Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Аллома Саъдуддин Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Тафтазоний

Шахс | 1194

Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг тўлиқ исми Саъдуддин Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Тафтазонийдир.

  Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг ҳаётини синчиклаб ўрганган олимларнинг таъкидлашларича, у киши ҳижрий 722, милодий 1322 йили сафар ойида, Мовароуннаҳрнинг машҳур шаҳарларидан бўлмиш Нисо шаҳрига қарашли Тафтазон қишлоғида дунёга келган. Шаҳарнинг арабча Нисо, яъни аёллар деб аталишига сабаб шуки, фотиҳлар Хуросон ва Мовароуннаҳрни фатҳ этишганида мазкур шаҳарнинг эркаклари қочиб кетиб, унда фақат аёллар қолишган экан. Мусулмонлар шаҳарда эркак зотини топа олмай, уни ташлаб ўтиб кетишган экан. Шу сабабли у Нисо, яъни аёллар шаҳри деб аталган экан. У ҳозирги Туркманистон ерларида жойлашган шаҳардир. Бу ердан Имом Насоийдан ташқари Абу Аҳмад Ҳомид Зинжавий ал-Аздий каби катта олимлар ҳам чиққан.

Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи кичиклигидан ўз қишлоғи Тафтазонни тарк қилиб, илм олиш учун Нисо шаҳрига равона бўлди. У ерда хат қоидаларини, имлони, дастлабки диний илмларни ўрганди ва Қуръони Каримни ёд олди.

Сўнгра ўспирин Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи ўша вақтда машҳур бўлган юқори савиядаги имлардан баҳраманд бўлиш ниятида ер юзининг сайқали, турли илмларнинг маркази бўлган Самарқанд томон юзланди. У ерда ўша вақтнинг машҳур алломаларидан бўлган Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳига шогирд тушди. Ўша вақтнинг пешқадам толиби илмлари Самарқанднинг масжидларидан бирида мана шу олимнинг қўлида таҳсил олар эдилар. Улар ўз устозларидан Арастунинг қиёсларини, Ибн Синонинг фалсафий асарларини, Форобийнинг китобларини тахсил олар, Афлотунга ўхшаш ўзларига тўғри келмаган фикр эгаларига раддиялар қилишни ўрганар эдилар. 

Саъдуддин Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳам шавқу завқ билан, илмга бўлган чексиз ҳиммат билан улуғ олим Азудуддин Ийжийнинг шогирдлари қаторига қўшилди.

Азудуддин Ийжийнинг дарслари мантиқ, калом, баён, бадийъ, усул каби олиймақом ва қийин илмлардан юқори савияда ўтар эди. Янги шогирд Тафтазонийнинг бу илмлардан ҳали хабари йўқ эди. Шунинг учун у шериклари ичида билимсизроқ, зеҳни паст, ақли суст ва қалби моғор бўлиб кўринар эди. Аммо шунга қарамай, у ҳаммадан кўра кўп ҳаракат қиларди. Шерикларидан ортда қолганлиги Саъдуддиннинг илмга бўлган ҳимматини пастлата олмас, у тинмай ҳаракат қилар, илмдан бошқа нарсаларга аҳамият бермас эди. 

Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 742 санада Самарқанддан Урганчга кўчиб ўтди.

Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг шуҳрати Урганчга ўзидан олдин етиб келган эди. Шунинг учун у кишининг келганини эшитган толиби илмлар у зотга шогирд бўлишга шошилдилар. Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи Урганчда толиби илмларга дарс бериш билан бирга, кўплаб китоблар ёзишни ҳам йўлга қўйди. Хусусан, ўзининг машҳур китобларидан бири бўлмиш «Ал-Мутоввал ъалат‑талхийс»ни ёзиб битирди. 

Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 748 йилда Урганчдан Ҳиротга кўчиб ўтди. Ўша пайтда Ҳирот ҳам машҳур ва катта шаҳарлардан бири ҳисобланарди. 

Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи Ҳиротга кириб келиши билан Урганчда ёзиб битирган ва ўзи билан Ҳиротга олиб келган «Ал-Мутоввал ъалат‑талхийс» номли улкан китобини шаҳарнинг амири Муъизиддин Абулҳасанга совға қилди. 

Саъдуддин Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи Ҳиротда тўрт йил яшаганига қарамай, бу шаҳарда бирорта ҳам китоб ёзмаган. У кишининг ҳаётини ўрганган олимлар бу ғалати ҳолатнинг сабабини англай олмай, ҳануз ажабланишади, ҳайрон бўлишади.

Сўнгра Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи Жом номли шаҳарчада пайдо бўлди. Бу жойда бир муддат яшади ва ўзининг мантиқ илмига оид «Шарҳуш шамсия» номли китобини ҳижрий 752 йилда ниҳоясига етказди. 

Ҳижрий 756 санада Саъдуддин Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи Ғиждувонга келиб, ўша ерда яшай бошлади. У зот Ғиждувонда ўзининг «Ал-Мухтасар ъалат‑талхийс» номли китобини тугаллади. Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи Ғиждувонда икки йил яшади.

Сўнгра Туркистон шаҳарларидан бири бўлмиш Гулистонга кўчиб ўтган Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи у ерда «Ат-Талвийҳ ъала тавзийҳи ғавомизит танқийҳ» номли асарини ёзиб битирди. У киши бу ерда бир йил яшади.

