Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Имом Насаий

Шахс | 1222

Имом, ҳофиз, шайхулислом Аҳмад ибн Шуъайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ибн Динор Абу Абдуллоҳ Хуросоний Насаий ҳижратнинг 215 йили Хуросоннинг шаҳарларидан бири бўлган Нисода дунёга келдилар. 

Бу зот китоби «Саҳиҳ» деб тан олинган олти Имомнинг бири эдилар. Асҳоби ҳадислар ичида асллар аҳлининг имоми ва пешқадами эдилар. Ёшлари ўн бешга етганда Қутайба ибн Саъид ал-Балхийнинг ҳузурларига бориб, бир йилу икки ой давомида ҳадис эшитадилар. 

Имом Насаий илм талаб қилиб, Хуросон, Ҳижоз, Миср, Ироқ, Арабистон ярим ороли, Шом каби юртларни кезиб чиқдилар. Сўнгра Мисрда «ал-Қанаадийл» номли машҳур китоб бозори бўлган тор кўчада яшадилар. Бу зотнинг ҳузурларига ҳадис эшитиш учун ҳуффозлар ташриф буюришар эди. Ўша вақтларда бу кишига тенг келадиган киши топилмас эди. Дора Қутний у зотнинг сифатларини зикр қилиб, шундай дейдилар: «Абу Абдураҳмон ҳадис илмида эсга олинганларнинг муқаддами эдилар». Ибн ал-Асийр «Жомиъул-Усул» китобида: «Насаий Шофеъий мазҳабида эдилар ва Шофеъий мазҳабида «Ҳаж» китоблари бор. У киши тақволи, талабчан бўлиб, Довуд пайғамбарнинг рўзасида давомли эдилар», деб айтадилар. Бу зот ровийларни ўз вақтида жароҳатлаб, ўз вақтида таъдил этар эдилар. Шунинг учун жарҳ ва таъдиллари уламолар орасида эътиборлидир.

Имом Насаий таълиф этган китоблар қуйидагилардан иборат: «Сунанул-кубро вас-суғро», «Хасоису фий фазли Али ибн Абу Толиб ва оли байт», «Китобуз-зуафо вал матрукийн», «Маносику Насаий», «Жамъу муснад Молик ибн Анас ва муснад Али ибн Абу Толиб».

Имом Насаийнинг «Ас-Сунанул-Кубро» китоблари аввалига кўпгина заиф ҳадисларни ҳам ўз ичига олган эди. Кейин эса, заиф ҳадисларни олиб ташлаб, саҳиҳларини қолдирганлар ва бу китобларини «Ал-Мужтабо» деб номлаганлар. Мазкур китоб бизнинг вақтимизгача етиб келган.

Имом Насаийнинг «Ал-Мужтабо»ни ёзишларига сабаб, у киши «Ас-Сунанул-Кубро» китобини ёзгач, Рамла деган жойнинг амирига тақдим қилганларида, амир: «Бунинг ҳаммаси саҳиҳми?» деб сўраган. Имом: «Бунда саҳиҳ ҳам, ҳасан ҳам бор», дедилар. Шунда амир саҳиҳларини ажратишни сўради. Шу муносабат билан Имом Насаий «Ас-Сунанул-Кубро» китобларидан саҳиҳ ҳадисларни танлаб, «Ал-Мужтабо» ёки «Ас-Сунанус-суғро» деб номланган китобни ёздилар.

Бу китоб олтита «Саҳиҳ» деб номланган китобнинг биридир. У биринчи марта 1256 ҳижрий санада Ҳиндистонда чоп этилган ва энг ишончли ҳадис китобларидан ҳамда ҳадис уламолари тарафидан заиф ҳадислари энг кам ва мажруҳ кишилари йўқ китоблардан деб тан олинган. Бу жиҳатларга кўра ушбу китоб Абу Довуд ва Термизийнинг ҳадисларига ыиёсланади. Шунингдек, бу китоб ҳадисларни бир ўриндагина келтиришга, зарурат туғилгандагина бошқа жойда ривоят қилишга эҳтимом қилади. Шу билан бирга, ҳадислардан фиқҳ ҳукмларини, иллатлари баёни билан чиқаришга эътибор беради.

Имом Насаийнинг китобларига кўплаб шарҳлар ёзилган. Бу зотнинг устозлари эса қуйидагилардир: Аҳмад ибн Абдата аз-Зоббйи, Аҳмад ибн Манийъ, Башир ибн Муоз ал-Ақдий, Ҳасан ибн Сабоҳ, Муҳаммад ибн Исмоил ибн Айла Димашқий, Муҳаммад ибн Аббон ал-Балхий, Али ибн Ҳожар, Амр ибн Зирората ал-Калбий, Ийсо ибн Муҳаммад ар-Рамлий, Муҳаммад ибн Ҳошим ал-Баълабаккий, Исҳоқ ибн Шоҳийн, Қутайба ибн Саъид, Исҳоқ ибн Иброҳим, Исҳоқ ибн Мансур, Исҳоқ ибн Мусо ал-Ансорий, Иброҳим ибн Саъид ал-Жавҳарий, Иброҳим ал-Жавжоний, Ийсо ибн Ҳаммод, Ҳишом ибн Аммор ва бошқалардир.

Имом Насаийдан Аҳмад ибн Умайр ибн Жавсо, Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Маллаас, Абулқосим ибн Абул Ақиб, Абул Маймун ибн Рашид, Абу Али ат-Табароний, Абу Жаъфар ат-Таҳовий ва бошқалар ривоят қилишган.

Муҳаммад ибн Мусо ал-Маъмуний айтадилар: «Имом Насаий Абу Бакр ва Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳунинг фазийлатларини қўйиб, Али розияллоҳу анҳунинг фазийлатлари ҳақида «Ал-Хасоис» китобини ёзди, деб, уни қабул қилмай, инкор қилаётган қавмни кўрдим. Бу ҳақда Имом Насаийга айтганимда шундай дедилар: «Димашққа кириб, Али розияллоҳу анҳудан узоқлашганларнинг кўпайганини кўриб, «Ал-Хасоис» китобини тасниф қилдим ва Аллоҳдан уларни ҳидоятга бошлашини умид қилдим».

Бу зот таваллуд топган Нисо шаҳри ҳақида маълумот: Шаҳарнинг Нисо деб аталишига сабаб, фотиҳлар Хуросонни фатҳ этишганда шаҳарнинг эркаклари қочиб кетишган экан. Мусулмонлар шаҳарда эркак зотини топа олмай, уни ташлаб ўтиб кетишган экан. Шу сабабли у Нисо («Аёллар») шаҳри, деб аталган экан. У ҳозирги Туркманистон ерларида жойлашган шаҳардир. Бу ердан Имом Насаийдан ташқари Абу Аҳмад Ҳомид Зинжавий ал-Аздий каби катта олимлар ҳам чиққан.

Имом Насаий ҳижратнинг 303 йили Маккада шаҳид бўлдилар ва Сафо-Марва орасига дафн этилдилар.

Шайх Носиф мазкур беш имомдан бошқа бир неча энг машҳур муҳаддисларнинг китобларидан ҳам ҳадислар келтирган. Биз уларнинг ҳам таржимаи ҳолларини қисқача баён этамиз.


Топ рейтинг www.uz Openstat