Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Фатҳ сураси

Мадинада нозил бўлган. 29 оятдан иборат.

Бу сураи карима ҳижратнинг олтинчи йили Набий алайҳиссалом Ҳудайбия сулҳидан қайтиб келаётган пайтлари, Маккаи Мукаррама билан Мадинаи Мунаввара орасидаги йўлда, кечаси нозил бўлган. Ушбу муборак сура бевосита Ҳудайбия сулҳига бағишланган. Шунинг учун бу сулҳнинг тарихини, бўлиб ўтган воқеаларини, ҳақиқий воқеълигини яхши билиб олсак, сура оятларини ҳам янада яхшироқ тушунишимизга ёрдам беради.

Маълумки, Маккаи Мукаррама, Байтуллоҳ Исломдан аввал ҳам барча арабларнинг эътиборини ўзига тортган, эъзозига сазовор бўлган шаҳар ва ибодат даргоҳи эди. Иброҳим алайҳиссалом даврларидан буён ҳар йили у ерда ҳаж қилар эдилар. Ҳамма у ерни ҳурмат қилар, улуғлар, у ерга кирган ҳар бир инсон омонда бўлар, унга ҳеч ким тегмас эди. Ҳаттоки ўзининг энг катта душманини у ерда учратиб қолган киши ҳам унга қарши қўл кўтармас эди. Ҳамма Байтуллоҳнинг ишқида яшар, уни бир бор тавоф қилишни умрининг гултожи деб биларди.

Аммо Набий алайҳиссаломнинг ҳижратларидан сўнг мусулмонлар бундай бахтдан маҳрум бўлиб қолдилар. Қурайш араблари мусулмонларнинг Байтуллоҳни зиёрат қилишларига тўсқинлик қилар, уларга тавоф учун рухсат беришмас эди.

Тарихда мисли кўрилмаган журъат эди бу. Чунки ўша пайтгача ҳеч ким ҳеч кимни Аллоҳнинг Уйидан тўсмаган эди. Бирорта инсон учун тўсилмаган бу йўл мусулмонлар учун тўсиб қўйилди. Ёлғиз улар бу улкан бахтдан маҳрум қилиндилар. Албатта, мусулмонлар бу адолатсизликдан қаттиқ изтиробга тушар, дарду алам чекар эдилар. Улар Маккаи Мукаррамани соғиниб, Каъбатуллоҳга иштиёқлари ортиб, фироқ аламида яшардилар... Шу зайлда олти йил ўтди.

Бир куни саҳобаи киромлар тўпланиб ўтирган эдилар, ҳузурларига Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом келдилар ва уларга тушларида ҳаммалари сочларини олдирган ҳолда, эминликда, қўрқинчсиз Масжидул Ҳаромга кириб бораётганларини кўрганларини айтдилар. Ҳамма бу башоратдан хурсанд бўлди.

Ҳижратнинг олтинчи йили зулқаъда ойининг бошида умрани ният қилиб, сафарга чиқдилар. Набий алайҳиссалом Мадина аҳли ва атрофдаги аъробий қабилаларнинг ҳам бирга чиқишларини сўрадилар. Кўпчилик бўлиб боришни яхши деб топдилар, чунки Қурайшга ишониб бўлмас, улар Набий алайҳиссаломнинг йўлларини тўсишлари ёки қарши уруш очишлари ҳам мумкин эди. Аҳли Мадина Муҳаммад алайҳиссаломнинг сўровларига жавоб бериб, биргаликда Макка йўлини тутдилар. Аммо атрофдаги аъробий қабилалар «Барибир қурайшийлар мусулмонларни тор-мор қилиб, қириб ташлайди», деган фикрга бориб, сафарга чиқмадилар.

Шундай қилиб, Набий алайҳиссалом билан бирга муҳожир ва ансорий мусулмонлар, мадиналик араблар – ҳаммаси бўлиб, бир минг тўрт юз киши умрага чиқди. Ният соф эканини, уруш эмас, умрага – ибодатга кетаётганларини элу юртга билдириш учун эҳром боғлаб, қурбонликка сўядиган ҳайвонларини ҳам олдиларига солиб олдилар.

