Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Сажда сураси

Маккада нозил бўлган. 30 оятдан иборат.

Бу сураи кариманинг «Сажда» деб номланишига сабаб шуки, сура оятларининг бирида мўмин бандаларнинг Аллоҳ таолога сажда қилишлари васф этилади. Ном шу ояти каримадан олинган.

Сажда сураси бошқа маккий суралар каби асосан ақийда масаласига бағишлангандир. Хусусан, ушбу сурада Аллоҳ, охират куни, илоҳий китоблар, пайғамбарлар, қайта тирилиш ва ҳисоб-китоб мавзулари ҳақида гап боради. Улар бошқа суралардан фарқли равишда, ўзига хос услуб билан муолажа қилинади. Шунингдек, бу сурада инсоният тарихида янги уммат  Ислом уммати туғилгани ҳам эълон этилади. Бу янги уммат аъзолари қандай сифатларга эга экани айтилади.

Сажда сурасининг аввалида Қуръони Карим Аллоҳ томонидан келган ҳақ Китоб экани эсга олинади. Шу билан бирга, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар эканликлари таъкидланади. Бу ҳақдаги кофир ва мушрикларнинг шубҳалари мутлақо бемаънилиги очиб ташланади.

Сўнгра Аллоҳ таолонинг ягона илоҳлиги, ҳар бир нарсага қодир Зот экани далил ва ҳужжатлар билан исботланади.

Сурада тилга олинган қайта тирилиш ва охиратдаги ҳисоб-китоб масаласида ҳам кофир ва мушриклар қўзғаган шак-шубҳаларга етарли ва қониқарли жавоблар берилади. Қиёмат куни манзаралари тасвирланиб, кишиларнинг қалбига таъсир ўтказилади. У Кунда кофир ва осийларнинг қандай азобларга учрашлари-ю, мўмин ва муттақийларнинг қандай мукофотларга эришишлари айтилади.

Сўнгра Мусо алайҳиссалом ҳақида сўз кетиб, у зот билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари бир хил экани баён қилинади. У кишиларнинг сабри ҳақида сўз юритилади.

Ўтган замонда ғофил бўлиб, куфр билан ўтганларнинг оқибати нима бўлгани эслатиб ўтилади.

Ниҳоят, сура кофир ва мушрикларнинг қиёмат куни қачон бўлиши ҳақидаги саволларига жавоб бериш билан тамомланади.


Топ рейтинг www.uz Openstat