Мадинада нозил бўлган. 75 оятдан иборат.
«Анфол» сўзи «нафл»нинг жами бўлиб, «зиёда» деган маънони англатади. Қуръон истилоҳида эса кофирлар билан бўлган урушда қўлга киритилган ўлжаларга нисбатан ишлатилади. Сураи каримада ўлжалар ҳақида, уларнинг ҳукми масаласида савол-жавоб бўлганидан, суранинг ўзи ҳам ушбу ном ила аталиб қолган. Сураи карима Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинаи Мунавварага ҳижратларининг иккинчи йили, аниқроғи, ҳижратдан ўн тўққиз ой ўтиб, Рамазон ойида бўлиб ўтган катта Бадр урушидан сўнг туша бошлаган. Албатта, бошқа суралар каби, бу сураи карима ҳам бир йўла эмас, балки бўлак-бўлак ҳолда, турли вақтларда нозил бўлган.
Анфол сурасида Бадр уруши ҳақида ҳам гап боради. Маълумки, нафақат Ислом тарихида, балки бутун инсоният тарихида Бадр урушининг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Бу уруш бўлиб ўтган кунни Аллоҳ таоло «Фурқон куни» – «Ҳақ билан ботилни фарқ қиладиган кун» деб номлаган. Шу куни Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга Ислом тарихидаги биринчи улкан ғалабани берди. Бу ғалаба уларнинг узоқ йиллик сабр-бардошлари эвазига берилган илоҳий мукофот эди.
Аслида воқеа бундай бўлган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Абу Суфён ибн Ҳарб бошлиқ Макка мушрикларининг ўттиз ёки қирқ кишилик карвони Шомдан келаётгани ҳақида хабар етди. Бу катта карвонда қурайшликларнинг молу мулклари, тижоратлари бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни қизиқтириб:
«Мана Қурайшнинг карвони, мол-мулки. Унинг йўлига чиқинглар, шоядки, Аллоҳ таоло бу мол-мулкни сизларга ўлжа қилиб берса», – дедилар. Баъзи кишилар кўнгилли бўлиб чиқишга қарор қилдилар. Айримлар боргиси келмади. Чунки улар, ўртада уруш чиқади, деб ўйламаган эдилар. Бадрга отланган мусулмонлар уч юз ўн уч нафар эдилар. Шулардан саксон олтитаси муҳожирлардан, олтмиш биттаси ансорийларнинг Авс ва бир юз етмиштаси Хазраж қабиласидан эди. Авсликлар ҳазражийларга қараганда шижоатли, урушга сабрли эдилар. Аммо сафар масаласи тўсатдан пайдо бўлгани ҳамда яшаш жойлари ҳам Мадинанинг тепароқ қисмида экани сабабидан авсликлар бу гал Бадрга ҳазражликларга нисбатан озчилик бўлиб чиқдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг улови тайёр бўлса, биз билан юрсин», – дедилар. Улови Мадинадан узоқроқда бўлганлар бориб, уловларини олиб келгунларича кутиб туришларини сўрашган эди, кўнмадилар. Мусулмонлар, юқорида айтилгандек, урушни кутмаган, унга тайёргарлик ҳам кўрмаган эдилар. Лекин Аллоҳ таоло уларни душман билан тўсатдан тўқнаштирди.
Абу Суфён Ҳижозга яқинлашган сари сергакланиб, ҳар бир хабарга аҳамият билан қулоқ солиб келаётган эди. Карвон бирор кутилмаган ҳолга дуч келмасин деб, ўтган-кетганлардан маълумотлар тўпларди. Баъзи йўловчилар унга «Муҳаммад саҳобаларини сенга ва сенинг карвонингга қарши оёққа турғизмоқда» деган хабарни етказишди. Абу Суфён ҳушёр тортди. Замзам ибн Амр Ғифорий исмли одамни ёллаб, Маккага жўнатди. «Муҳаммад саҳобалари билан йўлимизни тўсиб чиқди, ким Қурайшнинг молу мулкини ҳимоя қилмоқчи бўлса, зудлик билан етиб келсин!» деган хабар йўллади. Замзам ибн Амр шошилинч Маккага томон йўл олди.