Шу алфозда Асафон деб аталган жойга етганларида, Бишр ибн Суфён Каъбий исмли киши йўлиқди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, Қурайш сизнинг йўлга отланганингизни эшитиб, ёшу қари – ҳаммаси йўлбарс териларини кийиб, Зу Туво деган жойда сизни Маккага абадий киритмасликка Аллоҳга қасам ичмоқдалар. Холид ибн Валидни отлиқларга бош қилиб, Қуроъул Ғомийм деган жойга юборишди», – деди.

Набий алайҳиссалом: «Қуриб кетсин ўша Қурайш! Уруш уларнинг бошини ейди. Мен билан бошқа арабларни тек қўйишса бўлмасмиди?! Агар улар менга ғолиб келишса, Қурайшнинг орзуси рўёбга чиқарди. Агар Аллоҳ мени ғолиб қилса, ҳаммалари Исломга киришарди. Бундай қилишмаса, кучлироқ бўлиб олиб, урушга киришарди. Қурайш нимани ўйлаяпти ўзи?! Аллоҳга қасамки, дин йўлида Аллоҳ уни устун қилгунча жиҳод қиламан ёки ҳалок бўламан, – дедилар. Сўнгра: – Менга уларга элтадиган бошқа йўлни кўрсатадиган одам борми?» – деб сўрадилар.

Аслам қабиласига мансуб бир киши: «Мен, эй Аллоҳнинг Расули», деди ва тепаликлар орасидаги нотекис, тошлари кўп йўлга бошлади. У йўлдан чиққанларидан сўнг, водийга туташ текис йўлга дуч келдилар. Аввалги йўлни ёқтирмай турган Набий алайҳиссалом одамларга: «Настағфируллоҳа ва натуби илайҳи» («Аллоҳга истиғфор айтамиз ва Унга тавба қиламиз»), деб айтинглар, – дедилар. Одамлар айтишди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: – Бу Бану Исроилга арз қилинган «ҳутти» эди, аммо айтмадилар», – дедилар.

Набий алайҳиссалом одамларга: «Ўнг томондан Ҳамаш орқали Макканинг пастки тарафидаги Ҳудайбия пастлиги томонга юринглар», – дедилар. Одамлар ўша йўлдан юришди. Мусулмонлар изидан кўтарилган чангни кўрган Қурайш отлиқлари йўлларини ўзгартириб, ўз қабиладошлари ҳузурига от чоптириб, қайтдилар. Набий алайҳиссалом йўлни тўғрилаб, олға юришни бошлаган эдилар, туялари чўк тушиб, юрмай, ётиб олди. Одамлар «Туя ётиб олди», деган гап тарқатишди. Расулуллоҳ алайҳиссалом:

– Ётиб олгани йўқ, унинг бундай одати йўқ эди, лекин уни Маккада филни тутган нарса тутиб қолди, Қурайш бугун мендан силаи раҳм ҳақида нимани сўраса, бераман, – дедилар. Сўнгра туяларини бошқа тарафга буриб, ниқтаган эдилар, сакраб туриб, юриб кетди. Юриб бориб, Ҳудайбиянинг четига тушдилар. Одамларга: – Тушиб, жойлашинглар, – дедилар. Улар:

– Эй Аллоҳнинг Расули, ҳеч қаерда сув йўқ-ку, қандай қилиб жойлашамиз? – дедилар. Шунда у зот саҳобалардан бирларига ўқдонларидан бир камон ўқини чиқариб бердилар. У киши ўқни кўлмак сув тўпланадиган жойлардан бирига санчиб қўйган эди, сув отилиб чиқа бошлади.

