Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Аҳқоф сураси

Маккада нозил бўлган. 35 оятдан иборат.

Бу сураи кариманинг номи унинг ўзидаги 21-оятдан олингандир. «Аҳқоф» сўзи Од қабиласи яшаб ўтган диёрларнинг номи бўлиб, луғавий жиҳатдан «қум тепаликлар» деган маънони англатади.

Аҳқоф сураси бошқа маккий суралар каби ақийда масаласини муолажа қилади. Бу сурада Аллоҳнинг ягоналигига, ваҳий ва пайғамбарлик, ўлгандан сўнг қайта тирилиш ҳамда ҳисоб-китоб бўлиши ҳақлиги масалаларига алоҳида аҳамият берилади.

Бу сурада Ҳуд алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилган Од қавми қиссаси келтирилади. Улар ўз пайғамбарларини ёлғончига чиқариб, саркашлик қилганларидан сўнг, Аллоҳ таолонинг азобига дучор бўлганликлари ҳикоя қилинади.

Сура кўзга кўриниб турган борлиқ Аллоҳнинг улуғлигига, қудратига далил эканига ишора қилиш билан бошланади.

Ундан сўнг мушриклар сиғинаётган сохта худолар фош қилиниб, улар ҳеч нарсани эшита олмасликлари, дуони ҳам қабул қила олмасликлари, уларга эътиқод қилаётганлар катта хато қилаётганлари баён этилади.

Кейин эса Макка мушрикларининг Муҳаммад алайҳиссаломнинг уммий (ўқиш-ёзишни ўрганмаган одам) эканликларини яхши билсалар ҳам, «Қуръонни унинг ўзи тўқияпти, у ёлғончи, худонинг номидан гапирмоқчи», деб Қуръонга қарши чиққанлари, ваҳий ва пайғамбарликка нисбатан зид муносабатлари баён қилинади.

Шу аснода икки хил инсон тоифаси ҳақида сўз юритилади.

Биринчиси – аввал бошдан Аллоҳга иймон келтириб, ибодатларини бажарган, тўғри инсоний йўлда ўсган, иймон йўли ҳам, насаб йўли ҳам рисоладагидек бўлиб, ўз Роббининг ва ота-онасининг ҳақларини адо этган ва шулар боис, жаннатга сазовор бўлиб, ҳаққини таниган, ҳидоятдаги мўмин инсон.

Иккинчиси эса – тўғри йўлдан озиб, инсонийлик табиатини бузиб, иймон йўли ўрнига куфрни ихтиёр қилган, Аллоҳ таолонинг ва ота-онасининг ҳаққини унутган динсиз инсондир. Албатта, унинг жазоси жаҳаннам бўлажак.

Шу орада қиёматнинг даҳшатли манзараларидан бири – кофир ва жиноятчи қавмларнинг хору зор бўлиш манзараси ҳам келтирилади. Аллоҳга иймон келтирмай, қиёматга ишонмай, охиратни унутиб юрганларнинг оқибати нима бўлиши тасвирланади.

Сўнгра Худ алайҳиссаломнинг кибрга, туғёнга кетган қавмлари қандай ҳалокатга учраганлиги баён қилинади. Бу қавм Қуръонни инкор қилаётган Макка аҳлидан кўра жисмонан бақувват, улкан гавдали, қадамидан ер титрайдиган бўлишига ва бошқа кўпгина устунликларига қарамасдан, Аллоҳ таоло уларни арзимаган сабаб билан ҳалок қилди. Бошқалар ҳам куч-қувватига ишониб, катта кетмасин, деган танбеҳ учун келтирилган бу қиссадан ибрат олишга даъват қилинади.

Кофир қавмлар инсонликларига ор келтириб, Яратганнинг чақириғига қулоқ осмай, иймондан, Исломдан, хайр-баракадан юз ўгириб юрган бир пайтда, бир гуруҳ жинлар келиб, Қуръонга қулоқ осиб, иймонга келганлари, ундан таъсирланиб, тезда ўз қавмларини иймонга чақириб, уларга мағфират ва раҳмат башоратини етказишга шошилишлари ҳам сурада ўзига хос услубда баён этилади.

Хотимада эса Аллоҳ таоло Ўз ҳабиби Муҳаммад алайҳиссаломни сабрга чақириб, кофирларга тезроқ азоб келишига ошиқмасликка буюради. Чунки уларни кутиб турган нарса шундоқ ҳам жуда яқиндир.


Топ рейтинг www.uz Openstat