Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Мунофиқун сураси

Мадинада нозил бўлган. 11 оятдан иборат.

Бу сураи каримада ҳам шариат аҳкомлари, Исломнинг амалий тарафлари ҳақида сўз кетади. Асосан Мадинада юзага келган нифоқ ва мунофиқлар ҳақида сўз юритилади. Суранинг «Мунофиқун» – «Мунофиқлар» деб аталишининг боиси шундан.

Сураи кариманинг аввалида мунофиқларнинг хулқлари, уларнинг разил сифатлари, жумладан, ёлғончиликлари, ичлари бошқа-ю, устилари бошқа, диллари ўзга-ю, тиллари ўзга экани баён этилади.

Сўнгра уларнинг Набий алайҳиссаломга ва мусулмонларга қарши уюштирган фитналари ҳақида хабар берилади. Мунофиқлар сиртдан мусулмонликни кўрсатиб, аслида, дин учун ҳатто кофирлар ҳам қила олмайдиган ёмонликларни қилишлари баён этилади. Сиртдан мусулмонлик даъволарига кўпчилик ишониб қолиши мумкин, шунинг учун уларнинг динга, мусулмонларга етказадиган зарарлари кофирлар етказадиган зарарлардан ҳам кўра хатарлироқдир.

Бинобарин, улар дўзахда тортадиган азоб ҳам кофирларга бериладиган азобдан кўра кучлироқ бўлади.

Бу сурада яна мунофиқларнинг Набий алайҳиссалом шаънларига айтган беҳаё сўзлари, у кишининг ишлари охирига етмайди, деган эътиқодлари ва бошқа кирдикорлари ҳақида сўз юритилади.

Суранинг охирида мусулмонлар мунофиқларга ўхшамасликка, дунё зийнатларига, ҳойи-ҳавасга берилиб, Аллоҳнинг тоат-ибодатини унутмасликка даъват қилинадилар. Вақт борида Аллоҳ йўлида хайр-эҳсон қилиб қолиш кераклиги, кейинги афсус-надомат фойда бермаслиги таъкидланади.

Аввал нифоқ ва мунофиқлар ҳақида тўлиқроқ тушунчага эга бўлиб олишимиз келажакда ояти карималарни яхши тушунишимизга ёрдам беради.

Араб тилида «нифоқ» сўзи ичи бўш, ташқи кўриниши ўзгача нарсага нисбатан ишлатилади. Мисол учун, юмронқозиқ ёки тулкининг уяси ҳам «нифоқ» дейилади. Чунки улар устидан оддий ерга ўхшайди, бир тарафдан кирса, иккинчи тарафдан чиқиб кетаверади. Ҳозирги кунда ажнабий тилларда «тоннель» деб номланаётган иншоотлар ҳам араб тилида «нафақ» дейилади.

Агар бу маънони диний-ақийдавий истилоҳда ишлатадиган бўлсак, сиртдан мусулмонликни эълон қилиб, ичидан унга лойиқ бўлмаслик «мунофиқлик» деб аталади. Одамлар кўз ўнгида Ислом динига мансублигини эълон қилиб, ҳатто баъзи амалларни ҳам қилиб юрадиган, аслида эътиқоди бузуқ бўлган кишилар «мунофиқ» дейилади.

Кўпгина ҳадиси шарифларда мунофиқларнинг аломатлари ҳақида сўз юритилган, улардан бирида Расули Акрам алайҳиссалом: «Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, омонатга хиёнат қилади, ваъда берса, устидан чиқмайди. Кимда шу хислатлар бўлса, унда мунофиқнинг барча хислатлари жамланган бўлади, агар биттаси бўлса, битта хислати бўлади», – деганлар.

Мунофиқларнинг очиқ-ойдин кофирлардан ҳам катта хатарли эканликлари шундаки, кофирлар билан бўладиган алоқа ва муомалаларда биз уларнинг кимлигини эътиборга олиб, ўзларига яраша иш тутамиз. Мунофиқлар эса сиртдан мусулмон бўлиб кўринаверадилар. Одамнинг ичидагини билиш мумкин бўлмагани учун уларга ҳам мусулмонча муомала қилишга мажбур бўлинади. Бу билан мунофиқларнинг динга катта зарарлар етказишларига имкон яратилади.

Айнан мана шу ҳолат уларга қиёмат куни кофирлардан кўра кўпроқ ва аламлироқ азоб берилишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло мунофиқлар жаҳаннамнинг энг қаъридан жой олишларини таъкидлаб айтган.

Ислом динининг аввалги пайтларида Маккаи Мукаррамада мунофиқлик бўлмаган. Ҳижратдан кейин мусулмонлар Мадинаи Мунавварада алоҳида жамият бўлиб, «кўкракларига шамол тегиб» яшай бошлаганларидан сўнггина бу дард пайдо бўлди.