Расулуллоҳ алайҳиссалом жойлашиб-ўрнашиб бўлганларидан сўнг, Бадийл ибн Варқо Хузоъий ўзининг бир неча қабиладошлари ҳамроҳлигида келди. Набий алайҳиссалом билан сўзлашиб:

– Нима учун келдинглар? – деб сўради. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уруш учун келмаганликларини, Байтуллоҳнинг зиёратига, уни улуғлаб келганликларини таъкидладилар. Элчилар Қурайш ҳузурига қайтиб бордилар. Ва: – Эй қурайшийлар, сизлар Муҳаммад хусусида шошиляпсизлар, у уруш учун келгани йўқ, Байтуллоҳнинг зиёратига келган, – дедилар. Қурайш эса элчиларини туҳмат қилиб, ҳайдашди. Сўнг:

– Агар урушни хоҳламай келган бўлса ҳам, Аллоҳга қасамки, у бизни босиб ўтиб, (Маккага) кирмайди, араблар ичида гапга қолишни хоҳламаймиз, – дейишди.

Кейин Мақриз ибн Ҳафсни юборишди. Набий алайҳиссалом уни кўришлари билан: «Бу ёлғончи одам», – дедилар. У Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, сўзлашди, унга ҳам Бадийл ибн Варқога айтган гапларини айтдилар. Мақриз Қурайш ҳузурига қайтиб бориб, хабарни етказди.

Сўнгра Ҳулайс ибн Алқамани юборишди. Пайғамбар алайҳиссалом уни кўришлари билан: «Бу ибодат қиладиган қавмдан экан, қурбонликка келтирилган ҳайвонларни унга қараб ҳайданглар, кўриб қўйсин», – дедилар. Ҳайвонлар кўп кутиб ётганидан жунлари тўкила бошлаган эди. Ҳулайс бўйнига белги осилган, қурбонликка аталган ҳайвонларнинг водийни тўлдириб, ўзи томон оқиб кела бошлаганини кўргач, Набий алайҳиссаломга етиб бормасданоқ, орқасига қайтди ва кўрганларини уларга айтди. Қурайшликлар унга:

– Ўтир, сен саҳроликсан, билиминг йўқ, – дейишди. Шунда Ҳулайснинг жаҳли чиқди ва:

– Эй Қурайш одамлари, Аллоҳга қасамки, сизлар билан бунга иттифоқ тузмаган эдик, аҳдлашмаган эдик. Байтуллоҳни улуғлаб келган одамнинг ҳам йўли тўсиладими? Аллоҳга қасамки, ёки Муҳаммаднинг йўлини очиб қўясизлар, ёки қавмим билан сизларга қарши уруш очаман! – деди. Улар:

Жим бўл! Биздан нари тур, ўзимиз нима хоҳласак, шуни қиламиз, дейишди.

Сўнгра Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломнинг ҳузурларига Урва ибн Маъсуд Сақафийни юборишди. У жўнашдан олдин:

– Эй Қурайш одамлари, кўриб турибманки, кимни Муҳаммаднинг олдига юборсангиз, қайтиб келганидан кейин унга ёмон сўзларни айтиб, қўпол муомала қиляпсизлар. Мени яхши биласизлар, сизлар ота бўлсангиз, мен болангизман. Ташвишингизни эшитиб, ўзимга эргашганларни тўплаб келдим, – деди. Улар:

– Тўғри айтасан, сенга туҳмат қиладиган жойимиз йўқ, – дейишди. Кейин у ердан чиқиб, Набий алайҳиссаломнинг олдиларига келди ва: – Эй Муҳаммад! Турли-туман одамларни тўплаб, ўзингнинг тухумингни синдиргани олиб келдингми?! Қурайш ҳам ёшу қарисига йўлбарс терисини кийдириб, олиб чиқибди. Аллоҳга қасамки, анавилар эртага сени ташлаб, қочиб қолишадими, деб турибман, – деди. Ҳазрати Абу Бакр Набий алайҳиссаломнинг орқаларида ўтирган эдилар. Урвани бўралаб сўкдилар ва:

Биз уни ташлаб, қочар эканмизми?! – дедилар. Урва:

Бу ким, эй Муҳаммад? – деди. Расулуллоҳ:

– Абу Қуҳофанинг ўғли, – дедилар. Сўнгра унга ҳам аввалгиларга айтганларини айтиб, уруш учун келмаганликларини билдирдилар. Урва Расулуллоҳнинг ҳузурларида у зотга саҳобалар қандай муносабатда бўлаётганларини кўрди. Таҳорат қилсалар, сувни ерга туширмасдан, илиб олишарди. Сочларидан бирор тола тушса ҳам, талашиб кетишар эди. Бас, у Қурайшнинг ҳузурига қайтиб бориб:

– Эй Қурайш одамлари, Кисрони ўз мулкида кўрдим, Қайсарни ҳам ўз мулкида кўрдим, Нажошийни ҳам ўз мулкида кўрдим. Лекин, қасамки, ҳеч бир подшоҳни ўз қавмида Муҳаммадни саҳобаларининг ичида кўрганимдек кўрмаганман. Менимча, улар уни ҳеч нарсага алмашмайдилар. Билганингизни қилинг, – деди.

