Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Иброҳим сураси

Маккада нозил бўлган. 52 оятдан иборат.

Ушбу сураи каримада Иброҳим алайҳиссалом қиссалари келади, у зотнинг муборак исмлари зикр қилинади. Ана шу исм сурага ном бўлиб қолган. Шунингдек, бу сура Маккаи Мукаррамада ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга иймон келтирган оз сонли мусулмонлар пайғамбарлар отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом бошларидан ўтказган қийинчиликларга ўхшаш ҳолатларга йўлиққан бир пайтда нозил бўлган.

Бу сураи карима ҳам, Маккада нозил бўлган бошқа сураларга ўхшаб, ақийда, ваҳий, пайғамбарлик, тавҳид, қайта тирилиш, ҳисоб-китоб ва жазою мукофот масалаларини ўз ичига олади. Албатта, ушбу масалаларни бошқа суралардан фарқли ўлароқ, ўзига хос услуб ва тариқа ила муолажа қилади.

Унда иккита масалага алоҳида эътибор берилади.

Биринчиси: динларнинг ва пайғамбарларнинг асли бирлиги, улар чақирган чақириқнинг бирлиги.

Иккинчиси: Аллоҳнинг башариятга берган неъмати, ўша неъматнинг шукр ила зиёда бўлиши. Одамларнинг кўплари шукр қилмасликлари.

Сураи карима пайғамбарларнинг вазифасини баён қилиш билан бошланади. Кейин эса Мусо алайҳиссаломнинг ҳам барча пайғамбарларга ўхшаб, ўша вазифани адо этиш учун пайғамбар қилиб юборилганлари зикр этилади. Сўнгра бошқа пайғамбарларнинг ҳам даъват қилиш, одамларга тушунтириш учун келганлари баён қилинади. Аммо қавмлари буни тушунмай, эътироз қилишлари, уларнинг инсон эканликларидан шубҳага тушишлари эсга олинади. Ортидан пайғамбарларнинг раддиялари келтирилади.

Ушбу сураи кариманинг оятлари нозил бўлаётган пайтда Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ана шу масалаларга дуч келиб турган эдилар. Кофир ва мушриклар у кишининг оддий инсон эканликларига, одатдан ташқари мўъжизалар келтирмаётганларига эътироз билдираётган эдилар.

Шунингдек, сурада қандай қилиб пайғамбарлар қавмларини Аллоҳнинг изни ила зулматлардан нурга олиб чиққанлари айтилади.

Иброҳим сурасида Аллоҳнинг пайғамбарлари ва мўмин бандаларига берган ваъдаси, бу дунёда нусрат топиш ва устун бўлиш, охиратда олий мақомларга эришиш қай тарзда юзага чиқиши ҳам зикр қилинади. Турли мисоллар келтирилади.

Сўнгра Аллоҳ таолонинг бандаларига берган неъматлари ва Унга шукр этиш лозимлиги эсга олинади. Шу билан бирга, ношукр бўлмаслик уқтирилади.

Сурада Иброҳим алайҳиссаломга берилган неъмат, яъни Маккаи Мукаррамага у кишининг зурриёти жойланиши таъкидланади ҳамда у зотнинг қилган дуолари зикр этилади.

Кейин эса Аллоҳ таоло бандаларининг ишларидан ғофил эмаслиги, бир пайт келиб, ҳисоб-китоб бўлиши айтилади. Золимларнинг олдин пайғамбарнинг гапига кирмай, кейин афсус қилишлари, аммо энди афсуслари ёрдам бермаслиги қайд этилади. Жиноятчиларнинг қандай жазоланишлари баён қилинади.

Ниҳояда эса суранинг аввалидаги масалага қайтилади, яъни пайғамбарлик ва ваҳий масаласининг ҳақ экани яна бир бор таъкидланади.


Топ рейтинг www.uz Openstat