У Маккага дод-вой солиб кириб борар экан:
«Эй Қурайш жамоаси! Ибн Ғолиб фарзандлари! Муҳаммад саҳобалари билан карвонларингизнинг йўлини тўсди. Ёрдам!!! Ёрдам!!! Аллоҳга қасамки, борсангиз, туяларнинг қулоғи кесилган, одамларнинг кўйлаги йиртилган, юклари таланган ҳолда кўрасиз!» – дер эди. Қурайшнинг тинчи бузилди, улар тезда ҳаракатга тушиб қолдилар. Икки кун ичида урушга тайёр бўлдилар. Кучлилари кучсизларига ёрдам берди. Суҳайл ибн Амр, Заъма ибн Асвад, Туъайма ибн Адий, Ҳанзала ибн Абу Суфён, Амр ибн Абу Суфёнлар маккаликларни урушга тарғиб қилишди. Суҳайл одамларга:
«Эй Оли Ғолиб! Муҳаммад ва ясриблик муртадларнинг карвонингизни, молу мулкингизни тортиб олишларига йўл қўясизми?! Кимга мол керак бўлса, мана, олсин, кимга куч керак бўлса, мана куч!» – деди. Умайя ибн Абу Салт унинг мадҳига байт айтди.
Навфал ибн Муовия Дайлий қурайшлик бойларнинг ҳузурига бориб, уларни қўшинни жиҳозлаш учун нафақа беришга даъват қилди. Абдуллоҳ ибн Робиъа унга:
«Мана беш юз динор, хоҳлаган ерингга ишлат», – деди. Хувайтиб ибн Абдулуззо икки юз динор берди. Қурол ва улов учун яна уч юз динор қўшди. Туъайма ибн Адий йигирмата туя ажратди. Қурайшликлардан сафарбарликка бормай қолганлар ўзларининг ўрнига бирорта одам ёллаб юборар эди.
Замзам ибн Амр тушида Макка водийсидан қон оқаётганини кўрди. Отика бинти Абдулмуттолиб ҳам шундай бир туш кўрдики, унда ҳар уйдан одам ўлишига ишоралар бор эди. Фикр-мулоҳазали кишилар урушга боришни хоҳламадилар. Айниқса, Ҳорис ибн Омир, Умайя ибн Халаф, Утба ибн Робиъа, Шайба ибн Робиъа, Ҳаким ибн Ҳизом, Абул Буҳтурий ибн Ҳишом, Али ибн Умайя ибн Халаф, Осс ибн Муннабиҳлар умуман сафардан бош тортдилар. Абу Жаҳл уларни айблади, Уқба ибн Абу Муъайт ва Назр ибн Ҳорислар Абу Жаҳл тараф бўлишди.
Ниҳоят, юришга қарор қилдилар. Сафарларига чирманда билан қўшиқ айтадиган чўри қизларни ҳам олдилар.
Қаерда тўхтасалар, туя сўяр эдилар. Қўшинлари тўққиз юз эллик нафар жангчидан иборат эди. Пиёдаларнинг эгниларидаги совутлардан ташқари, яна юзта отга биттадан совут ортиб олган эдилар. Улар етти юзта туяни ҳам Бадрга томон ҳайдаб борар, юришлари жуда кибрли ва дабдабали эди.
Абу Суфён ҳам одамлари билан келаверди. Буларнинг карвонида мингта туя бор эди. Мадинага яқинлашган сари қўрқувлари ортиб бораверди ва юришни секинлатиб, Замзам ибн Амрнинг ёрдам олиб келишига кўз тика бошладилар. Бадрга етганларида Абу Суфён карвоннинг олдига ўтди. Миясига «Пойлаб туришган бўлса-я», деган қўрқинчли фикр келди. Тезда йўналишни ўзгартириб, карвонни соҳил томон бурди-да, илдам кета бошлади. Бадр чап тарафда қолди.
Қурайшликлар ҳар қулай жойда бир тўхтаб, туя сўйиб, кўринганни меҳмон қилиб келишар эди. Уларнинг ҳузурига Абу Суфённинг чопари Қайс ибн Имруил Қайс келиб, карвонлари қутулиб кетганини билдирди:
«Энди қайтаверар экансизлар. Ўзингизни Ясриб (Мадина) аҳлига қатл эттирмангиз. Энди сизларга эҳтиёж йўқ. Карвон ва мол-мулкингизни ҳимоя қилиш учун чиққан эдингиз, Аллоҳ уларни қутқарди», – деди. У ҳар қанча уринмасин, қурайшликларни ортга қайтишга кўндира олмади. Абу Жаҳл:
«Аллоҳга қасамки, Бадрга бориб, уч кун туриб, туяларни сўйиб, таомларни еб, ароқларни ичиб, чўрилардан қўшиқ эшитиб, маишат қилмагунча, қайтмаймиз. Токи араблар доимо биздан қўрқиб турсинлар!» – деди. Қайс Абу Суфённинг олдига бориб, қурайшликлар йўлларидан қайтмаганларини хабар қилди. Шунда Абу Суфён:
«Ҳолинга вой, қавмим! Абу Жаҳлнинг иши бу! У одамларга бошлиқ бўлиб, туғёнга кетди. Қайтишни хоҳламабди. Ҳаддан ошиш хато ва бадбахтликка олиб боради. Агар Муҳаммадга йўлиқсак, хор бўламиз», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан йўлга чиққанларида, Рамазон эндигина кирган эди. Мусулмонларда бор-йўғи етмишта туя бўлиб, навбат билан миниб келишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳазрати Али ибн Абу Толиб ва Марсад ибн Абу Марсадлар бир туяни, Ҳамза ибн Абдулмуттолиб, Зайд ибн Ҳориса, Абу Кабша ва Онисалар биргаликда бошқа биттасини, ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Умар ва Абдурраҳмон ибн Авф – учовлон яна бир туяни навбат ила минишар эди.
