Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳуд сураси

Маккада нозил бўлган. 123 оятдан иборат.

Ичида Ҳуд қавми қиссаси ҳам келгани учун ушбу сура шу ном билан аталган. Уламоларимизнинг таъкидлашларича, бу сураи карима Қуръони Каримда ўзидан олдин турган Юнус сурасидан кейин нозил бўлган. Бир вақтда нозил бўлганлари учун ушбу икки суранинг йўналишлари ҳам бир-бирига яқин. Ушбу суралар Ислом даъвати учун энг оғир пайтларда нозил бўлган. Бу вақт Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга ҳомий бўлиб турган Абу Толиб ва Хадийжа онамиз вафот этиб, мушрикларнинг тазйиқлари энг учига чиққан пайтлар эди.

Ислом тарихида «маҳзунлик йили» деган ном ила машҳур давр. Абу Толиб ва Хадийжа онамизнинг вафотларини ўзларига қулай фурсат билиб, мушриклар зулмни яна ҳам кучайтирдилар.

Исро ҳодисаси рўй бериб, бу ҳодиса ғайриодатий бўлганидан, баъзи иймони заифлар муртад бўлиб, диндан чиққан, кофирлар эса мўминларни масхара қилиб, кулган пайт.

Ислом даъвати умуман тўхтаб қолган, Макка ва унинг атрофидан ҳеч ким Исломга кирмай қўйган маҳаллар.

Оз сонли мусулмонлар ниҳоятда қийин аҳволда қолган, кофирлар эса, яна бир оз ҳаракат қилсак, Исломни йўқ қилиб юборамиз, деб турган нозик палла.

Ана шундай ҳассос даврда нозил бўлган бу сураи каримада ўша даврга хос мавзулар ўз аксини топгандир. Сураи кариманинг аввалида Қуръони Карим ва унинг хусусиятлари ҳақида сўз кетади. Ақийда масаласида баҳс юритилади. Кишилар Аллоҳ таолога бўйсунган ҳолларида яшамоқлари зарурлиги ўзига хос услуб билан уқтирилади.

Ундан кейин тарихга мурожаат қилинади. Ўтган умматларнинг қиссалари батафсил баён қилинади. Бу борада Нуҳ алайҳиссалом қиссалари, шунингдек, Ҳуд, Солиҳ, Шуъайб алайҳимуссаломнинг қиссалари ҳам келтирилади.

Сўнгра ўша зикр қилинган мавзуларга хулоса ясалиб, буларнинг ҳаммаси ибрат учун экани айтилади.

Ниҳоятда қийин даврда нозил бўлгани, ниҳоятда саркаш қавмнинг номаъқул кирдикорларини муолажа қилгани учун ҳам бу сурадаги баҳс қаттиқ ва муросасиз услубда кечади. Қалбларни ларзага солувчи, таҳдидга тўла иборалар бу сураи каримада айнан муросасиз услуб етакчи эканини кўрсатади. Аллоҳ таоло қалби қаттиқ қавмга уларнинг ўзига яраша муомала қилади. Шунинг учун ҳам бу сураи каримани ўқиган ва ўрганган одамга у ўзига хос тарзда шиддатли таъсир этади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳуд сурасини ўзларининг муборак сочларини оқартирган суралар қаторига қўшганлар.

Ҳофиз Абу Яъло Икрима розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

Сочингизни нима оқартирди? деб сўраганларида, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Сочимни Ҳуд, Воқиъа, «Амма ятасааъалун» ва «Изаш-шамсу куввирот» суралари оқартирди, – деган эканлар».


Топ рейтинг www.uz Openstat