Набий алайҳиссалом ҳам ўз навбатларида Хирош ибн Умайя Хузоъийни Саълаб номли туяга миндириб, Маккага – Қурайш ҳузурига элчи қилиб юбордилар. Лекин қурайшликлар туяни сўйишди. Элчини ҳам ўлдирмоқчи бўлишган эди, ҳабашистонликлар қутқариб қолишди. Сўнг уни Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига қайтариб юборишди.

Қурайшликлар қирқ-эллик кишини Расулуллоҳнинг одамлари турган жойга юбориб, бирорта саҳобага ёмонлик қилишга буюрдилар. Ҳеч ким иғвога учмади. Уларни тутиб, олиб келишган эди, Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом қўйиб юбордилар.

Сўнг Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни чақириб, келишларининг сабаблари ҳақидаги хабарни Қурайш бошлиқларига етказишни топширмоқчи эдилар, у киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен Қурайшдан қўрқаман, Маккада мени ҳимоя қиладиган ҳеч ким йўқ, Қурайшга бўлган адоватим, қаттиққўллигим ҳаммага аён. Мендан кўра Усмон ибн Аффон борса, яхши бўларди», – дедилар.

Набий алайҳиссалом ҳазрати Усмонни чақириб, Абу Суфён ва Қурайшнинг бошқа бошлиқларига бориб, уруш учун келмаганликларини, балки Байтуллоҳни ҳурматлаб, уни зиёрат қилиш учун келганликларининг хабарини етказишни топширдилар.

Маккага кираверишларида ҳазрати Усмонни Абон ибн Саъийд кутиб олди ва у кишига ҳомий эканини эълон қилди. Ҳазрати Усмон бориб, Абу Суфён ва Қурайшнинг бошқа бошлиқларига Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг гапларини етказдилар. У киши гапни тугатиб бўлганларидан сўнг:

– Агар Байтуллоҳни тавоф қилмоқчи бўлсанг, қилиб ол, – дейишди. Ҳазрати Усмон:

– Расулуллоҳ тавоф қилмай туриб, мен ҳеч ҳам тавоф қилмайман, – дедилар. Қурайшликлар у кишини тутиб қолишди. Набий алайҳиссаломга ва мусулмонларга «Усмон ўлдирилибди» деган гап етиб борди.

Бу хабар Расулуллоҳ алайҳиссаломга етганда, «Бу қавм билан охири тўқнашар эканмиз-да», – дедилар ва кишиларни байъатга чақирдилар. Ҳамма саҳобалар дарахт остида туриб, қўлларини Расули Акрамнинг қўлларига қўйиб, ўлимга ҳам тайёр эканликлари ҳақида байъат қилдилар. Бу байъат «Ризвон», яъни «Розилик байъати» номи ила машҳур бўлди. Чунки Аллоҳ таоло ўша дарахт остида Пайғамбарга ким байъат қилган бўлса, ҳаммасидан рози эканини эълон қилди.

Фақат бир киши – Жадд ибн Қайсгина байъатда қатнашмади. Аммо кишиларнинг ғазабидан қўрқиб, туясининг ортида яшириниб турди. Ҳазрати Усмон учун Набий алайҳиссаломнинг ўзлари бир қўлларини иккинчисига қўйиб, байъат қилдилар. Кейин эса ҳазрати Усмоннинг ўлдирилганлиги бекор гап эканининг хабари келди.