Бадрга яқинлашганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қурайшликларнинг ҳам шу ёққа келаётганлари ҳақида хабар етди. У зот асҳоби киромлар билан маслаҳат қилдилар. Дастлаб Абу Бакр розияллоҳу анҳу туриб, чиройли гаплар айтдилар. Сўнгра ҳазрати Умар туриб, у киши ҳам чиройли гаплар айтдилар. Жумладан:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Қурайш иззатли бўлиб, ўрганиб қолган. У азизликка эришганидан буён ҳеч хор бўлгани йўқ. Аллоҳга қасамки, у ўз иззатини ҳеч қачон бериб қўймайди. Сизга қарши албатта уруш қилади. Бунинг учун қиладиганини қилиб, тайёргарлигини кўриб қўйган», – дедилар.
Сўнгра Миқдод ибн Амр туриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг амрига юраверинг, биз сиз биланмиз. Биз Бану Исроилга ўхшаб, «Сен ва Роббинг икковларинг улар билан урушаверинглар, биз эса бу ерда ўтириб турамиз», – демаймиз. Сиз ва Роббингиз икковингиз уларга қарши уруш қилинглар, биз ҳам сизлар билан бирга жанг қиламиз. Сизни ҳақ ила юборган Аллоҳга қасамки, бизни Баркул Ғимодга (Яманнинг чеккасидаги бир жойга) бошласангиз ҳам кетаверамиз», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлиб, унинг ҳаққига яхши дуолар қилдилар. Шу билан бирга, Расулуллоҳ ансорийларнинг ҳам фикрини эшитишни хоҳладилар. Набий алайҳиссалом улар фақат шаҳар ичидагина менга ёрдам берсалар керак, деб ўйлар эдилар. Чунки улар ҳижратдан олдин иккинчи Ақаба байъатида Расулуллоҳни ўзларини ва болаларини ҳимоя қилгандек ҳимоя этишга ваъда беришган эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ:
«Эй одамлар, менга маслаҳат беринглар!» – дея нидо қилдилар. Шунда Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу туриб:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз бизни назарда тутяпсиз шекилли? – деб сўрадилар. Пайғамбаримиз:
– Шундай, – деб жавоб қилдилар. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу:
– Ўзингизга ваҳий қилинган ишдан бошқасига дучор бўлиб қолганга ўхшайсиз. Биз сизга иймон келтирганмиз. Тасдиқ этганмиз. Сиз келтирган нарсани ҳақ, деб шаҳодат берганмиз. Сизга қулоқ осиб, итоат қилишга аҳду паймон берганмиз. Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, нимани хоҳласангиз, шуни қилаверинг. Сизни ҳақ ила юборган Аллоҳга қасамки, агар бир денгизни кўрсатиб, унга шўнғисангиз, биз ҳам орқангиздан битта қолмай, шўнғиймиз. Кимни хоҳласангиз, ёнингизга олинг, хоҳламаганингиздан узоқроқ бўлинг. Молу мулкимиздан ҳам истаганингизча олаверинг. Сиз олган молимиз ўзимизда қолганидан кўра суюклироқдир. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу йўлдан ҳеч юрганим йўқ, нима бўлишини ҳам билмайман. Аммо эртага душманга йўлиқишдан қўрқмаймиз. Уруш вақтида сабр қиламиз. Тўқнашув пайтида сизга содиқмиз. Шоядки, Аллоҳ бизга кўзингизни қувонтирадиган ишларни насиб этса. Тўғри, баъзи қавмларимиз ортда қолди. Уларнинг сизга бўлган муҳаббати бизникидан кам эмас. Бизнинг сизга бўлган итоатимиз уларникидан кучли эмас. Аммо улар, карвон учун кетилмоқда, деган ўй билан чиқмай қолдилар, холос. Сизга бир соябон қуриб, уловларингизни ўша ерга тўплайлик. Сўнгра душманга рўбарў бўлайлик. Агар Аллоҳ бизни азиз қилиб, душманимиз устидан ғолиб қилса, хўп яхши. Агар иш бошқача бўлса, унда туяларга минасиз-да, ортимизда қолганларга етиб оласиз, – дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам севинганларини билдириб:
