Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

"Аъроф" сураси

Маккада нозил бўлган. 206 оятдан иборат.

Ушбу сурага ўзининг ояти карималаридан бирида келган «аъроф» сўзи ном қилиб олинган. «Аъроф» калимаси араб тилида «баландлик»«юқори жой» деган маъноларни англатади. Араблар хўрознинг тожини ҳам «араф» дейдилар. Ушбу суранинг «Аъроф» деб номланишига сабаб эса унда жаннат билан дўзах орасидаги баландлик жой – девор васф қилинганлигидир. Қиёматда баъзи одамлар «аъроф» деб номланган ўша баланд деворда туриб, у ердан жаннат ва дўзах аҳлларини таниб, улар билан суҳбатлашадилар.

Маккада нозил бўлган бошқа суралар каби, Аъроф сурасининг бош мавзуси ақийда масаласидир. Аммо ушбу сураи карима бу муҳим масалани, бошқа суралардан фарқли ўлароқ, ўзига хос услубда – ўтган умматларнинг қиссалари орқали муолажа қилади. Бу сурада Одам алайҳиссаломдан тортиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача – барча пайғамбарлар ҳақида сўз кетади.

Сураи кариманинг аввалида икки масала: Қуръони Карим масаласи ва Қуръонни ҳамда илоҳий ваҳийни инкор қилувчилар масаласи муолажа этилади. Қиёмат куни бу ҳақда албатта сўроқ-савол бўлиши таъкидланади. Чунки Аллоҳ таоло инсонларга бу дунёда турли неъматларни берган. Инсон ушбу неъматларга шукр қилиб яшамоғи лозим. Шукр эса неъматни неъмат Берувчи рози бўладиган тарзда сарфлаш ва неъмат Берувчига мақтовлар айтиш билан бўлади.

Ушбу сурада ўша улуғ неъматлардан бири Одам Атони улуғлаш экани эслатилиб, унинг қиссаси келтирилади. Одам болалари огоҳлантирилади. Кишиларнинг ҳидоятга ёки залолатга кетишларининг сабаблари баён қилинади.

Сўнгра одамларга бериладиган моддий неъматлар – кийим-бош ва таомлар ҳақида гап кетади. Бу неъматлардан фойдаланишда исрофчи бўлмаслик таъкидланади. Ҳар бир умматнинг ҳам худди алоҳида шахслар каби, ажали борлиги баён қилинади. Ислом дини осонлик дини экани айтилади.

Кейин қиёмат куни манзаралари орасидан мазкурларга мос манзара келтирилади. Кофирларнинг ҳоли, орзу-умидлари, Аллоҳнинг иши ва иродасининг юзага чиқиш кайфияти баён қилинади. Дуо одоблари, ҳақиқат далиллари келтирилади.

Яна Нуҳ, Ҳуд, Лут ва Шуъайб алайҳиссаломларнинг ҳамда Самуд қавми қиссалари берилади ва ушбу қиссаларда ибрат борлиги таъкидланади.

Сўнгра Мусо алайҳиссалом, Фиръавн ва Бану Исроил қиссалари батафсил зикр этилади. Ундан сеҳр ва сеҳргарлар, тўққиз оят-мўъжиза, заифҳол кишилар, Бану Исроилнинг Мисрдан чиқиши, Тавротнинг нозил бўлиши, Бану Исроилнинг бузоқни худо қилиб олиши ва бошқа ҳолатлар ҳам ўрин олган.

Орада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари ҳамда ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бутун башариятга Пайғамбар бўлиб келганликлари ҳақида ҳам сўз юритилади.

Кейин яна Мусо алайҳиссалом ва у кишининг қавмлари – Бану Исроил мавзусига қайтилиб, уларга Аллоҳ берган неъматлар ҳақида сўз юритилади. Шанба куни соҳиблари ҳақида гап кетади, Бану Исроил билан бўлган аҳднома баён қилинади.

Аллоҳ таолонинг оятларини ёлғонга чиқарувчилар ва залолатга кетганларнинг мисоли, дўзах аҳлининг сифатлари келтирилади. Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ҳақида баёнот келади.

Суранинг охирига келиб эса ким ҳидоятда, ким залолатда экани баён этилади. Қиёмат ҳақида савол берганларга жавоб берилади. Одам Ато ва Момо Ҳаволар ҳеч қачон мушрик бўлмаганлари баён қилинади. Сурага Қуръони Карим қироати ҳақидаги оятлар билан хотима ясалади.


Топ рейтинг www.uz Openstat