Сўнгра Қурайш Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига Суҳайл ибн Амрни юборди, унга: «Сен бориб, Муҳаммад билан сулҳ туз, сулҳда бу йил бизнинг устимизга (Маккага) кирмай, қайтиб кетиши албатта (ёзилган) бўлсин, яна, араблар бизнинг устимизга куч ишлатиб кирди, деб гапиришмасин», – дедилар.

Набий алайҳиссалом Суҳайл ибн Амрнинг келаётганини кўрганларида: «Аллоҳ ишимизни енгиллаштирадиганга ўхшайди, – дедилар («Суҳайл» сўзи луғавий жиҳатдан «осон», «енгил» деган маъноларни англатади). Яна: – Улар бу одамни юборишларидан, сулҳ тузишмоқчи шекилли», – дедилар. Суҳайл Расули Акрамнинг ҳузурларига келиб, узоқ гаплашди, улар тортишдилар ва охири сулҳ тузилди.

Иш охирига етиб, фақат сулҳни ёзишгина қолганда, Умар ибн Хаттоб ўринларидан сакраб турдилар ва Абу Бакрнинг олдига келиб:

У киши Расулуллоҳ эмасмилар?! – дедилар. Абу Бакр:

Албатта, Расулуллоҳлар! – дедилар. Умар:

Биз мусулмонмизми?! – дедилар. Абу Бакр:

Албатта, – дедилар. Умар:

Улар мушрикми?! – дедилар. Абу Бакр:

Албатта, – дедилар. Умар:

Унда нима учун динимизни пасткашликка алмаштирамиз?! – дедилар. Абу Бакр:

Эй Умар, у киши, албатта, Аллоҳнинг Расулидирлар, дедилар. Умар:

– Мен ҳам шаҳодат келтираман, у киши, албатта, Аллоҳнинг Расулидирлар, – дедилар. Сўнгра ҳазрати Умар Расули Акрам алайҳиссолату васаломнинг олдиларига бордилар ва:

– Эй Аллоҳнинг Расули, сиз Аллоҳнинг Расулимисиз?! – дедилар. У киши:

Албатта, дедилар. Умар:

Биз мусулмонмизми?! – дедилар. Ул зот:

Албатта, дедилар. Умар:

Улар мушрикларми?! – дедилар. Ул зот алайҳиссалом:

Албатта, дедилар. Умар:

Унда нима учун динимизни пасткашликка алмаштирамиз?! – дедилар. Расули Акрам алайҳиссалом:

– Мен Аллоҳнинг бандаси ва элчисиман, Унинг буйруғига ҳеч-ҳеч хилоф қилмайман ва У ҳам мени асло зое қилмайди, – дедилар.

Кейинчалик ҳазрати Умар: «Ўша пайтда, бу қилганим яхши бўлса керак, деб шундай қилган эдим. Кейин айтган гапларимдан қўрқиб, тинмай, садақа қилиб, рўза тутиб, намоз ўқиб, қул озод қилиб юрдим», – дер эдилар.

Сулҳни ёзиш учун Набий алайҳиссалом ҳазрати Али ибн Абу Толибни чақирдилар ва:

– «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм», деб ёз, – дедилар. Суҳайл:

– Мен бунақа гапни билмайман, «Бисмикааллоҳумма» деб ёз, – деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом:

– «Бисмикааллоҳумма» деб ёз, – дедилар. Ҳазрати Али ёздилар. Сўнгра у зот:

– Ёз: «Бу Аллоҳнинг Расули Муҳаммад ва Суҳайл ибн Амр тузган сулҳ...» Шунда Суҳайл:

Агар сени Аллоҳнинг Расули деб шаҳодат берганимда, сен билан урушмас эдим. Шунинг учун исмингни ва отангнинг исмини ёздир, деди. Набий алайҳиссалом:

– Ёз: «Бу Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ва Суҳайл ибн Амр тузган сулҳ...» – дедилар. Шу тариқа улар қуйидагиларга келишдилар:

1. Ўн йилгача уруш бўлмайди. Одамлар омонда бўлиб, бир-бирларига ёмонлик қилишдан тийиладилар.

2. Кимки Қурайшдан Муҳаммаднинг олдига келса, уни қайтариб беради.

3. Кимки Муҳаммаднинг олдидан Қурайшга келса, қайтариб берилмайди.

