Фосид савдонинг турлари:
1. Ноаниқ нарса савдоси.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, агар савдо моли ёки унинг нархида сотувчи ва харидор орасида низога сабаб бўладиган даражада кўп ноаниқлик бўлса, савдо фосид бўлади.
Кўп ноаниқликка мисол, «Қўрадаги қўйлардан бирини фалон сўмга сотдим», дейиш.
Агар ноаниқлик низога сабаб бўлмайдиган даражада оз бўлса, савдо фосид бўлмайди.
Оз ноаниқликка мисол, «бир қоп унни фалон сўмга сотдим», демоқ.
Савдодаги кўп ноаниқлик тўрт нарсада бўлади:
1. Сотиладиган нарсадаги ноаниқлик.
Бу ноаниқлик харидор учун молнинг унинг жинсида, турида ва миқдорида бўлиши мумкин.
2. Нархдаги ноаниқлик.
Масалан, «Мана бу отни қўрадаги қўйлардан элликтасига сотдим», дейшлик.
Шунингдек, «Мана бу кийимни қийматига сотдим», демоқлик. Чунки, унинг қиймати ноаниқ ва кейин низо чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
«Фалончи қайси нархни айтса, шунга сотдим» қабилидаги савдо ҳам фосид бўлади. Чунки, фалончи қайси нархни айтишини биров билмайди.
«Мана буни бир қоп буғдой ёки бир қоп арпага сотдим», деса ҳам, савдо фосид бўлади. Чунки, нарх маълум эмас.
3. Муддатдаги ноаниқлик.
«У нарсани нархини бир ёки икки ойда бериш шарти ила сотдим», деса, савдо фосид бўлади.
Шунингдек, «фалончи ҳаждан келганда», «узиш, териш ёки ўриш мавсуми келиши шарти билан» деганда ҳам, муддат аниқ бўлмагани учун, савдо фосид бўлади.
Агар аввал ноаниқ муддатга савдолашиб, кейин ўша вақт келмай туриб аниқ вақтга иттифоқ қилинса, савдо тўғри бўлади.
2. Шартга боғланган ва келажак вақтга изофа қилинган савдо.
Агар, вақтики, қачонки каби шарт иборалари ила келажакда бўлиши мумкин ишга боғланган савдо ҳам фосид савдо бўлади. Мисол учун, «Агар фалончи менга ҳовлисини сотса, мен ҳам сенга ҳовлимни сотдим», дейишлик. Бунда савдони боғланган шарт вужудга келиши ҳам мумкин, келмаслиги ҳам мумкин. Ана шу ноаниқлик учун савдо фосид бўлади.
Келажак вақтга изофа қилинган савдога «Келаси ойнинг бошидан фалон нарсани сенга сотдим» дейишлик мисол бўлади.
Мазкур икки хил савдо ҳам Ҳанафий мазҳабиида фосид ҳисобланади. Бошқа мазҳаблар эса, уларни «ботил» дейишади.
3. Fойиб ёки кўринмайдиган нарсанинг савдоси.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, савдо пайтида бошқа ерда бўлган мулкни ёки кўз билан кўриб бўлмайдиган нарсани оғзаки тарзда сифатлаш асосида савдо қилса, бўлади. Фақат, кўргандан кейин харидорнинг ихтиёри ўзида бўлади. У мазкур молни ёқса, олади, ёқмаса, қайтаради.
Дора Қутний Абу Ҳурайра Ибн Абу Шайбадан, Байхақий Макҳулдан ривоят қиладилар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир нарсани кўрмай туриб сотиб олса, у ўша нарсани кўрганида ихтиёри ўзида бўлади», – дедилар».
Худди шу асосда фақат истеъмол қилиш пайтида очиладиган, сақланган озиқ-овқат, дори-дармон, суюқликлар ва газларнинг савдоси дуруст бўлади. Шунингдек, ер остида турган сабзи, пиёз, турп каби нарсаларнинг савдоси ҳам.
4. Ҳаром нархга савдо қилиш.
Сотиб олинаётган нарсанинг нархига ароқ, чўчқа ёки шунга ўхшаш ҳаром нарса бериладиган бўлса, Ҳанафий мазҳаби бўйича, савдо фосид бўлади. Бошқа мазҳабларда бу каби савдо ботил ҳисобланади.
5. Насияга сотиб, нақдга қайтариб сотиб олиш.