– Эй Саъд! Аллоҳ бундан ҳам яхши ҳукм қиладими?! – деб марҳамат қилдилар. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳунинг нутқлари тамом бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Қани, Аллоҳнинг баракоти билан юринглар! Аллоҳ менга икки тоифадан бирини ваъда қилди. Аллоҳга қасамки, мен у қавмнинг йиқиладиган жойларини кўраётгандекман, – дея мужда бердилар. Одамлар жангга дуч келишларини, улар қасд қилган карвон аллақачон ўтиб кетганини англадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари қалбларда нусрат келишига ишонч туғдирди. Ўша куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам байроқ тикишга амр этдилар. Байроқлар учта эди. Бирини Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу кўтариб юрди. Қолган иккитасининг ранги қора бўлиб, уларни Али ибн Абу Толиб ва Саъд ибн Муъозлар кўтаришди. Шунингдек, қурол ҳам ошкор қилинди. Ҳолбуки, Мадинадан чиққанларида байроқ тикилмаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг ўн еттинчи куни, жума кечаси хуфтон пайтида Бадрнинг қуйи томонига келиб тушдилар. Али, Зубайр, Саъд ибн Абу Ваққос ва Басбас ибн Амр розияллоҳу анҳуларни сув олиб келишга буюрдилар. Майда тошли кичик тепаликни кўрсатиб:
«Менимча, ана шу тепалик олдидаги қудуқдан сув топасиз», – дедилар. Улар қудуқ олдида Қурайшнинг сув ташийдиган туялари ва мешкобчиларига дуч келдилар. Баъзилари мусулмонларни кўриб, қочиб қолишди. Ажир (мардикор) Қурайш ҳузурига бориб:
«Эй Бану Ғолиб, анави Абу Кабшанинг ўғли (Расулуллоҳни назарда тутмоқда) ва унинг саҳобалари мешкобчиларингизни тутиб, олиб кетдилар», – деди. Қурайш лашкаргоҳида ҳаяжон кўтарилди. Улар ғазабга миндилар.
Осмондан ёмғир ёғиб турар эди. Ўша кечаси Абу Ясар Убайда ибн Саъийд ибн Осснинг қулини олиб келди. Мунаббиҳ ибн Ҳажжожнинг қули билан Умайя ибн Халафнинг қули мусулмон бўлдилар.
Асирларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтиришганда, у зот намоз ўқиётган эдилар. Улар:
– Биз Қурайшнинг мешкобчиларимиз, бизни сув олиб келишга юборишган эди, – дедилар. Сўроқ қилаётганлар бу гапга ишонмай, ура кетишди. – Биз Абу Суфённинг одамларимиз, унинг карвонида эдик, – деган эдилар, урушдан тўхташди. Расулуллоҳ намозни тугатиб, салом бердилар-да:
– Агар сизга тўғрисини айтишса, урасизлар, ёлғон гапиришса, тўхтайсизлар-а?! – деб асирларга қарата савол бера бошладилар. Мешкобчилар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Қурайш ушбу тепаликнинг ортида эканини, ҳар куни тўққиз-ўнта туя сўяётганларини, Маккадан кимлар чиққанини айтиб беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Уларнинг сони минг билан тўққиз юз орасида экан. Мана, Макка ўзининг жигаргўшаларини сизга қарши юборибди, – дея вазиятга баҳо бердилар.
Сўнгра саҳобаларига қаерга жойлашиш ҳақида маслаҳат солдилар. Машваратда Ҳаббоб ибн Мунзир Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
– Эй Аллоҳнинг Расули, бу жойга сизни Аллоҳ туширдими? Ундан силжишнинг иложи борми? Ёки уруш ва ҳийла учун тушдингизми?
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Уруш ва ҳийла учун тушган эдим, – дедилар. Ҳаббоб ибн Мунзир:
– Эй Аллоҳнинг Расули, ундай бўлса, бизларни мушрикларга энг яқин қудуққа олиб боринг. Бу ер жанг қилишга ноқулай, ўша томонда эски бир қудуқ бор. Унинг суви ширин, ҳам тугамайди, кўп. Ундан идишларимизни сувга тўлдириб оламиз-да, жанг қилаверамиз, – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳаббобнинг фикрини маъқулладилар. Ислом лашкари Бадрдаги эски қудуқ ёнига бориб, ўрнашди. Расули Акрам кечаси билан намоз ўқиб чиқдилар. Бу оқшом жума кечаси бўлиб, Рамазон ойининг ўн еттинчиси эди. Ҳаббоб айтган ишлар амалга оширилди.
Аллоҳ таоло осмондан ёмғир ёғдирди. Мусулмонлар турган жойга ерни ҳўл қиладиган, аммо юришга ҳалақит қилмайдиган даражада ёғди. Қурайшликлар эса ёмғир кўп ёққанидан, юра олмай қолдилар. Улар қумлик жойга тушган эдилар. Ёмғир мўмин-мусулмонлар учун неъмат ва раҳмат, мушриклар учун бало ва офат бўлди.