4. Ким Муҳаммад билан аҳднома тузиб, шерик бўлса, бўлаверади.

5. Ким Қурайш билан аҳднома тузиб, шерик бўлса, бўлаверади.

6. Бу йил Муҳаммад ва саҳобалари Маккага кирмай, қайтиб кетадилар.

7. Келаси йили келиб, қиличларини қинида сақлаган ҳолда кирадилар, уч кун турадилар, бу вақтда мушриклар Маккадан чиқиб туришади.

Ушбуларни ёзиб туришганида, Суҳайл ибн Амрнинг мусулмон бўлган ўғли Абу Жандал кишанларини судраб, қочиб келиб қолди. Суҳайл ўғли Абу Жандални кўриб, олдига борди-да, юзига тарсаки тушириб, ёқасидан судради. Сўнгра:

– Эй Муҳаммад, мана бу сулҳни тузиб бўлганимиздан кейин келди, – деди. Набий алайҳиссалом:

– Тўғри айтдинг, – дедилар.

Суҳайл Абу Жандални ёқасидан бўғиб, судраб, Қурайшга қайтариб олиб кета бошлади. Шунда Абу Жандал бор овози билан:

Ҳой мусулмонлар! Мушрикларга қайтариламанми?! Ўз динимда фитнага учрайманми?! – деб бақира бошлади. Бу эса саҳобаларнинг дардига дард, аламига алам қўшди. Чунки саҳобалар Набий алайҳиссаломнинг кўрган тушларидан башорат олиб, Маккани албатта фатҳ этишларига ҳеч шубҳа қилмай, келган эдилар. Сулҳ тузилиб, қайтиб кетиш ҳақида гап чиққанда эса уларни оғир қайғу босди, гўёки, ўзларини ҳалокатга учраган билан баробар ҳис қилишаётган эди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:

Эй Абу Жандал, сабр қил, савоб оласан. Албатта, Аллоҳ сенга ва сенга ўхшаш заифларга кенглик беради. Биз қавм билан сулҳ туздик. Уларга Аллоҳнинг номи ила аҳд бердик ва улар ҳам аҳд бердилар. Биз уларга берган аҳдимизга хиёнат қилмаймиз, – дедилар.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб ўринларидан сакраб турдилар ва Абу Жандалнинг яқинига бориб, ёнида юриб туриб:

– Эй Абу Жандал, сабр қил, барибир улар мушриклар, уларнинг қони итнинг қони билан баробар, – дердилар ва қиличларининг сопини унинг қўлига яқинлаштирар эдилар.

Кейинчалик ҳазрати Умар: «Қилични олиб, отасини солармикан, деган эдим», деганлар. Лекин Абу Жандал ундай қилмади. Сулҳга амал қилинди.

Сулҳ матни ёзиб бўлингач, Набий алайҳиссалом саҳобаларга:

– Энди туриб, қурбонликни сўйиб, сочларингизни олдиринглар, – дедилар. Бирор киши қимир этмади. Расули Акрам алайҳиссолату вассаллом ҳалиги буйруқни уч марта такрорладилар. Ҳеч ким қимирлаб ҳам қўймади. Шунда Набий алайҳиссалом фиғонлари фалакка чиқиб, чодирларига, Умму Салама онамизнинг олдиларига кирдилар ва: – Бу қавм ҳалок бўлади, булардан олдин ўтганлар ҳам ўз пайғамбарларига бўйсунмай, ҳалок бўлишган эди, – дедилар. Одамларнинг саркашликларини, адашаётганликларини гапириб бердилар. Умму Салама онамиз у зотни очиқ чеҳра, мулойимлик билан кутиб олган эдилар. Сўзларини хотиржамлик билан тингладилар ва:

– Эй Аллоҳнинг Расули, ўзингиз биласиз, саҳобаларингиз Маккаи Мукаррамани ниҳоятда севадилар, кўпдан буён зиёрат қила олишгани йўқ. Ҳозир ҳаммалари зиёрат эта олишларига тўла ишониб турган эдилар, Каъбани тавоф қилмасдан, қайтиш улар учун жуда ҳам оғир. Агар сиз кўзлаган ишингизни қилишингиз зарур бўлса, чиқинг-да, улардан бирортасига бир оғиз ҳам сўз айтмасдан, атаган туянгизни сўйинг, сўнгра сартарошингизни чақиринг, сочингизни олсин, ҳаммаси жойига тушади, – дедилар.

