Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Иншиқоқ сураси

Маккада нозил бўлган. 25 оятдан иборат.

 Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг «Изассамааун шаққот» оятидан олинган. «Иншиқоқ» сўзи араб тилида «ёрилиш» деган маънони ифода қилади. Мазкур оятда эса қиёмат куни осмоннинг ёрилиши ҳақида сўз кетмоқда.

Иншиқоқ сураси ҳам бошқа маккий суралар қатори, Ислом ақийдаси асосларини муолажа қилади. 

Суранинг аввалида қиёмат куни борлиқда содир бўладиган улкан ўзгаришлар ҳақида сўз кетади. Сўнгра инсон хоҳласа-хоҳламаса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳисоб бериши, агар бу дунёда яхши амаллар билан ўтган бўлса, номаи аъмолини ўнг тарафидан олиб, осонлик билан жаннатга кириши, бу дунёда ёмонлик билан ўтган бўлса, амаллар китобини орқасидан олиб, дўзахга тушиши, у ерда ўлиб, азобдан қутулмоқчи бўлса, ўлмасдан, абадий азобда қолиши ҳақида сўз кетади.

Шунингдек, Иншиқоқ сурасида кофиру мушрикларнинг Қуръони Каримга нисбатан тутган мавқифлари (муносабатлари) ҳам зикр қилиниб, бир неча нарсалар ила қасам ичилиб, улар қиёмат куни албатта шиддатли азобларга дучор бўлишлари таъкидланади.

Суранинг охирида оят ва далилларни очиқ-ойдин кўриб туриб ҳам Аллоҳ таолога иймон келтирмаган кимсалар охиратда аламли азоблар тортишларининг хабари берилади.

Бу сураи каримада қиёмат масаласига алоҳида эътибор берилади. Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам имом Термизий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Ким қиёмат кунига ўз кўзи билан очиқ-ойдин назар солмоқчи бўлса, «Изаш‑шамсу куввирот», «Изас‑самааун фаторот» ва «Изас‑самааун шаққот» сураларини қироат қилсин», – деганлар. Келинг, қиёматга ўз кўзимиз билан очиқ-ойдин назар солиб кўрайлик-чи…


Топ рейтинг www.uz Openstat