Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Мужодала сураси

Мадинада нозил бўлган. 22 оятдан иборат.

Бу муборак сура икки хилда номланиб келинмоқда.

Агар сура «Мужодила» деб номланса, «Тортишувчи аёл», «Мужодала» деб номланса, «Тортишув» дея таржима қилинади. Иккала таржимада ҳам Хавла бинти Саълабанинг шахсларига ишора қилинган бўлади. Одатда «Мужодала» номи кўпроқ ишлатилади. Бу сурани ўрганиш давомида Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларнинг ҳаётий ишларига бевосита аралашиб, уларнинг нотўғри ишларини тузатиб турганининг гувоҳи бўламиз. Яъни оилавий ишларда, эр-хотин ўртасида бўладиган муомалаларда Аллоҳ таоло Ўз оятлари билан тузатишлар киритиб турганини кўрамиз.

Сура Набий алайҳиссалом билан Хавла бинти Саълабанинг гап тортишгани ҳақидаги хабар билан бошланади.

Бу сурада кўплаб шаръий масалалар, жумладан, зиҳор масаласи келган.

Исломдан аввал арабларнинг жоҳилият тузумида эр ўз хотинига: «Сен мен учун онамнинг белидексан», – деб айтса, ораларидаги эр-хотинлик алоқалари абадий барбод бўларди. Мана шу ва бошқа сабаблар хотинларни қийнаш, азоблаш ва хўрлашнинг бир услуби эди. Азиз китобхонга тушунарлироқ бўлиши учун қуйидаги мисолни ҳам келтирамиз. Ҳозирги кунимизга назар ташлайдиган бўлсак, бизда ҳам баъзи оғзига кучи етмайдиганлар, иймону одобдан бехабарлар бўлар-бўлмасга «Агар фалон ишни қилмасам, онам хотиним бўлсин» деган гапни гапиришади. Юқорида айтганимиздек, арабларда ҳам эр хотинига «Сен мен учун онамнинг белидексан», деса, бундан «Менга онам(нинг никоҳи) ҳаром бўлганидек, сен ҳам ҳаромсан» деган маъно тушунилар эди.

Мужодала сураси мазкур жоҳилий тушунчадаги ҳукмни бекор қилади ва зиҳор қилганларга гуноҳини ювиш учун молиявий ибодатни, яъни каффоротни жорий этади.

Сўнгра сура ўзаро пичирлашиб гаплашиш одобларини ўргатади. Чунки ўша даврда яҳудий ва мунофиқлар ўзаро суҳбатдаги пичир-пичирлари билан мўмин-мусулмонларга озор беришар эди. Аллоҳ таоло Ўзининг мўмин бандаларини уларга ўхшамасликка, ғийбатдан йироқ юришга чақиради.

Аллоҳ таоло ушбу сураи каримада яҳудийларнинг сўз ўйини қилиб, маккорлик билан, худди салом берганга ўхшаб, аслида эса ёмонликни ифода қилувчи сўзларни айтишларини ҳам баён қилади. Бу ҳам Аллоҳнинг ҳар бир зарарли ва ботиний нарсаларни кўрувчи ва билувчилигига далолатдир.

Мунофиқлар ҳақида батафсилроқ зикр қилинган оятларда уларнинг яҳудийлар билан дўстлик алоқалари ўрнатганликлари, мўминларнинг сир-асрорларини уларга етказиб турганликлари тўғрисида хабар келган.

Тафсирга киришишдан олдин мазкур сурадаги оятларнинг тушишига сабаб бўлган баъзи ривоятларни ўрганиб чиқсак. Зеро, шунда оятлар маъноси яхшироқ ва тўлароқ мазмунда етказилган бўлур, иншааллоҳ!

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Набий алайҳиссаломнинг жуфти ҳалоллари Оиша онамиздан қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«Ҳамма овозларни эшитиб турувчи Аллоҳга ҳамд бўлсин! Тортишувчи аёл Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, сўзлашганда, мен уйнинг бир бурчагида эдим. Нима деганини эшитганим йўқ. Аллоҳ таоло «Қод самиъа Аллоҳу...» оятларини нозил қилди».

Оиша онамиз бу ривоятда Аллоҳнинг ҳамма нарсаларни бехато эшитиб туришига ўзлари яна бир бор гувоҳ бўлганликларини айтмоқчилар. Чунки бу тарихий ҳодиса Оиша онамизнинг уйларида содир бўлган. Хавла бинти Саълаба келганида, Оиша онамиз Набий алайҳиссаломнинг бошларини ювиб турган эдилар. Сўнгра Хавла розияллоҳу анҳо Набий алайҳиссаломга ўз шикоятларини айта бошлаганлар. Оиша онамиз эса уйнинг бир бурчагига бориб, уларнинг овозлари бир паст, бир баланд бўлиб турганини эшитган бўлсалар-да, тортишувнинг моҳиятини тушунмаганлар. Аллоҳ таоло «Қод самиъа Аллоҳу» – «Албатта, Аллоҳ эшитди...» оятларини нозил қилган.

Келинг, азиз китобхон, бу тарихий қиссага янада теранроқ назар ташлайлик.

