Ассалому алайкум! Мусаннифлар: Зиёвуддин РАҲИМ, Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли томонидан чиқарилган ТАҲОРАТ КИТОБИнинг 179-саҳифасида "169 – Миқдом ибн Маъдикариб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таҳорат қилаётиб бошга масҳ тортишга келганларида, икки кафтларини пешоналарига қўйиб, гарданларигача юргизиб, сўнг икки кафтларини яна (масҳ тортишни) бошлаган жойларигача (яъни, пешонагача) қайтарганларини кўрганман” (Абу Довуд ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). Бу ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошларига қандай масҳ тортганлари айтилмоқда. Бу ерда бошга тўлиқ масҳ тортиш таърифланган. Демак, бошга тўлиқ масҳ тортиш учун аввал қўлларни ҳўллаб, сўнг икки кафтни очиб, бош олд қисмининг соч чиққан жойига қўйилади. Сўнг қўллар бош устидан юргизилиб, гардангача олиб борилади. Кейин яна масҳ тортишни бошлаган жойгача кафт юргизиб борилади. Шундан сўнг икки қулоқ ичи ва ташқарисига масҳ тортилади" деб ёзилган. Мен пешонадан бўйин томонга бир марта масҳ тортиб, қулоқни ичи ва ташқарисига масҳ тортар эдим. Саволим қуйидагича: демак, бошга икки марта, яъни пешонадан бўйинга ва бўйиндан пешонага масҳ тортиладими? Агар тушунмасдан нотўғри савол берган бўлсам, олдиндан узр сўрайман.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ҳадисда келгани суннат. Сиз қилгандан эса фарз адо бўлган. Тушкунликка тушишга ҳожат йўқ. Валлоҳу аълам!