Кейин ҳижрий 759 йили яна Ҳиротга қайтиб келди. Бу сафар Саъдуддин Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи бу шаҳарда ўзининг «Фатавои ҳанафия» номли китобини ёзишга киришди.

Шундан сўнг Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи Ҳиротни тарк қилиб, яна Урганчга кўчиб келди. Бу сафар ушбу шаҳарда ўз одатидан ташқари, кўпроқ яшаб қолди. Ўн йилча давом этган бу муддат Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг ҳаётидаги энг сермаҳсул йиллардан бўлди. Ҳижрий 768 йили аллома ўзининг энг машҳур китобларидан бири «Шарҳу Ақоиди Насафия» китобини, ҳижрий 774 йили эса «Ал-Иршод фин наҳв» китобини таълиф қилди. 

Амир Темур Хоразмга келганида Малик Муҳаммад Сарахсий ибн Малик Муъизиддин Ҳусайн Курт ўз жияни Пирмуҳаммад Ғиёсиддин Пиралидан Амир Темурдан Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳини Сарахсга таклиф қилишни сўрашни илтимос қилди. Амир Темур Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг илмдаги фазлини билиб, у зотни Самарқандга таклиф қилишни афзал кўрди. Аввалига Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи Амир Темурнинг таклифига жавоб бермай турди, сўнг Ҳижозга сафар қилиш нияти борлигини айтиб, узр айтмоқчи ҳам бўлди. Аммо Амир Темур иккинчи бор таклиф юборганидан кейин Самарқандга равона бўлди. 

Амир Темур Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳига алоҳида эҳтиром кўрсатди. У киши Самарқандда яшаб турганида ўзининг энг улкан ва дунёга донғи кетган «Мақосид» номли китобини ёзди. Бу китобнинг ёзилиш тарихи ҳижрий 784, милодий 1383 йилга тўғри келади.

Ҳижрий 785 йили Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи Самарқанддан Сарахсга кўчиб ўтиб, у ерда «Талхийсул Жомеъ» номли китоб ёза бошлади. У киши Сарахснинг таълим жараёни раҳбарига ҳам айланди, аммо у ерда узоқ тура олмади. Тезда яна Самарқандга қайтди. Самарқанднинг тотли сувлари, гўзал боғу бўстонлари, ширин мевалари ва қулай шароитлари алломани ўзига чорлаган бўлса ажаб эмас. Бироқ, бундан ҳам кўра Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳини Самарқанднинг илмий муҳити, турли уламолари, дарс ҳалқалари, илм мадрасалари, маданий ва маърифий шароитлари ўзига тортгани турган гап.

 Амир Темур Кўрагоний Саъдуддин Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳини жуда ҳам ҳурмат қилар эди. Фикримизнинг далили сифатида машҳур олим ва тарихчи Ибн Арабшоҳнинг қуйидаги ҳикоясини келтирамиз:

«Амир Темур ўта аҳамиятли ва фойдали ишларидан бири бўйича чопар юборди. Чопарга: «Агар йўлда отга ҳожат тушиб қолса, кимни кўрсанг ҳам отини ол, агар ўғлим Шоҳруҳ бўлса ҳам», деди. Чопар у амр қилган тарафга тезлаб жўнади. Йўлда Аллома Тафтазонийга дуч келди. У дам олиш учун бир жойга тушган, отлари чодирининг олдига боғланган экан. Чопар ўша отлардан бирини олди. Аллома Саъдуддин Тафтазоний чодирдан чиқиб, уни ушлаб олди. Отни чопардан қайтариб олди ва уни роса калтаклади. 

Чопар Амир Темурнинг олдига қайтиб борганида бўлган гапни унга айтди. Шунда Амир Темур қаттиқ ғазабланди. Аммо бир оздан сўнг: «Агар унинг ўрнида ўғлим бўлганида, уни қатл қилардим. Лекин қайси жойга борсам, китоблари у ерга менинг қиличимдан олдин кириб борган одамни қандай қилиб қатл қиламан», деди». 

791 ҳижрий санада Амир Темурнинг ҳузурида ва Нўъмонуддин Хоразмийнинг ҳакамлигида Саъдуддин Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи билан Саййид Шариф Журжоний орасида машҳур мунозара бўлиб ўтди. Кўпчилик уламоларнинг китобларида зикр қилинган бу мунозаранинг мавзуси Алломаи Замахшарийнинг «Кашшоф» тафсирида Бақара сурасидаги Аллоҳ таолонинг «Ана ўшалар Роббларидан бўлган ҳидоят узрадирлар ва ана ўшалар, ўшаларгина зафар топувчилардир» (5-оят) деган қавлидаги табаъий ва тамсилий истиоранинг жамланиши ҳақида эди. 

Ҳижрий 791 йилнинг аввалида бошланган бу мунозара ғоятда машҳур бўлиб, у ҳақда кўплаб илмий баҳслар ёзилган. Амир Темур Саййид Шариф Журжонийнинг ғолиб бўлиши тарафдори бўлиб, бу фикрни қувватлаш учун: «Агар иккисини баробар деб фараз қилсак ҳам Журжонийнинг насаби шарафлидир», деган эди. 

  Ушбу илмий мунозарадан кейин кўп ўтмай, ҳижрий 791, милодий 1389  йили Саъдуддин Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи бу ­дунёдан кўз юмди. У кишининг жасадлари Самарқанддан Сарахсга олиб бориб дафн этилди. 



Топ рейтинг www.uz Openstat