Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

“Алақ” сураси

Маккада нозил бўлган. 19 оятдан иборат.

Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг иккинчи оятидаги «алақ» сўзидан олингандир. «Алақ» сўзини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, «зулук» деган маънони англатади. Ҳа, ҳаммамизга маълум бўлган «зулук» номли, чувалчангга ўхшаш, қон сўрдириш учун тиббий мақсадларда ҳам ишлатиладиган ҳайвонни араблар «алақ» дейдилар. Араб тили луғатида эса «алақ» сўзи «ёпишиб-осилиб олиш» деган маънони англатади. Зулук ҳам теккан жойига ёпишиб-осилиб олгани учун «алақ» номини олган. Аммо барча тафсирчиларимиз оятдаги «алақ» сўзига «қотиб қолган қон» деган маънони берганлар. Чунки онанинг бачадонида зулук бўлиши мумкин эмас. Балки эркакнинг манийси аёлнинг тухумчалари ила урчиши оқибатида лахта қон пайдо бўлади, ана ўша ҳомиланинг биринчи босқичи бўлади. Худди мана шу тушунча юзасидан, ҳамма уламолар «алақ»ни «қотган қон», «лахта қон» деб тафсир қилганлар. Улардан олган маълумотларимизга кўра, биз ҳам «Тафсири Ҳилол»нинг биринчи нашрида худди шу маънони келтирганмиз.

Лекин Қуръони Карим олдида барча инсоният ўзининг чегараланган илми ила ожиздир. Илм-фан ривожланиши билан Қуръон маънолари ҳам янгидан-янги маълумотлар ила намоён бўлиб бораверади. Жумладан, ҳомила тўғрисидаги илм ҳам ривожланди. Ўта мураккаб асбоблар ила текширишлар ўтказила бошланди. Ҳомила илми бўйича энг олий халқаро мукофотларни олган ғарблик олимлар манийдаги жониворчалар зулукка ўхшашини кашф этдилар. Энг ажабланарлиси, эркакнинг уруғи аёлнинг тухумчаларига урчиши орқали пайдо бўлган ҳомила ўзининг маълум босқичида худди зулук каби бўлар экан. Бунинг суратлари ҳам нашр этилди. Ўша алақ (зулук) аёлнинг бачадонига ёпишиб олиб, ўзига озуқани сўриб, ривожланиб борар экан. Қуръони Каримнинг ушбу илмий мўъжизасига барча ғарблик олимлар ҳам тан бердилар. Илмий анжуманларда, ўз китоб ва мақолаларида буни қайта-қайта таъкидладилар. Бу Қуръони Каримнинг ҳақиқий илоҳий Китоб эканига далил эмасми?! Қуръоннинг биринчи нозил бўлган лафзлари шунчалик мўъжизаларни ичига олганлиги ҳаммани иймонга, Исломга, тоат-ибодатга чорлаши керак эмасми?!

Бу моддий мўъжиза Қуръони Каримнинг иккинчи оятида ўз аксини топган бўлса, унинг биринчи оятида энг улкан мўъжиза, маънавий мўъжиза ўз аксини топгандир. Бу сўз «Иқроъ» – «Ўқи!» сўзидир. Ҳа, мана шу сураи карима Қуръони Каримнинг энг аввал нозил бўлган сурасидир. Муҳаммад алайҳиссалом Ҳиро ғорида ўзларича ибодат қилиб ўтирганларида, кунлардан бир кун Жаброил алайҳиссалом шу суранинг аввалги беш оятини келтирганлар, қолган оятларни эса кейинроқ олиб келганлар.

Энг муҳими, биринчи сўз «Иқроъ» – «Ўқи»дан иборат бу хитоб ўқиш-ёзишни билмайдиган халқдан чиққан, ўқиш-ёзишни ўрганмаган зотга бўлганидир. Бу хитоб ўқишга ва илмга даъватдир ва Ислом ўзининг биринчи лаҳзаларидан бошлаб илм тарқатиш, жаҳолатни йўқотиш учун келганидан нишонадир.

Алақ сураси инсонни алақдан халқ қилган, Акрам сифатига эга бўлган, қалам билан таълим берган, инсонга у билмаганини билдирган Робби номи билан ўқишга амр қилишлар билан бошланади.

Сўнгра илмсиз бўлиб, молу дунё туфайли туғёнга кетган инсон ҳақида сўз юритилиб, қайтиб бориш Роббининг ҳузуригагина бўлиши таъкидланади.

Кейин эса туғёнга кетганларнинг биттаси қилган кирдикор мисол қилиб келтирилади.

Хотимада эса ўша туғёнга кетган кофир ўз залолатидан, туғёнидан қайтмаса, оқибати ёмон бўлиши таъкидланади ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зот орқали барча мўмин-мусулмонларга туғёнга кетган осийларнинг таҳдидидан қўрқмай, Аллоҳ таолонинг тоатида ва ибодатида бардавом бўлиш амр қилинади.


Топ рейтинг www.uz Openstat