Хавла бинти Саълаба чиройли аёл эди. Бир куни эри Авс ибн Сомитнинг кўнгли у билан яқинликни истаб қолади. Хавла эса унамайди ва, табиийки, ораларида жанжал чиқади. Авс аччиғи тез одам эди, у хотинининг бу муомаласидан ўзини тута олмай: «Сен мен учун онамнинг белидексан», – деб юборади. Ҳовуридан тушгач, у афсус-надоматлар қилади. Чунки бу сўзлар ўша даврдаги жоҳилият ҳукми бўйича талоқ ўрнига ўтар ва эр-хотиннинг абадий ажралишига сабаб бўларди. Авс хотинига қараб:

– Энди менга ҳаром бўлган бўлсанг керак, – дейди. Хавла бўлса:

– Аллоҳга қасамки, бу талоқ эмас, – дейди. Сўнгра қўшни аёлнинг кийимини қарзга олиб, бу масаланинг ҳукмини ойдинлаштириш учун Расулуллоҳнинг ҳузурларига йўл олади. Ул зоти бобаракотнинг ҳузурларига келиб:

– Эй Аллоҳнинг Расули, эрим Авс ибн Сомит менга ёш, бой ва ақлу ҳушли пайтимда уйланди. Молимни еб битирди, ёшлигимни сўлдирди, ақлимни сустлатди ва ёшим улуғ бўлган бир дамда мендан зиҳор қилди. Энди ўзи бу зиҳордан афсус-надоматда. Бизларнинг яна қайта қўшилишимизга бирор йўл борми? – деди.

Набий алайҳиссалом:

Унга ҳаром бўлибсан, дедилар. Хавла эса бунга жавобан:

– Сизга Қуръонни нозил қилган Зот билан қасамки, у талоқни зикр қилгани йўқ. У менинг боламнинг отаси ва энг севимли кишим-ку ахир? – деди.

Набий алайҳиссалом яна:

Унга ҳаром бўлибсан, дедилар. Хавла бинти Саълаба бўлса:

– Мушкулимни ва ёлғизлигимни Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан, мен эрим билан узоқ ҳаёт кечирдим, ундан фарзандлар кўрдим, – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Унга ҳаром бўлибсан»дан бошқа гапни айтмадилар ва:

Сенинг тўғрингда бирор амр келгани йўқ, дедилар. Хавла бинти Саълаба эса Набий алайҳиссалом билан тортишаверди. Ул зот:

– Унга ҳаром бўлибсан», – десалар, у:

– Мушкулимни, ёлғизлигимни ва ҳолимнинг оғирлигини Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан, – дерди.

Шундай айтишув чоғида Хавла бинти Саълаба:

– Ахир менинг ёш болаларим бор, мен билан қолсалар, оч қоладилар, у билан бўлсалар, зое бўладилар, – дер ва бошини осмонга кўтариб: – Аллоҳим! Ўзингга ёлворяпман. Аллоҳим! Пайғамбаринг тилига менинг мушкулимни осон қилувчи (оятларни) тушир, – дерди.

Бирдан Набий алайҳиссалом жим бўлиб қолдилар. Ваҳий келганда бўладиган ҳолат юзага келди. Бир муддатдан кейин у киши муборак бошларини кўтардилар-да:

– Аллоҳ таоло сен ва сенинг эринг ҳақида оят нозил қилди, – дедилар. Сўнгра «Қод самиъа Аллоҳу»дан то «азаабун алийм»гача ўқиб бердилар.

Бу қиссадан жоҳилият қонунлари ўша давр кишилари учун қанчалик оғир бўлгани кўриниб турибди. Бу зулмкор ҳукмлар Исломнинг адолатли ҳукмлари олдида кучсизлана бошлаган. Чунки Ислом дин сифатида вужудга келгач, кўп ўтмай, ўз адолати билан кишиларни ҳаракатга келтириб қўйди.

Ривоят қилинишича, ҳазрати Умар ибн Хаттоб ўз халифалик даврларида бир гуруҳ кишилар билан кетаётган эканлар, бир аёл у кишини узоқ тўхтатиб қолибди. Ваъз, насиҳат қилибди. Шунда:

– Эй Умар, – дебди аёл, – яқиндагина «Умарча», деб чақирилардинг, улғайганингдан сўнг «Эй Умар» деб чақириладиган бўлдинг. Энди эса «Эй амирал мўминин», деб чақирилмоқдасан. Аллоҳдан қўрққин! Эй Умар! Ким ўлимга ишонса, умрини бекор ўтказишдан қўрқади, ким ҳисоб-китобга ишонса, азобдан қўрқади, – дея сўзлайверибди. Ҳазрати Умар бўлсалар, жим қулоқ солиб тураверибдилар. Атрофдагилар у кишига:

– Эй мўминларнинг амири! Бир кампирга ҳам шунчалик тўхтаб турасизми? – дейишганида, ҳазрати Умар уларга жавобан бундай деган эканлар:

– Аллоҳга қасамки, куннинг аввалидан охиригача ушлаб турса ҳам, фарз намоз вақтидан бошқа вақтда туравераман. Бу кампирнинг кимлигини биласизларми ўзи? Бу – Хавла бинти Саълаба. Унинг сўзини Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан эшитган. Бу аёлнинг сўзларини Оламларнинг Парвардигори эшитади-ю, Умар эшитмасинми?!

Муҳтарам ўқувчи! Мана, Қуръони Каримнинг йигирма икки оятдан иборат Мужодала сурасининг нозил бўлишига сабаб бўлган воқеалар баёни билан қисман таниш бўлдингиз. Иншааллоҳ, энди оятлар тафсирига ўтсак ҳам бўлар.


Топ рейтинг www.uz Openstat