Бир киши ўн минг сўмга муҳтож. Бой одамдан қарз сўраса, унинг қарзи ҳасан бергиси келмади. Очиқ равишда рибо сўрашга журъат қилмади. Ҳийла ўйлаб топди. Ўша қарз сўровчига маълум бир молни насияга ўн икки мингга сотди. Бироз вақтдан кейин худди ўша молни ундан нақдга ўн минг сўмга қайтариб сотиб олди. Қарз сўраётган одам ўн минг сўмни қўлига олди. Мол эгаси икки минг сўм фойда кўрди. Бу қабилдаги савдони Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Фосид бўлади», деганлар.
6. Ароқ тайёрловчига узум сотиш.
Имом Абу Ҳанифа ва Шофеъий бу савдони «макруҳ» деганлар. Чунки, у айни шу узумдан ароқ тайёрлайдими, йўқми, маълум эмас.
Моликий ва Ҳанбалий: «Ароқ тайёрловчига узум сотиш савдоси ботил», деганлар.
7. Бир йўла икки савдони қўшиб юбориш ёки бир савдога икки шарт қўйиш.
Икки савдони қўшиб юборишнинг икки хил кўриниши бор. Биринчиси, «Бу нарсани нақдга минг сўмга, насияга бир минг икки юз сўмга сотаман», дейиш. Иккинчиси, «Машинангни менга сотсанг, уйимни сенга сотаман», дейиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир савдода икки савдони қилса, унга иккисидан ками ёки рибо», – дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Бир савдода икки савдо қилиш икки хил бўлади:
1. Бир молни икки хил нарх билан сотади. Мисол учун, «Ушбу кийимни нақдга олсанг, ўн сўмга, насияга олсанг, ўн беш сўмга сотаман», дейди.
2. Икки хил молни бир хил нарх билан сотади. Мисол учун «Ушбу икки кийимдан бирини сенга бунчага сотдим», дейди.
Бу ҳолатларда икки нарсадан бири тайин бўлмагани учун, савдо нотўғри бўлади. Агар сотувчининг чақириғидан кейин харидор бирини танласа, савдо юради.
Бу ҳолатларда ноаниқлик бўлгани учун, савдо фосид бўлади. Аммо, харидор иккисидан бирини танлаб, аниқлик киритиб, қабул қилса, савдо тўғри бўлади.
8. Нархни маълум вақтда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан қилинган савдо.
Сотувчи «Бу нарсани нақдга минг сўм, бўлиб тўлашга минг икки юз сўмга сотдим» деганда, харидор «Қабул қилдим», деса, савдо ботил бўлади. Аммо, «Бу нарсани нақдга минг сўмга, бўлиб тўлашга минг икки юз сўмга сотаман» деганда, харидор «Бўлиб тўлашга минг икки юз сўмга олдим», деса, савдо тўғри бўлади.
Бу каби савдонинг тўғрилигига барча мазҳаблар иттифоқ қилишган.
Нархни бўлиб тўлаш шарти ила қилинган савдо билан рибонинг орасида бир оз ўхшашлик бўлса ҳам, фарқ катта. Чунки, рибода бир тараф берган нарсанинг ўзи маълум муддат ўтгач зиёда қилиб қайтарилади. Масалан, бир кило буғдойни нақд бериб туриб, бир муддатдан кейин бир ярим кило қилиб олади. Ёки минг сўмни қарзга бериб туриб, маълум муддатдан кейин уни минг икки юз қилиб олади.
Нархни бўлиб-бўлиб тўлашда эса, савдо молининг нархи ҳозир минг сўм бўлса, бир йилдан кейин минг икки юз бўлади, дегандек гап. Бу ерда сотувчи пули етмай турган харидорга енгиллик яратиб бермоқда. Қўлига савдо молини тутқазмоқда. Албатта, ҳозирнинг ўзида қўлга тутқазиладиган мол кейин бериладиганидан афзал ва қийматлироқдир.
9. Бир нарсанинг бўлакларини ёки сифатини сотиш.
« Бир нарсанинг бўлаги» деганда, «Мана бу қўйнинг думбасини сотдим» каби савдо тушунилади.
«Бир нарсанинг сифатини сотиш» деганда, ёқут деб сотилган нарса шиша чиқиб қолиши каби нарсалар англанади.
Бу каби савдолар ботилдир.
10. Бировнинг мулкидаги нарсани сотиб олган шахс ўша нарсани ўз қўлига олмай туриб сотиши.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, кўчар мулкни сотиб олган одам уни қабз қилмасдан – ўзи қабул қилиб олмасдан туриб сотиши мумкин эмас. Чунки, ҳали мол унинг қўлига соғ-саломат келадими, йўқми, маълум эмас.