат қилганимиз афзал экан!” дер эди. “Мезонул эътидол фий нақдир Рижол” Имом Заҳабий, 4/141. Шу каби ҳолатлардан кейин хуруж борасида Аҳли суннанинг ақийда матнларида бу мавзуга алоҳида эътибор қаратиш зарурати юзага чиққан. Қуролли хуруж ўрнига насиҳат, ислоҳга чақириш, салоҳият билан дуода бўлиш муқобил қўйилган. Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг ақийда матнларини ёзар эканлар, шундай дейдилар:

ولا نرى الخروج على أئمتنا وولاة أمورنا ، وإن جاروا ، ولا ندعوا عليهم ، ولا ننزع يداً من طاعتهم ، ونرى طاعتهم من طاعة الله عز وجل فريضة ، ما لم يأمروا بمعصية ، وندعو لهم بالصلاح والمعافاة

Матн: Имомларимизга ва ишбошиларимизга қарши (қурол билан) чиқишни тўғри деб билмаймиз, гарчи улар жавр қилсалар ҳам. Уларга қарши даъват қилмаймиз. Уларга итоатдан қўлимизни тортмаймиз. Уларга итоатни Аллоҳ азза ва жаллага итоатдек фарз деб биламиз. Гарчи маъсиятга буюрмаслар. Улар ҳаққида салоҳият ва офият сўраб дуода бўламиз. Матн тугади. Бу матннинг шарҳида оят ва ҳадислардан бир қанча далиллар келтирилган.  Аҳли сунна вал жамоанинг мансублари ушбу матннинг саҳиҳ эканига ижмо қилишган. Мотуридий мазҳаби ҳам Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби дея эътироф қилинар экан, бу мавзуда ушбу матннинг ҳақ   эканини таъкидлайди ва унга амал қилиш Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига амал қилиш ҳисобланади. Кенгроқ маълумот олиш учун шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Таҳовий ақидаси шарҳи” таржимаси асарларини ўқиш тавсия қилинади. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat