Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Зумар сураси

Маккада нозил бўлган. 75 оятдан иборат.

«Зумар» сўзи «зумра» сўзининг кўплиги бўлиб, «гуруҳлар» деган маънони англатади. Ушбу суранинг охирроғида фаришталарнинг мўминларни жаннатга, кофирларни дўзахга зумралар ҳолида, яъни жамоа-жамоа қилиб олиб боришлари тавсифланади. Ўша васфда келган «зумар» сўзи сурага ном бўлиб қолган.

Тавҳид – Аллоҳ таолонинг яккаю ёлғизлиги масаласи сураи кариманинг аввалидан охиригача батафсил ва турли услублар ила муолажа қилинади. Сура ўзининг хитоблари, нидолари, мисоллари ва бошқа услублари билан инсон қалбини ларзага солади, унга тавҳидни жо этади. Шунингдек, тавҳид ҳақидаги ҳар бир шубҳани рад қилишга уринади. Чунки тавҳид иймоннинг ҳам, ҳар бир солиҳ амалнинг ҳам асосидир.

Сураи кариманинг аввалида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улкан мўъжизалари – Қуръони Карим ҳақида сўз кетади. Шунингдек, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг динида ихлос ила бардавом бўлиш буюрилади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони махлуқотларга ўхшатишдан узоқда бўлиш лозимлиги таъкидланади. Мушрикларнинг «Аллоҳ ҳузурида бизга шафоатчи бўлади», деб бутларга сиғинишлари нотўғри иш экани баён этилади.

Сўнгра Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ваҳдониятига ҳужжат ва далиллар келтирилади. Жумладан, осмонлару ернинг яратилиши, кечаю кундузнинг алмашиниши ва сайёраларнинг сайр этиб юриши ҳақида гап кетади.

Кейин эса мазкур далил келтириш борасида борлиқдан инсонга ўтилади, унинг онаси раҳмида яратилиш жараёни Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти ва қудратига далил сифатида келтирилади.

Кейин сурада ақийда масаласи муолажа қилиниб, кофирлар охиратнинг турли азобларини тотишлари таърифланади.

Зумар сураси ягона Аллоҳга ибодат қилиш лозимлигини очиқ-ойдин кўрсатиб беради ва кишиларни фурсат борида Аллоҳ таолога тавба қилиб қолишга чақиради.

Суранинг охирида қиёмат қўпганда, дудга бир пуфлаш билан ҳамма ўлиб, яна бир пуфлаш билан яна ҳамма қайта тирилиши, ундан кейинги бўладиган даҳшатлар, ҳашр майдони воқеалари ҳақида сўз кетади. Мўминларни жамоат-жамоат қилиб жаннатга, кофирларни эса тўп-тўп қилиб, дўзахга олиб бориш васф қилинади. Ниҳоят, пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар, яхши бандалар ва бутун мавжудот Аллоҳга хушуъ ва хузуъ ила ҳамду сано айтиши келтирилади.


Топ рейтинг www.uz Openstat