Ўша кеча мусулмонларни қаттиқ мудроқ босди. Ҳаммалари ухлаб қолдилар. Баъзиларининг боши эгилиб, кўксига тушиб қолса ҳам сезмас, ёнбошларига йиқилганларидагина ўзларига келардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аммор ибн Ёсир ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумоларни душман томонга вазиятни ўрганиб келиш учун юбордилар. Икковлари яширинча Қурайш лашкарини айланиб чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мушриклар қаттиқ қўрқинчда эканининг, осмон ҳам уларни тинч қўймаётганининг хабарини етказишди.
Қудуқ бўйига жойлашганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хурмо шохлари ва пўстлоғидан бир қароргоҳ – капа қурилди. Унинг эшиги олдида Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу қиличини яланғочлаб, қоровулликда турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уруш бўладиган манзилни айланиб чиқдилар. Саҳобаларига қурайшлик кофирларнинг бошлиқлари ўлдириладиган ўринларини кўрсатдилар. «Мана бу Фалончининг ўладиган жойи, мана бу Пистончиники», деб бирма-бир айтиб чиқдилар (уларнинг ҳаммаси Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган жойларда ҳалок бўлдилар). Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафларни тўғриладилар. Кейин қароргоҳга қайтдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам у киши билан бирга капага кирдилар.
Тонг отганда Қурайш оёққа турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тепалик томондан келаётганини кўргач:
«Аллоҳим, мана бу Қурайш ўз кибриёси ва фахри ила Сенга қарши келмоқда. Сенинг Пайғамбарингни ёлғончи қилмоқда. Аллоҳим, менга ваъда қилган нусратингни бер. Аллоҳим, уларни...» – деб Роббларига илтижо қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Утба ибн Робиъанинг қизил туя миниб келаётганини кўриб, дедилар: «Агар қавмдан бирортасида яхшилик бўлса, шу қизил туя эгасида бўлади. Агар унга итоат қилсалар, тўғри йўл топадилар».
Улардан бир тўпи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузларига келиб, тўхтадилар. Мушриклар орасида Ҳаким ибн Ҳизом ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уларга тегманглар», – дедилар. Ўша куни ким ҳовуздан сув ичган бўлса, ҳаммаси ҳалок бўлди. Фақат Ҳаким ибн Ҳизомгина тирик қолди. Кейинчалик Исломга кириб, яхши мусулмон бўлди.
Қурайшликлар бир оз нафасларини ростлаганларидан сўнг Умар ибн Ваҳб Жамҳийни мусулмонларнинг сонини билиб келиш учун юбордилар. У қайтиб бориб: «Улар уч юз киши атрофида, лекин менга яна бир оз муҳлат беринглар, пистирмаси ёки мадад кучлари бор-йўқлигини билиб келаман», – деди.
Водийни роса айланди, анча ичкарига кириб кўрди. Қайтиб келиб, қавмига шундай деди:
«Ҳеч нарса кўрмадим. Аммо, эй Қурайш жамоаси, балолар ўлимларни кўтариб келаётганга ўхшайди... У қавмнинг қиличидан бошқа қуроли йўқ, мавқе жиҳатдан устунликка ҳам эга эмас, беркинадиган жойи ҳам йўқ. Аллоҳга қасамки, уларнинг ҳар бири сиздан бир одамни қатл этмасдан туриб ўлмайди. Агар улар сиздан ўз сонларича одамни ўлдирсалар ҳам, бу дунёда юришингизда яхшилик қолмайди. Бир ўйлаб кўринглар».
Ҳаким ибн Ҳизом бу сўзларни эшитгандан сўнг, одамлар ичида айланиб юриб, охири Утба ибн Робиъанинг олдига борди ва унга:
– Эй Абу Валид, сен Қурайшнинг каттасисан, улуғисан, сенга итоат қилишади. Дунё тургунича номинг яхшилик билан ёд этилишини хоҳлайсанми? – деди.
– Хўш, нима демоқчисан?
– Одамларни бу йўлдан қайтар. Иттифоқдошинг Омир ибн Хазражийни ҳам қайтишга кўндир.
– Хўп, мен шундай қиламан. Сен менга ёрдам бер. У менинг иттифоқдошим, у талаб қилаётган хунни бераман, молининг зарарини ҳам тўлайман. Сен ибн Ҳанзалага (Абу Жаҳлга) бор. Одамларни бузса, ўша бузади, деб ўйлайман.
