Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Тоҳо сураси

Маккада нозил бўлган. 135 оятдан иборат.

Ибн Аббос ва Жобир ибн Зайд розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинишича, бу сураи карима Марям сурасидан кейин нозил бўлган. Демак, улар Ислом даъватининг пайдар-пай босқичларида нозил бўлган экан, шунга кўра, сиёқлари ҳам бир-бирига ўхшаш бўлиши, яқин мавзуларни муолажа қилиши турган гап. Сураи кариманинг биринчи лафзи ўзига ном бўлиб қолган.

«Тоҳо» лафзи ҳақида уламоларимиз турлича фикр айтадилар. Баъзилари «Тоҳо» – ҳижо (алифбо) ҳарфларидан бири, ундан нима мурод қилинганини Аллоҳнинг Ўзи билади, десалар, бошқалари «Тоҳо» – Аллоҳнинг гўзал исмларидан биридир, дейдилар. Яна бирлари эса «Тоҳо» – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари, дейишади. Яна бир қисм уламолар борки, улар «Тоҳо» сўзини «Эй киши!» дегани деб ҳам тушунтирадилар.

Шундан келиб чиқиб, биз «Тоҳо» лафзидан нима мурод қилинганини Аллоҳнинг Ўзи билади, деймиз.

Сура Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиш билан бошланади ва Маккада нозил бўлган бошқа суралар каби, ақийда, мўминлик сифатлари ва ахлоқлари ҳақида баҳс юритади. Суранинг бош мақсади тавҳид, пайғамбарлик ва қайта тирилиб, маҳшарга тўпланиш каби диний асосларни кишилар қалбига ўрнатишдир.

Тоҳо сурасида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахслари алоҳида васф қилинган. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни қўллаб-қувватлашга, руҳларини кўтаришга катта эътибор берилади. Сурада у зот кофир ва мушрикларнинг ҳийла-найрангларига, ёлғонларига, истеҳзо ва мазахларига аҳамият бермасдан, ўзларининг асосий вазифаларини оғишмай бажаришга ундаладилар.

Ана шу мавзуга мос равишда Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари, аниқроғи, у зотга пайғамбарлик берилганидан бошлаб, Бану Исроил бузоқни ўзига худо қилиб олганигача бўлган давр батафсил ҳикоя этилади. Мусо алайҳиссалом оғалари Ҳорун алайҳиссалом ила туғёнга кетган Фиръавн ҳузурига қандай кириб борганлари, у билан ораларида нима ишлар бўлиб ўтгани, Мусо алайҳиссаломнинг Аллоҳ таоло билан роз айтишишлари, у кишининг пайғамбар этиб танланишлари, Фиръавн билан қилган мужодалалари, сеҳргарлар билан ўтказган муборазалари ва бошқа ҳодисалар келтирилади. Қисса давомида Аллоҳ Ўз пайғамбари ва гаплашган бандаси Мусо алайҳиссаломни доимо ҳифзу ҳимоясида сақлаётгани яққол сезилиб туради. Шунингдек, қиссада Аллоҳ Ўз душманлари бўлмиш кофирларни албатта ҳалок этишига алоҳида урғу берилади. Суранинг аксар қисми ушбу қиссага бағишлангандир. Сўнгра Одам алайҳиссаломнинг қиссалари ҳам қисқача эслаб ўтилади. Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ила Одам хато қилганидан кейин, уни ҳидоятга бошлаб, тўғри йўлга солгани, зурриётларига пайғамбарлар юбориб, ҳаққа даъват этгани ва қайси йўлни танлаш ихтиёрини уларнинг ўзларига бергани айтилади.

Шунингдек, сура давомида қиёмат тасвирига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Унинг воқеъ бўлиши, маҳшар саҳнаси, ҳисоб-китоб қай ҳолда рўй бериши, иймон ва тақво эгалари жаннатга, куфр ва исён эгалари дўзахга қандай киритилиши васф қилинади.

Сураи кариманинг сўнгида яна Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинади.


Топ рейтинг www.uz Openstat