Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

“Абаса” сураси

Маккада нозил бўлган. 42 оятдан иборат.

 

«Абаса» сўзи «юз буриштирди» деган маънони билдиради. Ушбу сураи карима мазкур сўз билан бошлангани учун унга ном ҳам бўлиб қолган.

Абаса сураси маккий суралардан бўлиб, ақийда ва пайғамбарликка тегишли масалаларни муолажа қилади. Шунингдек, унда инсонни яратишдаги, набототдаги ва таомдаги далиллар орқали Аллоҳ таолонинг Биру Борлиги исбот этилади. Яна Абаса сурасида қиёмат куни ва унинг даҳшатлари ҳақида ҳам сўз кетади.

Сураи кариманинг аввалида аъмо (кўзи ожиз) саҳобий Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳунинг қиссалари келтирилади. У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қурайш аъёнлари билан машғул эканликларини кўрмай, у зот алайҳиссаломга баланд овоз билан: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ ўзингизга ўргатган нарсадан менга ҳам ўргатинг», деб халақит берганлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан ғижиниб, юзларини буриштирганлари ва юз ўгирганлари ҳикоя қилинади. Шундан кейин эса у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мазкур иш туфайли итоби илоҳий келади.

Сўнгра Аллоҳ таолонинг ҳадсиз-ҳисобсиз неъматларига қарамай, инсоннинг ношукр, нонкўр ва кофир бўлиши ҳақида сўз юритилади.

Кейин эса инсоннинг назари ўзининг, Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига далил бўлувчи нарсаларга қаратилади. Ўша нарсалардан ибрат олиб, шукр қилиш ва иймонга келишга даъват қилинади.

Суранинг охирида эса қиёмат ва унинг даҳшатлари, ўша кунда кишилар ўзининг энг яқин кишиларини ҳам ташлаб қочишлари, ўшандоқ оғир кунда мўминларнинг ҳоли қандай бўлади-ю, кофирларнинг ҳоли қандай бўлади, баён қилинади.

Исломнинг аввалида мусулмонларнинг сони секинлик билан ўсган. Набий алайҳиссалом кўп ғайрат қилиб, кўпроқ одамни даъват қилишга уринардилар. Ул зоти бобаракот алайҳиссаломнинг, Маккадаги обрўли, мол-дунёга эга кишилардан ҳам Исломга кириб қолса, яхши бўларди, деган фикрлари бор бўлиб, Макка аъёнлари билан ўтириб, уларни Исломга даъват қилиш билан машғул бўлардилар. Бир куни Қурайш қабиласи аъёнларидан баъзиларини динга даъват қилиб турганларида икки кўзи кўр Абдуллоҳ ибн Умму Мактум исмли саҳобий: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ ўргатган нарсадан менга ҳам ўргатинг», – деб баланд овоз билан қичқириб, келиб қолди. Набий алайҳиссаломнинг нима билан машғул эканликларини билмасдан, бу сўзларни бир неча марта такрорлади. Бу Муҳаммад алайҳиссаломга ёқмади: юзларини буриштирдилар, ундан юз ўгирдилар. Шунда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб, ушбу сураи кариманинг аввалидаги оятларни нозил қилди. Бу ҳам Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий Китоб эканига ёрқин далилдир. Қайси бошлиқ ўзига нисбатан қилинган танқиднинг асрлар бўйи ўқиладиган илоҳий китобда собит бўлишини хоҳлайди?!

Шундан сўнг Набий алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни доимо ҳурмат қилиб юрганлар.


Топ рейтинг www.uz Openstat