Сўнгра Утба ибн Робиъа баланд овозда сўзлай бошлади:
«Эй Қурайш жамоаси! Аллоҳга қасамки, сизлар Муҳаммад ва унинг саҳобалари билан тўқнашиб, бирор яхшиликка эриша олмайсизлар. Аллоҳга қасамки, уни мағлуб этган тақдирингизда ҳам, одамларнинг юзига қарашга уяласиз. Биров амакиваччасини ўлдирса, бошқа биттаси тоғаваччасини, яна бири қариндошини ўлдирган бўлади. Қайтинглар, Муҳаммадни бошқа арабларга қўйиб беринглар. Агар уни енгсалар, сиз хоҳлаган иш бўлади, енголмасалар»
Ҳаким ибн Ҳизом Абу Жаҳлнинг олдига борганида, у совутини олиб, кийишга тайёрлаётган эди. У:
– Эй Абул Ҳаким, Утба мени сенинг олдингга юборди, – деб ўтган гаплардан Абу Жаҳлни хабардор этди. Шунда Абу Жаҳл:
– Аллоҳга қасамки, Утба Муҳаммад ва унинг саҳобаларини кўриб, қўрқиб кетибди. Аллоҳга қасамки, Худо биз билан Муҳаммаднинг ўртасида Ўз ҳукмини чиқармагунча, йўлимиздан қайтмаймиз. Утбанинг ҳукми бизга керак эмас. Мусулмонларнинг орасида унинг ўғли ҳам бор, шунинг учун сизларни қўрқитяпти, – деб, Ҳакимнинг таклифини кескин рад этди. Сўнгра Омир ибн Ҳазражийга одам юбориб: – Анави иттифоқдошинг одамларни қайтариб олиб кетмоқчи. Сен ўч олиш лозимлигини яхши биласан, чунки уларнинг босқинчилигини ўз кўзинг билан кўргансан. Тур, одамларга аҳд қилганингни билдир, укангни ўлдирганларини сўзла! – деб тайинлади.
Омир ибн Ҳазражий Абу Жаҳлнинг ташвиқи билан ўртага чиқди-да, «Вой Умарим!» – деб қичқира бошлади. Одамларни урушга қизиқтирди. Уларни Утба ибн Робиъа айтган гаплардан қайтарди. Мушриклардан Асвад ибн Абдуласад Махзумий олдинга чиқиб (у бадхулқ, жаҳлдор одам эди), кибр билан бундай деди:
«Аллоҳга сўз бераманки, уларнинг ҳовузидан сув ичаман, ё уни бузиб ташлайман, ёки шу йўлда ўлиб кетаман!»
Бироқ Асвад ниятига етолмади. Унинг йўлини Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу тўсиб чиқди. Илк тўқнашувдаёқ Ҳамза розияллоҳу анҳу унинг оёғини кесиб ташлади. Асвад чалқанчасига ағдарилиб тушди ва оёғидан шерикларига қараб қон отила бошлади. У сўзининг устидан чиқиш учун ҳовуз томон эмаклаб кетди. Ҳамза розияллоҳу анҳу орқасидан бориб, бир йўла ўлдириб қўяқолди.
Шундан кейин Утба ибн Робиъа укаси Шайба ва ўғли Валид билан олдинга чиқиб, мусулмонларни яккама-якка олишувга чақирди. Уларнинг қаршисига ансорийлардан уч йигит – Ҳориснинг ўғиллари Авф ва Муавваз ҳамда Абудуллоҳ ибн Равоҳалар чиқишди. Мушриклар:
– Сизлар кимсизлар? – деб сўрашди.
– Биз ансорийлармиз, – деб жавоб беришди улар.
– Бизнинг сизлар билан ишимиз йўқ! – дейишди мушриклар. Сўнгра улардан бири:
– Эй Муҳаммад! Бизга ўз қавмимиздан бизга тенг келадиган тузукроқ одамни чиқар! – деб бақирди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Эй Убайда ибн Ҳорис, тур! Эй Ҳамза, тур! Али, сен ҳам тур! – дедилар.
Улар душманга рўбарў бўлишди. Мушриклар:
– Сизлар кимсизлар? – деб сўрашди яна. Убайда:
– Мен Убайдаман, – деди. Ҳамза:
– Мен Ҳамзаман, – деди. Али:
– Мен Алиман, – деди. Шунда:
– Яхши, бизга тенг келадиган аслзодалардан экансизлар, – деб, рақибларига ташландилар.
Ёши ўтиб қолган Убайда Утба ибн Робиъа билан жанг бошлади. Ҳамза Шайбага, Али эса Утбанинг ўғли Валидга ҳамла қилди. Ҳамза бирпасда Шайба ибн Робиъани ер тишлатди. Али ҳам Валидни ўлдирди. Убайда билан Утба зарба бериб, бир-бирларини ярадор қилдилар. Ҳамза ва Али ёрдамга отилишди. Қиличлари билан Утбани чопиб ташлаб, шерикларини даст олдилар-да, орқаларига қайтдилар.
