Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Мумтаҳана сураси

Мадинада нозил бўлган. 13 оятдан иборат.

«Мумтаҳина» сўзининг маъноси «имтиҳон қилувчи аёл»дир. Сура ичида «Мўмин бўлдим», деб келган аёлларнинг иймонини имтиҳон қилиб кўришга буйруқ бор.

Баъзи ривоятларда бу сура «Мумтаҳана» деб ҳам ном олгани айтилган. У ҳолда «имтиҳон қилинган аёл» маъносини англатади.

Мадинада нозил бўлган бошқа суралар каби бу сура ҳам шариат ҳукмлари ҳақида сўз юритади. Суранинг асосий мавзуси Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўришдир. Чунки иймонли киши бировга муҳаббат қўйса, Аллоҳ учун қўяди. Ва, аксинча, бировни ёқтирмаса, Аллоҳ учун ёқтирмайди.

Суранинг бошланишида мўминларга озор берганларни – Аллоҳнинг душманларини дўст тутмаслик ҳақида сўз кетади. Сўнгра қариндошлик, наслу насаб ва дўст-биродарлик қиёмат куни ҳеч қандай фойда бермаслиги, балки фақат иймон ва яхши амалларгина манфаат бериши эслатиб ўтилади.

Ундан кейин Иброҳим алайҳиссалом ва у зотга эргашган мўминларнинг ўз қавмларидан юз ўгириб, иймонларини сақлашга ҳаракат қилганликлари сиз билан бизга ўрнак бўлиши учун эслатма сифатида келтирилади.

Сўнгра мўминларга душманлик қилмаган, уларга қарши уруш қилмаган ғайридинлар тўғрисидаги ҳукм ва мўминларга озор бериб, уларга қарши уруш қилган ғайридинлар тўғрисидаги ҳукм зикр қилинади.

Шунингдек, сурада ҳижрат қилиб келган аёлларни имтиҳон қилиб, иймонлари собит бўлса, уларни кофирларга қайтармасликнинг баёни келади. Сўнг аёлларнинг Расули Акрамга байъат (аҳдномалари) ҳукми ва унинг шартлари ҳақида сўз кетади. Ва, ниҳоят, суранинг охирида яна такрор, кофирларни дўст тутмаслик ҳақида оятлар келади.

Сураи карима оятларини яхшироқ англаб етиш учун мазкур оятлар нозил бўлган даврдаги сиёсий, ижтимоий ва руҳий ҳолатларни яхши тушунмоқ керак бўлади.

Ҳижратдан сўнг Мадинаи Мунавварада алоҳида Ислом жамияти шаклланиб, мусулмонлар бошқалардан ажралиб, ўзларига хос қонун-қоидалар асосида яшай бошладилар. Албатта, янги жамият ўзининг шаклланиш жараёнида турли тўсиқларга дуч келади. Бу ерда ҳам янги-янги муаммолар пайдо бўлади. Масалан, кимни дўст, кимни душман тутиш керак, бошқа диндагилар билан алоқалар қандай бўлади, айниқса, аёллар масаласига қандай ёндошмоқ керак, эркаклар хусусида тузилган шартномага аёллар ҳам қўшиладими ёки уларга ўзига хос муомала қилинадими, каби саволларга ушбу сураи каримада жавоб топамиз. Суранинг аввалги оятларининг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоят ҳам юқоридаги фикрни тасдиқлайди.

Бадр уруши иштирокчиларидан бўлган саҳобий Ҳотиб ибн Аби Балтаъа Маккадан Мадинага кўчиб келган эди. Маккада унинг бола-чақаси ва мол-дунёси қолганди. Ўзи қурайш қабиласидан бўлмай, уларга дўст тутинганлардан эди. Қурайш қабиласи аҳдномани бузгандан сўнг, Расулуллоҳ Маккани фатҳ этишга аҳд қилдилар ва мусулмонларни ғазотга тайёргарлик кўришга буюрдилар. Ўша пайтда у зот «Аллоҳим, бизнинг хабаримизни улардан беркитгин», деб дуо ҳам қилдилар. Ҳотиб ибн Аби Балтаъа Набий алайҳиссаломнинг ғазотга қасд қилганликлари ҳақида хат ёзиб, бир аёл киши орқали қурайш қабиласига юборди. Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломнинг дуоларини қабул айлаб, бунинг хабарини у зотга билдирди. Набий алайҳиссалом ҳазрати Али, Зубайр ибн Авом ва Миқдодни чақириб: «Тезда йўлга отланинглар, сизларга бир боғ дуч келади, у ердан бир аёлни топасизлар, унда хат бор, ўша хатни олиб, қайтинглар», – дедилар. Учовлон от чоптириб, боққа етиб бориб, ўша аёлни топишди ва «Хатни чиқар», – дейишди. Аёл «Менда хат йўқ», – деди. Шунда учовлон хатни қидириб бўлса ҳам топишларига ишора қилиб: «Ё хатни чиқарасан, ё кийимларингни ечасан!» – дейишди.

Аёл ночор қолгач, соч турмаклари орасидан хатни чиқариб берди. Учовлари хатни олиб, Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига олиб боришди. Қарашса, Ҳотибнинг мушрикларга ёзган хати экан.

Набий алайҳиссалом:

– Эй Ҳотиб, бу нима? – дедилар.

Шунда Ҳотиб:

– Илтимос, шошилманг, мен сизнинг ғолиб келишингизни яхши билардим. Мен Қурайш аъзоси эмасман, бошқа муҳожирларнинг Маккадаги қариндошларини ҳимоя қиладиган кишилари бор, мен ҳам насабдан бўлмаса-да, бирор йўл билан Маккадаги яқинларимни ҳимоя қилиш йўлини ўйлаган эдим. Буни кофирлигим учун ёки диндан қайтиб, муртад бўлганим учун қилганим йўқ, – деди.

Набий алайҳиссалом:

Тўғри айтдинг, деб, уни кечирдилар.

Ана ўшанда Аллоҳ Мумтаҳана сурасининг аввалги оятларини нозил қилиб, бу масаладаги Ўз ҳукмларини баён қилди.


Топ рейтинг www.uz Openstat