Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Аҳзоб сураси

Мадинада нозил бўлган. 73 оятдан иборат.

«Аҳзоб» сўзи «ҳизб»нинг кўплиги бўлиб, «гуруҳлар» ёки «фирқалар» деган маънони англатади. Душманлар барча гуруҳ ва фирқалари ила Исломга қарши курашганлари учун «Аҳзоб» номи билан тарихга кирган уруш ҳақида ҳикоя қилувчи оятлари борлиги сабабли, ушбу сура «Аҳзоб» деб аталиб қолган.

Аҳзоб сураси ҳам ўзига хос услубга эга. Унда Бадр урушидан то Ҳудайбия сулҳигача бўлган даврдаги мусулмон жамоаси ҳаётининг турли жиҳатлари, Ислом жамиятининг жоҳилий эътиқод ва тасаввурлардан покланиш жараёни ҳақида ҳикоя қилинади. Шариатнинг янги ҳукмларини жорий этиш ҳақида сўз боради. Шу билан бирга, ушбу сурада Исломни ва мусулмонларни ер юзидан йўқ қилиб ташлашга бел боғлаган кофир гуруҳларга қарши кураш ҳам тасвирланади.

Аҳзоб сурасида асосан мусулмонлар жамиятини барпо этиш учун зарур бўлган кўрсатмаларга ва ижтимоий одоб-ахлоқ масалаларига жиддий эътибор берилган. Масалан, тўй-маросимларда лозим бўладиган одоб-ахлоқ, аёлларнинг ҳижоби, очиқ-сочиқ ҳолда юриш мумкин эмаслиги ва ўзларини қандай тутишлари лозимлиги масаласи баҳс этилган. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қай тарзда муомала қилиш лозимлиги ҳам кўрсатилган. Бошқа яна бир қанча ижтимоий одоб-ахлоқ ҳақида сўз юритилган. Аҳзоб сурасида жоҳилият қонунлари ва урф-одатларидан бўлмиш зиҳор, фарзанд асраб олиш, мерос, асраб олган боласининг хотинига уйланиш каби масалаларга Ислом нуқтаи назаридан қандай ёндашиш кераклиги баён этилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўп хотинли бўлишларининг ҳикматларига ҳам тўхтаб ўтилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш, шаръий ҳижоб, тўй-маросимларга чақириш каби масалалар юзасидан шариатнинг ҳукми баён қилинади.

Шунингдек, мусулмонларнинг ташқи олам билан, бошқа жамиятлар билан ўрнатадиган алоқалари ҳам тилга олинади. Бу жиҳат, айниқса, Аҳзоб ва Бану Қурайза урушларини тасвирлаш ва муолажа этиш жараёнида кўзга ташланади.

Аҳзоб сураси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳга тақво қилишга, кофир ва мунофиқларга итоат этмасликка буюриш билан бошланади. У зоти бобаракот ўзларига келган ваҳийга эргашишлари ва Аллоҳга таваккул қилишлари лозимлиги уқтирилади.

Сўнгра жоҳилий урф-одатларнинг ботил жиҳатлари очиб ташланади. Ақлли, зийрак одамнинг иккита қалби бўлади, деган тасаввурнинг ва бошқа жоҳилий одатларнинг ботиллиги айтиб ўтилади.

Жоҳилий арабларда «зиҳор» деб номланган ҳукм бор эди. Унга кўра, ким ўз хотинига «Сен мен учун онамнинг орқаси кабисан», деса, унга хотини худди онасидек бўлиб қолади, деб ҳисобланарди.

Сурада ўша ҳукм ботил этилади. Шунингдек, фарзанд асраб олиш бўйича улар жорий этган ҳукмлар ҳам бекор қилинади.

Сурада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ислом умматига ҳаммадан афзал валий эканликлари, у зотнинг завжаи мутоҳҳаралари мўминлар учун маънавий она саналишлари ҳақидаги оятлар ҳам бор.

Шунингдек, бу сурада мерос ҳақидаги нотўғри тушунчалар ҳам тузатилади.

Мўминларга ҳужум қилган душманларни Аллоҳ таоло Ўз неъмати ила даф этгани ҳақида сўз кетади. Аҳзоб ва Бану Қурайза урушлари жонли қилиб тасвирланади. Уруш вақтида мўминлар ўзларини қандай тутганлари-ю, мунофиқлар қандай тутганлари ажойиб бир услубда ҳикоя қилинади.

Кейин эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у кишининг покиза завжалари – жуфти ҳалоллари орасида бўлиб ўтган баъзи бир ҳолатлар баён этилади.

Хусусан, маишат масаласида кенглик талаб қилган оналаримизга нисбатан бўлган муомала очиқ-равшан келади.

Сўнгра ҳазрати Зайнаб бинти Жаҳшнинг Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуга турмушга чиқишлари ва улар орасида бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақида сўз кетади.

Уларнинг ораларига талоқ тушиши ҳам айтилади. Кейин Аллоҳнинг амри билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари асраб олган Зайднинг талоқ қилган аёлига уйланишлари ҳақидаги оятлар келади. Бу иш Расулуллоҳ учун оғир кечгани, у зот турли мулоҳазаларга борганлари ҳам зикр этилади. Шу муносабат билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, умуман, мўминлар ҳузуридаги мақомлари баён қилинади.

Булардан кейин талоқ масаласи келади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кимларга уйланишлари мумкин-у, кимларга мумкин эмаслиги зикр қилинади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари, қизлари ва мўмина аёллар ўзларини қандай тутишлари лозимлиги ҳам баён этилади.

Ниҳоят, сураи карима Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан инсонга осмонлару ер ва тоғлар ҳам кўтара олмаган улкан омонат юклатилганлиги ҳақидаги оятлар билан тамомланади.


Топ рейтинг www.uz Openstat