Расули Акрам алайҳиссолату вассалом атаган туяларини ўз қўллари билан сўйдилар. Сўнгра сартарошларини чақирдилар, сочларини олди. Буни кўрган саҳобаи киромлар ҳам бирин-кетин туриб, қурбонликларини сўйиб, бир-бирларининг сочларини ола бошладилар.

Кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом ортларига қайтиб юра бошладилар, ҳамма қайтди. Қуроъул Ғомийм номли жойга етганларида, бир оз тўхтадилар, одамлар у зотнинг атрофларига шошиб кела бошладилар, кўпчилик тўпланиб бўлганидан сўнг уловлари устида ўтирган ҳолларида «Инна фатаҳна лака фатҳан мубийнан...» деб, Фатҳ сурасининг аввалини ўқидилар. Шунда саҳобалардан бири:

Эй Аллоҳнинг Расули, бу фатҳми? – деб сўради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом:

– Ҳа, менинг нафсим қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, бу фатҳдир, – дедилар.

Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларимиз ривоят қилган ҳадислардан бирида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Сафарлардан бирида Набий алайҳиссаломдан бир нарсани уч марта сўрадим, у киши жавоб бермадилар, шунда мен ўзимча, «Онанг ўлсин, Умар, сурбетлик қилдинг, бир нарсани Расулуллоҳдан уч марта сўрадинг, сенга жавоб бермадилар», дедим-да, уловимни миниб, ниқтаб, илгари юриб кетдим. Мен ҳақимда оят нозил бўлиб қолмасайди, деб қўрқиб борар эдим. Бирдан бир киши:

– Эй Умар! – деб чақириб қолди. Мен ҳақимда бирор оят нозил бўлганга ўхшайди, деб орқамга қайтдим. Борсам, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Бугун менга бир сура нозил бўлдики, у мен учун дунё ва ундаги барча нарсалардан кўра суюклироқдир, – деб, «Инна фатаҳна лака фатҳан мубийнан…»ни ўқиб бердилар.

Бундан аввал келган Муҳаммад сураси нозил бўлганидан кейин уч йил муддат ўтиб, Фатҳ сураси нозил бўлди. Икки сурани бирин-кетин ўқиб, орадаги фарқ қанчалик эканини билиб олиш мумкин.

Фатҳ сураси маданий суралардан бўлгани учун бошқа маданий суралар каби, шариат ҳукмлари, мунофиқлар ва бошқа ўзига хос мавзуларни ўз ичига олган. Сурада Аллоҳнинг йўлида курашиш, Аллоҳнинг ёрдами доимо пайғамбарларга бўлиши, мунофиқларнинг иккиюзламачилиги, хоинлиги, мўминларнинг яхши сифатлари зикр қилинади.

Авваллари мушриклар Пайғамбаримизга ва мусулмонларга қарши муросасиз, шафқатсиз уруш олиб борар эдилар. Аммо Ҳудайбия сулҳидан сўнг улар Ислом давлатини сўзсиз тан олдилар. Мусулмонлар эркинлик билан хоҳлаган тарафларига бориб, кишиларни ўз динларига даъват қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Аллоҳ таоло Ҳудайбия сулҳини «Фатҳ» деб ҳисоблади. Ҳақиқатан ҳам, у улкан фатҳ эди. Бу сурада Аллоҳ таоло Ўзининг маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг икки дунёда кўзларини қувончга тўлдирадиган нарсани берди. У зотнинг аввалу охир, қилган-қилмаган барча гуноҳларини кечирганини эълон қилди.

Ғалаба, нусратнинг ҳақиқийси Аллоҳ томонидан бўлади. Бу сурада Аллоҳ мўминларнинг қалбларига тинчликни солиб қўйганининг хабарини берди. Шу билан бирга, уларни ҳеч нарсадан қўрқмасдан, Аллоҳнинг йўлида курашишга чақирди.