Маккада мусулмонлар оз сонли, заиф бўлиб, хоҳлаган киши уларга бемалол зулм ўтказар ва азоб берар эди. Одатда бундай пайтда фақат ҳақиқий мўминларгина сабр-чидам билан динларини маҳкам ушлайдилар. Мадинада эса мусулмонлар куч-қувватга, ўз давлатларига эга бўлдилар, улар билан ҳисоблашмасликнинг иложи қолмади. Шундай бир пайтда дилларини моғор босган, қалбларида марази бор баъзи кимсалар мунофиқлик йўлига ўтдилар. Аллоҳдан эмас, Аллоҳнинг бандаларидан қўрқиб, Исломга юзаки кирдилар.

Ушбу сураи карима мунофиқларнинг кўпгина кирдикорларини фош қилади. Жумладан, улар турли ёлғон миш-мишлар тарқатадилар, мусулмонларни маънавий-руҳий тарафдан заифлаштиришга, уларнинг қалбларида иймонни сусайтиришга ва умидсизликни кучайтиришга ҳаракат қиладилар.

Мунофиқлик турли ахлоқий разилатнинг уясидир. Риёкорлик, алдамчилик, хиёнат, ёлғончилик, иккиюзламачилик, ваъдага хилоф қилишлар шулар жумласидандир. Мунофиқлик ҳар бир умматнинг жисмини титиб юборадиган ижтимоий касалликдир.

Мунофиқун сурасининг нозил бўлиш сабаблари ҳақидаги ривоятларни мухтасар қилиб келтирадиган бўлсак, кўз ўнгимизда қуйидаги воқеа намоён бўлади.

Бану Мусталақ қавми билан бўлган урушга Набий алайҳиссаломга ва мўминларга қўшилиб, жиҳод учун эмас, балки ўлжа олиш умидида мунофиқлар ҳам чиқишган эди.

Ғазот Набий алайҳиссаломнинг ғалабалари билан тугаб, барча ортга қайтаётганда, йўлда Синан ва Жаҳжаҳ исмли кишилар қудуқ устида сув талашиб, урушиб қолдилар. Жаҳжаҳ Синанни уриб, юзини қонатди. Синан:

«Эй хазражликлар! Бормисан?!» – деди, улар югуриб келдилар. Ўз навбатида Жаҳжаҳ:

«Эй қурайшликлар! Бормисан?!» деди, улар ҳам югуриб келдилар. Орада фитна чиқадиган ҳолат пайдо бўлди. Муҳожирлардан бир гуруҳи фитнанинг олдини олдилар. Бу хабар мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убайга етиб борганида, у: «Аллоҳга қасамки, сизлар билан анави қурайшликлар худди эскиларнинг «Итингни семиртирсанг, ўзингни қопади» деган гапига ўхшайсизлар. Ўзингизга ўзингиз қилдингиз. Уларга уйларингизни бўшатиб бердингиз. Молу мулкингизни сарфладингиз. Улар кучли бўлдилар. Сиз заифлашдингиз. Аллоҳга қасамки, агар сиз ёрдам бермасангиз, анавининг (Пайғамбарнинг) атрофидагилар тарқаб кетишади. Мадинага етиб борганимизда азиз ундан (Мадинадан) хорни чиқаради», – деди.

Абдуллоҳ ибн Убай «азиз» деганда ўзини назарда тутмоқда. «Хор» деганда эса Набий алайҳиссаломни кўзда тутган.

Ўша ерда Зайд ибн Арқам исмли балоғатга етмаган йигитча ҳам турган эди. Набий алайҳиссаломга бориб, бўлиб ўтган гап-сўзларни айтди. Ул зот Абдуллоҳ ибн Убайни олиб келишни буюрдилар ва:

Шу гапларни сен айтдингми? – дедилар. У бўлса:

– Сенга Қуръонни нозил қилган Зот билан қасамки, бу гаплардан биттасини ҳам айтганим йўқ, Зайд ёлғончи экан, – деди. Ўша ерда ҳозир бўлган мусулмонлар:

– Кичкина боланинг гапига ишонавериш керак эмас, балки адашгандир, – дейишди. Расулуллоҳ уни кечирдилар. Ансорийлар Зайдни маломат қилишди, ёлғончига чиқаришди. Сўнгра Аллоҳ таоло Мунофиқун сурасини нозил қилиб, Зайднинг сўзини тасдиқлади ва Абдуллоҳ ибн Убайнинг ёлғонини фош қилди.


Топ рейтинг www.uz Openstat