Сўнгра икки тараф бир-бирига яқинлаша бошлади. Расулуллоҳ саҳобаларига буйруқ бўлмагунча, жилмасликни амр қилдилар. «Агар улар яқинлашиб келсалар, камондан ўққа тутинглар», – деб тайинладилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафларни яна бир бор тўғрилаб, капага қайтдилар. У киши билан бирга фақат Абу Бакр розияллоҳу анҳу кирдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан нусрат юборишини, ваъдасининг устидан чиқишини сўраб, дуо қилдилар.
«Аллоҳим! Агар бугун ушбу жамоа ҳалок бўлса, ер юзида Сенга ибодат қиладиган одам қолмайди», – деб Роббларидан мадад сўрар эдилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам капа ичида турганларида, бир мудроқ босгандай бўлди. Сўнг кўзларини очиб:
«Суюнавер, Абу Бакр! Аллоҳнинг нусрати етди. Ана, Жаброил отининг жиловидан тутиб келмоқда», – дея марҳамат қилдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг озод қилган қули Маҳжаъга камон ўқи тегиб, жон берди. Шундай қилиб, у биринчи шаҳидлик мақомига эришди. Кейин ҳовуздан сув ичаётганида томоғига ўқ санчилиб, Ҳорис ибн Суроқа ҳам шаҳид бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб, одамларни шижоатлантириб:
«Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, кимда-ким сабр билан, савоб умидида олдинга интилиб, ортга қочмай, уруш қилса ва ўлса, Аллоҳ уни жаннатга киритади!» – дедилар.
Жаннатнинг нақд хабарини эшитган Умайр ибн Ҳамом розияллоҳу анҳу:
«Оҳ, оҳ!!! Менинг жаннатга киришимга анавилар томонидан ўлдирилишим кифоями?!» – деди-да, қўлида еб турган хурмоларини ерга улоқтириб, қиличини суғурганича урушга кириб кетди ва шаҳид бўлди.
Икки томон бир-бирига тўқнашган пайтда Абу Жаҳл ҳам:
«Аллоҳим! У қариндошлар орасини бузадиган, бунинг устига, бизга бутунлай нотаниш бўлган нарсани олиб келди. Бугун уни синдиргин!» – деб илтижо қиларди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сиқимларини тўлдириб майда тош олдилар ва «Юзлар қабиҳ бўлсин» деган маънодаги «Шаҳатил вужуҳ!» калимасини айтиб, Қурайшга томон отдилар. Саҳобаларга «Маҳкам туринглар», деб далда бердилар.
Мушриклар енгилди. Аллоҳ хоҳлаганича Қурайш бошлиқлари ўлдирилди, бир қисми асир олинди.
Одамлар асирларни ҳайдаб келаётганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам капада ўтирган эдилар. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу бир гуруҳ ансорийлар билан қиличларини яланғочлаганча капа эшиги олдида у зотни қўриқлаб туришарди.
Ўша куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга хитоб қилиб, дедилар:
«Мен билдимки, ҳошимийлар ва яна баъзи одамлар урушга мажбуран олиб келинганлар. Бирортангиз ҳошимийни ўлдирмасин. Ким Абул Бухтирий ибн Ҳишом ибн Асадни кўрса, ўлдирмасин. Ким Аббос ибн Абдулмуттолибни кўрса, тегмасин. Уни мажбур қилиб олиб келишган».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абул Бухтирийни ўлдирмасликка амр этганларига сабаб, у Пайғамбаримизга Маккада ёмонлик қилмаган эди. Ундан озор ҳам, бирон ёмонлик ҳам етмаган эди. Бану Ҳошим ва Бану Муттолибга қарши қурайшликларнинг фитналарини амалдан қолдирганлардан бири у эди.
