Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Исро сураси

Маккада нозил бўлган. 111 оятдан иборат.

 Сураи кариманинг «Исро» деган номи унинг биричи оятидаги «Асро» («кечаси юргизди») сўзидан олинган. Араб тилида «исро» сўзи – «кечаси юргизиш» деган маънони англатади. Бу сураи каримада Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккаи Мукаррамадан Қуддуси Шарифга кечанинг бир қисмида юргизиб олиб боргани ҳақида сўз юритилган.

Сураи кариманинг иккинчи номи «Бану Исроил»дир. Сураи каримада Бану Исроил қавми ҳақида сўз кетгани боис, у ушбу ном билан ҳам номланиб қолган.

Исро сураси Ислом даъвати тарихидаги энг машаққатли ва оғир дамларда нозил бўлди. Бу даврга келиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги оз сонли мусулмонларга нисбатан мушрикларнинг озорлари, қийноқлари кучайган, уларни Аллоҳнинг динидан қайтариш йўлидаги чиранишлари ҳаддидан ошган эди. Мусулмонлар учун ғоятда қийин бир ҳолат пайдо бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мушрикларнинг ҳужумларидан ҳимоя қиладиган шахслар – амакилари Абу Толиб ва Ҳадижа онамиз ҳам вафот этганлар. Ана шундай мудҳиш бир пайтда Исро ва Меърож ҳодисаси бўлиб ўтди. Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккаи Мукаррамадан кечаси бир зумда Байтул Мақдисга олиб борди ва у ердан меърожга олиб чиқди. Бу эса ана шундай оғир бир пайтда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар учун катта тасалли эди. Ноумидлик кайфиятини сўндириб, умид учқунларини аланга олдириш эди. Сураи кариманинг асосий оқими ана шу услубда давом этади.

Айни чоғда, Исро воқеаси кишилар иймонини синашнинг омили ҳам эди. Ҳар бир нарсага моддий мўъжиза талаб қилиб турган мушрикларга бу воқеа ортиқча гап-сўзлар учун яна бир қулай фурсат бўлса, мўмин-мусулмонман, деб юрганларнинг эса иймонлари қанчалик мустаҳкам эканини синаш учун бу сураи карима зўр омил бўлди.

Шунингдек, Исро сураси Маккада нозил бўлган бошқа маккий суралар каби, ақийда масаласига, Ислом динининг аслларига – ваҳдоният, пайғамбарлик ва ўлгандан кейин қайта тирилиш ақийдаси каби нарсаларга алоҳида эътибор беради. Бу масалаларни муолажа қилишда Исро сурасининг бошқа суралардан фарқи шуки, бу ерда ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахслари алоҳида аҳамият билан кўрсатилади ҳамда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ томонидан берилган мўъжизалар, ҳужжат-далиллар зоҳир қилинади.

Сураи карима исро мўъжизасини баён қилиш билан бошланади. Бу ҳодиса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун илоҳий ҳурмат, улуғ мартаба экани айтилади, Аллоҳ таолонинг қудратига далил экани тушунтирилади.

Сўнгра Мусо алайҳиссалом ва у кишининг қавмлари – Бану Исроил ҳақида сўз кетади. Қурайш мушриклари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан турли моддий мўъжизалар келтиришни талаб қилганларидек, бир вақтлар Бану Исроил қавми ҳам Мусо алайҳиссаломдан турли моддий мўъжизалар келтиришни талаб қилишган эди. Бу икки қавм ўртасида ана шундай ўхшашлик бор. Шунинг учун ҳам сурада олдинги ўтганлар Қурайш мушрикларига ўрнак, ибрат бўлсин деб, Бану Исроилнинг қиссаси келтирилади. Уларнинг Аллоҳга исён этгани, ер юзидаги фасод ишлари ва унинг фожиавий, аянчли оқибати баён қилинади.

Кейин эса борлиқдаги мавжуд оят-мўъжизалар ҳақида сўз кетади. Кеча ва кундуз мўъжизалари мисол қилиб келтирилади. Уларнинг дақиқ низом асосида ҳаракатда бўлиши ҳам Аллоҳнинг ягона ва қудратли Зот эканига далил сифатида кўрсатилади. Бу нарсалар Аллоҳ таоло томонидан биз бандаларга берилган улкан неъмат экани, унга шукр қилишимиз лозимлигига ишора этилади.

Шунингдек, Исро сурасида фозил жамиятнинг асосий унсурлари ҳақида ҳам сўз боради. Ижтимоий одоблар, гўзал ахлоқларга даъват этилади. Айни чоғда, баъзи нобоп ижтимоий касалликлардан сақланишга чақирилади.

Кейинги оятларда мушрикларнинг адашувлари, уларнинг Аллоҳнинг шериги бор, хотини, ўғли ёки қизи бор, дейишларининг инкори келади. Ўлгандан кейин қайта тирилишга мушрикларнинг шубҳа билан қарашлари ҳикоя қилиниб, бунга ҳам раддия берилади.

Қуръони Каримдаги лаънатланган дарахт ҳақидаги оят ҳам ушбу сурададир.

Сўнгра эса Одам Ато ва иблис лаъиннинг қиссасидан сура сиёқига хос парча келтирилади.

Аллоҳ таоло Бану Одамни мукаррам қилиб қўйганлиги баён қилинади.

Шунингдек, бу сурада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг абадий мўъжизалари бўлмиш Қуръони Карим васф қилинади. Руҳ тўғрисида баҳс юритилади. Мушрикларнинг саркашлик қилиб, турли мўъжизаларни сўрашлари, жумладан, анҳорларни отилтириб чиқариш, Маккада боғу бўстонлар пайдо қилиш каби ноўрин талаблари ҳақида ҳам сўз кетади.

Мусо алайҳиссаломга берилган тўққиз мўъжиза ҳам ибрат учун эслатиб ўтилади.

Ниҳоят, Қуръони Карим шаънини яна бир бор улуғлаш ва Аллоҳ таолони нуқсон сифатлардан яна бир бор поклаш билан сураи карима охирига етади.


Топ рейтинг www.uz Openstat