Кофирлар билан мўминлар орасида беқарор бўлиб яшовчи мунофиқларнинг, агар мўминларга нусрат ёр бўлса, «Сизлар билан бирга эдик», дейишлари, кофирлар ғолиб келишса, «Аслида сиз билан эдик, мусулмонларнинг йўлини тўсишда бизнинг ҳам ҳиссамиз бор», дея мунофиқлик қилишлари ҳам шу сурада келтирилган.

Мунофиқлар, аслида, қўрқоқ шахслар бўлиб, ҳар нарсадан чўчийверадилар. Улар Набий алайҳиссалом билан Маккага боришдан ҳам бош тортишди. Уларнинг ҳаммаси қирилиб кетади, деб гап тарқатишди. Аллоҳ уларнинг гумонларини ўзларига қайтарди. Набий алайҳиссалом ва саҳобалар Аллоҳнинг нусрати ила музаффар бўлиб, фатҳга эришган ҳолларида Мадинага қайтдилар. Шунда мунофиқлар бормаганларига афсус-надомат эълон қилишган эди, Аллоҳ уларга яна бошқа урушда қатнашиш имкони борлигини билдириб, Фатҳ сурасида оятлар нозил қилди.

Мўминлар Аллоҳга берган аҳду паймонларига содиқ қолган эдилар, Аллоҳ таоло уларнинг бу садоқатларини муносиб тақдирлади. Расули Акрам алайҳиссалом билан Ҳудайбияга бир минг тўрт юз киши фақат қинга солинган қилич билан чиқишди. Лекин вақти келиб, душман хавф солиб, уруш эҳтимоли кучайганида, жангга отланишга даъват қилинганларида, ҳаммалари бегона юртда, ноқулай ҳолатда, қуроллари кам бўлишига қарамай, Аллоҳ йўлида жон фидо қилишга тайёр эканликларини билдириб, Расулуллоҳ алайҳиссаломга байъат қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло уларни ёмонликдан сақлаб қолди, Ўзининг улардан розилигини эълон қилди ҳамда мусулмонларга ғалабани ёр қилди.

Бу сурада Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларига қанчалик лутф этиши қайта-қайта намоён бўлади. Мушриклар Маккаи Мукаррамага ибодатга – умрани адо этишга келган Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромларнинг йўлларини тўсдилар. Ҳолбуки, Каъба Аллоҳники эди, ўшангача ҳеч кимнинг йўли тўсилмаганди. Макка мушриклари Байтуллоҳнинг зиёратига эҳром кийиб келган соф ниятли кишиларнинг йўлини тўсдилар. Агар Макканинг ичида заифҳол кишилар бўлмаганида, Аллоҳ таоло мусулмонларга мушриклар билан уруш қилишга рухсат берар эди ва саркаш Макка мушрикларини уларнинг қўли билан азоблар эди. Аммо ҳалиги заифҳол кишиларга раҳм қилиб, бунга изн бермаганини ҳам Аллоҳ таоло ушбу сурада эслатиб ўтади. Пайғамбарнинг тушлари – ваҳий. Муҳаммад алайҳиссалом тушларида Маккаи Мукаррамага умра қилиб борганларини кўриб, саҳобаларни умрага чорладилар, барчалари сафарга отландилар. Сурада ана ўша туш ўнгидан келиб, келаси йили ҳаммалари умра қилишлари ҳам баён қилинади.

Фатҳ сурасида улуғ инсонлар – саҳобаи киромларнинг сифатлари келтирилади. Улар бир-бирларига ниҳоятда раҳмдил, душманларга нисбатан эса шиддатлидирлар, улардан мутлақо қўрқмайдилар. Сурада саҳобаларнинг сифатлари Тавротда ҳам, бузилмаган Инжилда ҳам келтирилганлиги зикр этилади. Бу улуғ инсонларнинг қилган ибодатлари таъсирини уларнинг юзларидан ҳам билиб олса бўлади.

Суранинг охирида Аллоҳ таоло иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларга мағфират ва буюк ажру савобларни ваъда қилади.


Топ рейтинг www.uz Openstat