Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ториқ сураси

Маккада нозил бўлган. 17 оятдан иборат.

Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг биринчи оятидаги «ват-ториқи» сўзидан олингандир. «Ториқ» сўзи араб тилида «қаттиқ уриш» маъносида ишлатилади. Араблар болғани «митроқа» («қаттиқ урувчи асбоб») деб атайдилар. «Ториқ» сўзи асосан кечаси эшик қоқиб, чақириб келувчига нисбатан ишлатилади. Сураи каримадаги «ториқ» лафзи айнан шу маънода, «кечаси келувчи» деган маъносида ишлатилган.

Бошқа маккий суралар қатори, Ториқ сурасида ҳам Ислом ақийдасига тааллуқли баъзи ишлар муолажа қилинади.

Ториқ сурасида инсон ўлганидан сўнг қайта тирилтирилиб, Роббул оламин ҳузурида сирлари фош бўлган ҳолда ночор туриши, Қуръон Аллоҳ таолонинг каломи экани, унга ҳеч нарса зарар етказа олмаслиги ҳақида сўз кетади. Инсонга хитоб қилиниб, уни ўзига бир назар солишга чақирилади. Аслида, инсон шаҳват пайтида ажраб чиқадиган арзимаган сув эди. Лекин Аллоҳ таоло уни тафаккур қиладиган жонли, ақлли зотга айлантирди. Шундай нарсага қодир Аллоҳ таоло ўлган одамни тирилтира олмайдими? Дунёдаги барча нарса Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади.

Ушбу сураи карима осмон билан ва тунда пайдо бўлувчи юлдуз билан қасам ичиш ила бошланиб, ҳар бир жонга муҳофиз фаришта бириктирилгани алоҳида таъкидланади.

Сўнгра эса Аллоҳ таолонинг ўлган инсонни қайта тирилтира олишга қодир Зот эканини тасдиқловчи ҳужжат ва далиллар келтирилади.

Кейин, бир кун келиб, барча сирлар фош бўлиши, ана ўшанда кофир ва осийларда на бир қувват ва на бир ёрдамчи бўлмаслиги таъкидланади.

Шундан сўнг осмону ер билан қасам ичиб, Қуръони Каримнинг фосил қилувчи, яъни мўмин билан кофирни ажратувчи калом экани, ҳазил эмаслиги таъкидланади.

Сураи кариманинг сўнгида эса кофирларга таҳдид оятлари келади.


Топ рейтинг www.uz Openstat