Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Муддассир сураси

Маккада нозил бўлган. 56 оятдан иборат.

Ушбу суранинг биринчи оятидаги «муддассир» («бурканиб ётган») сўзи унга ном қилиб олингандир.

Худди Муззаммил сурасидаги каби, бу сурада ҳам улуғ Набий алайҳиссаломнинг баъзи шахсий хусусиятлари зикр қилинади.

Сураи карима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни даъват қийинчиликларини кўтаришга ва кишиларга илоҳий таълимотларни жиддият ила етказишга, кофирларни огоҳлантиришга, фожирларнинг берган озорларига сабр қилишга чақириш билан бошланади.

Сўнгра гуноҳкорларга қиёмат куни бўладиган қийинчиликлар, бериладиган шиддатли азоблар ҳақида баён қилинади.

Сўнг Қуръонни эшитиб, унинг Аллоҳнинг каломи эканини билиб туриб, мансаб, обрў деб, тўғри йўлни қўйиб, нотўғри йўлни танлаган фожир ва фосиқ Валид ибн Муғийранинг ҳоли не кечганлиги ҳақида Аллоҳ таоло Ўз бандаларини огоҳлантиради.

Кофирларга ваъда қилинган дўзах ҳақида, дўзахнинг кучли посбонлари, ундагиларни азобловчи фаришталар ҳақида, уларнинг сони ҳақида ҳам оятлар келади.

Сурада ой ва тонг билан қасам ичилади ва жаҳаннам улкан балоларнинг бири экани таъкидланади.

Жаннатга кирган мўминлар ва дўзахга тушган гуноҳкорларнинг охиратдаги сўзлашуви келтирилади.

Мушрикларнинг иймондан юз ўгиришларининг сабаби ҳақидаги оятлар суранинг охирида нозил бўлган.

Тафсир китобларида Муззаммил ва Муддассир сураларининг нозил бўлиш сабаблари бир-бирларига ўхшашлиги таъкидланади. Бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ, суралар бир-бирларига тарих ва мавзу жиҳатидан жуда ҳам ўхшаш. Нозил бўлиш сабаби ҳам ўхшаш бўлиши табиий.

Ривоятлардан бирини келтирамиз:

Қурайш қабиласи мушриклари йиғилиш ўтказиб, одамларни Набий алайҳиссаломнинг чақириқларидан тўсиш учун тадбирлар қабул қилишганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ғам-ғуссага ботиб, кийимларига бурканиб, ётиб олганлар. Шунда фаришта Жаброил алайҳиссалом келиб, «Йаа айюҳалмуддассир сурасининг аввалини ўқиган эканлар.


Топ рейтинг www.uz Openstat