Асирларга оид ишлардан фориғ бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликлар ичидан Абу Жаҳлнинг жасадини топишни буюрдилар. Уни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу жон берай деб турганда топди ва ўлдирди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликларни эски қудуққа ташлашга амр қилдилар. Умайя ибн Халаф совути ичида шишиб кетган эди, уни кўтариб бўлмади. Устидан тош ва тупроқлар билан кўмиб қўяқолишди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эски қудуқ олдига келдилар-да, мушрикларнинг жасадларига қарата:
– Эй қудуқда ётганлар, Роббингиз ваъда қилган нарсанинг ҳақ эканини билдингизми?! Мен Роббим ваъда қилган нарсанинг ҳақ эканини билдим – дедилар. Саҳобалар:
– Эй Аллоҳнинг Расули, ўлик одамларга ҳам гапирасизми? – деб ҳайратларини баён қилдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Батаҳқиқ, Роббларининг ваъдаси ҳақ эканини билдилар, – деб жавоб қайтардилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанггоҳда қолган ашёларни тўплашга амр қилдилар. Ҳамма нарса тўпланди. Мусулмонлар ўша тўпланган нарсалар устида тортиша бошладилар. Уларни тўплаганлар «Бу бизники», дедилар. Душман билан уруш қилиб, унинг ортидан қувиб кетганлар «Аллоҳга қасамки, биз бўлмаганимизда, ҳеч нимага эгалик қилолмасдингиз. Душман билан биз урушдик, сиз эса бу нарсаларга эга чиқмоқдасиз» – деб эътироз билдирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўриқчилик қилганлар «Аллоҳга қасамки, ўлжаларга биздан кўра ҳақлироқ эмассиз. Буларнинг ҳаммаси кўз олдимизда турди. Агар олсак, ким бизга монелик қиларди. Лекин Расулуллоҳга душман ҳужум қилиб қолмасин деб, қўриқлаб турганимиз учунгина олмадик, сиз биздан кўра ҳақлироқ эмассиз», – дедилар.
Шунда Аллоҳ ўлжалар ҳақидаги оятларни нозил қилди.
Барча ўлжалар Расулуллоҳнинг қўлларига топширилди. Уларни қандай тақсим қилишни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асирларни саҳобаларга тарқатдилар ва уларга яхши муомалада бўлишни тайинладилар.
Мисъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ўтиб кетаётса, туғишган укасини бир ансорий асир қилиб олиб кетаётган экан. Унга қараб:
«Буни маҳкам ушла, онасининг мол-дунёси кўп. Сендан сотиб олиши мумкин», – деди. Ўша асир – Абу Азиз ибн Умайр айтади:
«Мени Бадрдан ушлаб, ансорийлар яшайдиган жойга олиб келишди. Агар уларга бирон егулик келтирилса, нонини менга бериб, ўзлари хурмо ер эдилар. Кимнинг қўлига нон тушса, менга келтириб берарди. Мен нонни қайтарсам, улар қўл ҳам теккизишмас эди».
Анфол сураси биз қисқача зикр қилиб ўтган Бадр ғазоти тўғрисида нозил бўлган. Аллоҳ таоло ушбу ғазотдаги воқеалар қиёматгача одамларга ибрат бўлиб қолишини ирода қилди.
Суранинг аввалида одамларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «анфол» – «ўлжалар» ҳақида сўрашгани айтилиб, орқасидан ўша саволга батафсил жавоб келади.
Сўнгра Бадр урушида мўмин-мусулмонларга Аллоҳнинг Ўзи ёрдам бергани, уларга мадад бўлиши учун фаришталарни туширгани зикр қилинади.
Сура давомида уруш пайтида риоя қилиш лозим бўлган кўрсатмалар ҳақида ҳам сўз кетади. Турли ихтилофлардан сақланиш лозимлиги таъкидланади.
Омонатга хиёнат қилмаслик зарурлиги уқтирилиб, тақво қилганларга икки дунёда ҳам манфаат борлиги айтилади.
Шу билан бирга, кофирларнинг Маккада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан қилган душманликларига ҳам тўхтаб ўтилади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига бу дунёда бошқа пайғамбарларнинг умматларига келганидек, оммавий азоб бўлмаслиги ҳақида хабар берилади.
Жоҳилият пайтидаги мушрикларнинг баъзи урф-одатлари ҳам тилга олинади ва танқид қилинади.
Сўнгра яна ўлжалар ҳақида сўз юритилиб, уларнинг ҳукми баён этилади.
Бадр уруши куни мусулмонлар ва кофирлар эгаллаган мавқелар ҳақида ҳам сўз юритилади.
Кейин эса душман билан тўқнашилганда собит туриш, қўрқмаслик ва доимо Аллоҳни зикр қилиш уқтирилади. Талашиб-тортишишлардан ва ихтилофдан қайтарилади.
Шиддатли пайтларда шайтон кофирларни ташлаб қочиши ҳақида ҳам, аҳдни бузганлар ҳақида ҳам гап кетади.
Шундан сўнг мусулмонлар учун энг муҳим ишлардан бири – душманга қарши тайёргарлик кўриб қўйиш зарурлиги масаласи кўтарилади ва ҳарбий ҳолатларга доимо шай туриш кераклиги уқтирилади. Мусулмон аскарларнинг маънавий, руҳий кучлари ҳам яхши тарбияланган бўлишига аҳамият берилади, тинчлик тарафдори бўлиш айтилади. Мўмин-мусулмонларнинг қалбларига Исломни сингдириш ҳақида оятлар келади.
Асирлар ҳақидаги ҳукмлар ҳам шу сурада эълон этилади. Ва, ниҳоят, сураи кариманинг охирида Ислом робитаси ҳақида сўз кетади.