Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Анъом сураси

Маккада нозил бўлган. 165 оятдан иборат.

«Анъом» сўзи «чорва моллари» деган маънони англатади. Сураи кариманинг охирида анъомнинг зикри ва ҳукми келгани учун ҳам у шу номни олган. Бу сура энг узун маккий суралардан ҳисобланади. Ривоятларда келишича, 165 ояти кариманинг ҳаммаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Маккаи Мукаррамада бир кечада, бир йўла нозил бўлган. Бошқа сураларга ўхшаб бўлак-бўлак бўлиб тушмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни дарҳол ёдлаб олганлар ва мирзаларини чақириб, имло қилиб туриб, ёздириб қўйганлар.

Асмо бинти Язийд розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда:

Анъом сураси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бир йўла нозил бўлди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларининг жиловидан ушлаб турар эдим. Суранинг оғирлигидан туянинг суяклари синиб кетай деди», – дейилади.

Имом Тобароний ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда:

Анъом сураси Маккада, кечаси, бир йўла нозил бўлди. Атрофда етмиш минг фаришта тасбеҳ айтиб турдилар», – дейилади.

Шу далилларнинг ўзиёқ бу сураи кариманинг мақоми нечоғли баландлигини ва унда келган масалалар нақадар аҳамиятли эканини кўрсатади.

Бу сураи кариманинг мавзуси ўн уч йил давомида Маккада муолажа қилинган бош масала – ақийда масаласидан иборатдир. Яъни Аллоҳнинг ягона илоҳлигини, ибодатга сазоворлигини, Оламларнинг Тарбиячиси, Розиқи ва Ҳокими эканини инсонларнинг ягона ақийдасига айлантиришдан иборатдир. Чунки инсон ҳаётидаги ҳамма ишлар ақийда асосида ислоҳ қилинмаса, натижа бўлмайди. Фақат соф ва мустаҳкам ақийда асосида олиб борилган ишгина муваффақиятли чиқиши мумкин. Ақийдасиз иқтисод ҳам, сиёсат ҳам, ахлоқ-одоб ҳам, ижтимоий адолат ҳам ва бошқа нарсалар ҳам муваффақиятга эриша олмайди. Шу боисдан Ислом динининг биринчи даври – Қуръони Каримнинг ўн уч йиллик даври шу муҳим масалага бағишланган. Ушбу сураи каримада банда Аллоҳга нисбатан қандай ақийдада бўлиши керак, банда нима қилса, ҳақиқий – тўғри йўлда юрган ҳисобланади – шулар ҳақида баён қилинган.

Суранинг аввалида турли бут ва санамларга сиғинаётган мушрикларнинг амаллари ботил экани баён қилиниб, Аллоҳнинг ягоналигига далиллар келтирилади. Бу оят-аломатларни инкор қилувчиларнинг ҳоли не кечгани мисоллар билан исбот этилиб, Аллоҳнинг ҳақиқий илоҳ экани таърифланади. Инсониятга ушбу ҳақиқатни баён этиш шарафи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга юклатилади. Сурада у зотга «Айт!» деб, такрор-такрор хитоб этилади. Ушбу хитоб бир ояти каримада тўрт марта қайтарилган ўринлар ҳам бор. Умуман, «Айт!» амри сураи каримада қирқ тўрт марта такрорланган. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг таърифотида «У» лафзи кўп қўлланилган.

Суранинг давомида мушриклар инкор этаётган бу Китобни (яъни Қуръонни) аҳли китоблар яхши билиши, ўз навбатида, ширк катта зулм экани ва мушрикларнинг қиёматдаги аҳволлари зикр қилинади.

Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга мушрикларнинг амалларидан ранжимаслик таъкидланиб, тасалли берилади ва ўтган пайғамбарлардан ўрнак олишга чақирилади.

Суранинг сўнгида ҳайвонлар ва экинлар, ҳалол ва ҳаром ҳақида сўз боради.


Топ рейтинг www.uz Openstat