Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳижр сураси

Маккада нозил бўлган. 99 оятдан иборат.

Сураи каримага ном бўлиб қолган «Ҳижр» сўзи ундаги қиссаларнинг бирида Самуд қавми яшаган водийнинг исми сифатида зикр қилинган.

Сураи карима Маккаи Мукаррамада Юсуф сурасидан кейин нозил бўлган. Бу пайтда Ислом даъвати оғир кунларни бошидан кечираётган эди. Бир йилнинг ичида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яхши ёрдамчи бўлмиш икки шахс – амакилари Абу Толиб ва Хадийжа онамиз вафот этган, ўша сана «маҳзунлик йили» деб эълон қилинган эди. Бундан фойдаланган мушриклар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга, мусулмонларга ва Исломга қарши ҳамласини ниҳоятда кучайтирган пайт эди. Мусулмонлар бош кўтаролмай, қадам боса олмай қолганларидан, динлари ва диёнатларини сақлаш мақсадида она юртлари – азиз Маккани ташлаб, ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар. Ҳа, Ҳижр сураси ана шундай шиддатли, шафқатсиз бир пайтда – хафагарчилик йили билан ҳижрат йили орасида нозил бўлди. Шунинг учун ҳам ўша қийин пайт бу суранинг оятлари ниҳоясида ўз аксини топди.

Мушрикларнинг озорлари авжига чиққан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар оғир кунларни бошларидан кечирар эдилар. Ислом даъвати деярли қотиб қолган, жойидан қимирламас эди. Шу сабабли бу сурада ўтган пайғамбарлар ва умматлар тарихида юз берган худди шунга ўхшаш ҳолатларнинг қиссалари келтирилади. Бу аввало, Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларга тасалли бўлса, иккинчи томондан мушрикларга таҳдид ва эслатма эди.

Ҳижр сурасида асосан Исломни инкор этувчиларнинг табиати ва уларнинг инкорлари сабаблари ҳақида сўз кетади. Оқибатлари нима бўлгани гапирилади.

Сураи кариманинг аввалида куфр аҳлини огоҳлантирувчи оятлар келади. Улардан кейин кофирлар томонидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга озор берилиши, у кишига туҳмат ва номаъқул таклиф қилишлари, Аллоҳнинг Қуръонни муҳофаза этиш ҳақидаги ваъдаси ва аввал ўтганларда ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлганлигини эслатувчи тасаллиси келади. Борлиқдаги баъзи кўринишлар: осмон ва унинг буржлари, ер ва ундаги тоғлар, наботот, шамоллар, сув каби нарсалар эсга олинади. Ундан кейин Одам Ато ва шайтон қиссаси келтирилади. Сўнгра Иброҳим, Лут, Шуъайб ва Солиҳ алайҳиссаломларнинг қиссалари ўзига хос услуб ила баён этилади.

Ниҳояда эса осмонлару ерни яратишдаги ҳақиқат, қиёматнинг албатта бўлиши, шунинг учун бошқа нарсаларга эътибор бермай, Аллоҳдан қолмаслик зарурлиги ҳақида сўз кетади.


Топ рейтинг www.uz Openstat