Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Исм хакида

00:00 / 09.09.2007 | eski savollar | 6868
Ассалому алайкум!Агар ота-онаси фарзандига Абдулмутоллиб деб исм берган булса, нима килиш керак? Умуман олганда, фарзандга бундай исм бериш мумкинми?Исмни узгартириш йуллари кандай?Олдиндан рахмат!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

ИСМНИ БОШҚА ИСМГА ЎЗГАРТИШСаҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Мунзир ибн Абу Усайд туғилганида уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борилди. Бас, У зот уни сонларига қўйдилар. Абу Усайд ўша ерда ўтирган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларидаги бир нарса билан машғул бўлиб қолдилар. Абу Усайд буюрган эди, ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонларидан олиб кетишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам машғулотдан фориғ бўлиб:«Бола қани?» дедилар. Абу Усайд: «Ё Аллоҳнинг Расули! Уни қайтариб юбордик», деди. «Исми нима эди?» дедилар.«Фалончи», деди.«Йўқ! Унинг исми Мунзир» дедилар. Ўша куни уни Мунзир деб номладилар». Исм ноқулай, нотўғри қўйилган бўлса, уни ўзгартириб қўйиш керак экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боланинг исмини эшитиб, ёқтирмадилар ва уни Мунзир деб алмаштириб қўйдилар.АЛЛОҲ АЗЗА ВА ЖАЛЛАГА ЭНГ ЁҚМАЙДИГАН ИСМЛАР Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг наздида энг хунук исм Маликул Амлокдир» дедилар». Шарҳ: Маликул Амлок – подшоҳларнинг подшоҳи деганидир. Бу Аллоҳга хос сифатдир. Уни бандага қўйиш ниҳоятда нотўғри, ноқулайдир. Бу ҳадисдан шунга ўхшаш исмларни қўйиш яхши эмаслигини билиб оламиз.Уламолар бу маъно қайси тилда бўлса ҳам жоиз эмас деганлар ва форсчадаги Шаҳоншоҳ сўзи шу маънони англатишини, бу ҳам жоиз эмаслигини таъкидлаганлар.КИШИНИ ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН ИСМИ БИЛАН ЧАҚИРИШҲанзала ибн Ҳизайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир кишининг ўзи яхши кўрган исми ва яхши кўрган кунялари билан чақирилиши ёқар эди». Демак, бир кишини хунук исм билан, ўзига ёқмайдиган исм билан чақириш жоиз эмас экан. Қайси исмини, қайси кунясини яхши кўрса, ўша исм, ўша куня билан чақириш керак экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу нарсани ёқтирар эканларОСИЯ ДЕГАН ИСМНИ ЎЗГАРТИРИШ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ъосия исмли аёлнинг исмини ўзгартирдилар ва: «Сен - Жамийласан» дедилар». Шарҳ: Осия сўзи «айн» ҳарфи билан ёзилса, «исёнчи, осий аёл» деган маъно чиқиб қолади. Айн ҳарфи бўлмаса, Осиё бўлади, бу исм жоиз. Ҳақиқатда ҳам, Ъосия, яъни Аллоҳга исёнчи бўлган, осий бўлган аёл деган исмни кўтариб юриш жуда хунук, ноқулай нарса. Бундай исмлар Ислом таълимотидан узоқ бўлинган даврда қўйилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай исмли бир аёлнинг исмини Жамила, яъни Гўзал деб ўзгартирган эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан Ислом гўзаллик дини эканлигини, гўзаллик эркагу аёлларнинг исмларида ҳам барқ уриб туриши лозимлигини исботлаганлар. Шунинг учун, сиз билан биз – мўмин-мусулмонлар ҳам ҳар бир фарзандимизга гўзал, чиройли, эшитганга ҳам, кўрганга ҳам, айтганга ҳам бир завқ бағишлайдиган исм қўйишга ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Муҳаммад ибн Амр ибн Атодан ривоят қилинади:«У Зайнаб бинти Абу Саламанинг ҳузурига кирди. Бас, у ундан ҳузуридаги синглисининг исмини сўради. «Унинг исми Барра», дедим. «Унинг исмини ўзгартир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш уйланганларида унинг исми Барра эди. У зот унинг исмини Зайнабга ўзгартирганлар. Ва У зот Умму Саламага уйланганларида ҳузурига кирдилар. Менинг исмим Барра эди. У зот унинг (онам) мени Барра деб чақираётганларини эшитдилар ва: «Ўзларингиз ўзларингизни покламанглар. Аллоҳ ким барра – яхшилик қилувчи ва ким фожира эканлигини Ўзи билади. Сен уни Зайнаб деб номла», дедилар. «Бўпти, у Зайнаб», деди. Мен унга«Исм қўйиб бер?» дедим. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзгартиргандай ўзгартиргин, уни Зайнаб деб номлагин» деди».Шарҳ: Ровий Муҳаммад ибн Амр ибн Ато ҳузурларига кирган Зайнаб бинти Абу Салама розияллоҳу анҳо Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳонинг аввалги эрлари – Абу Саламадан бўлган қизларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгай қизлари.Зайнаб бинти Абу Салама ровий Муҳаммад ибн Амр ибн Атодан унинг синглисининг исмини сўрабдилар. Ровий «Синглимнинг исми Барра, дедим» дейдилар. (Барра – яхшилик қилувчи, покиза, деганидир). Шунда Зайнаб бинти Абу Салама қуйидаги сўзларни айтибдилар: «Унда синглингнинг исмини ўзгартир, чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога уйланганларида у кишининг исмлари ҳам Барра эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг исмини Зайнаб деб ўзгартирганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама розияллоҳу анҳога уйланганларида онамизнинг ҳузурларига кирдилар. Менинг исмим ҳам Барра бинти Абу Салама эди. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама онамизга уйланганларида қизлари Барра ҳам бирга келганлар). Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам онам мени Барра деб чақираётганларини эшитиб қолдилар ва «Ўзларингиз ўзларингизни покламанглар. Аллоҳ Таоло ким барра – яхшилик қилувчи, покизалигини ва ким фожира эканлигини Ўзи билади. Сен бу қизни Барра эмас, Зайнаб деб чақиргин» дедилар. Зайнаб бинти Абу Салама розияллоҳу анҳодан бу гапларни эшитгандан кейин Муҳаммад ибн Амр ибн Ато у кишига:«Менинг Барра исмли синглимга ҳам бошқа исм қўйиб бер?» деди. Шунда Зайнаб бинти Абу Салама розияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзгартиргандай ўзгартиргин, уни Зайнаб деб номлагин» деди.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Барра деган исмни аёлларга, қизларга қўймаслик кераклигини, бундай исмни шу ҳадиснинг ўзида икки марта ўзгартирганларини кўряпмиз. Бир сафар ўзлари никоҳларига олган Барра бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога «Йўқ, исминг Зайнаб бўлсин» дедилар. Иккинчи сафар Умму Салама розияллоҳу анҳо онамизни никоҳларига олганларида у кишининг қизлари, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгай қизлари Барра бинти Абу Саламанинг исмини ҳам Зайнаб деб ўзгартириб бердилар.Бу қиссаларнинг ҳаммаси аввал исмлари Барра бўлган, кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб деб ўзгартирган саҳобийя аёл розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган экан. Луғат илми мутазассислари Зайнаб исмининг асл маъноси ҳақида бир неча қавлларни айтганлар.Баъзилари: Зайнабнинг маъноси шодмонлик ва семизлик, деганлар.Бошқалар: Бу исм Зийб деб номланган гўзал манзаларли ва хушбўй ҳидли дарахтдан олиган, дейдилар.Яна бирлари: Зайнаб исми «Зайни Аб»дан олинган, яъни, отасининг зийнати дегани, дейдилар.СОРМ ДЕГАН ИСМ ҲАҚИДААбдурроҳман ибн Саъийд ал-Махзумийдан, у бобосидан ривоят қилинади: «Унинг исми Сорм эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Саъийд деб номладилар. У: «Усмон розияллоҳу анҳунинг масжидда ёнбошлаб ётганларини кўрганман», деди». Шарҳ: Мазкур киши исмлари ўзгарган пайтда кўрган бир манзараларини шундай ҳикоя қиладилар: «Ўша пайтда мен Усмон розияллоҳу анҳунинг масжидда ёнбошлаб ётганларини кўрганман». Сорм дегани «меваси узилган» деган маънони англатади. Бу ҳам хунук, нолойиқ, маҳзунлик, баракасизлик маъносидаги сўз. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу исмни Саъийд, яъни Бахтиёр деб ўзгартирган эканлар. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳасан розияллоҳу анҳу туғилганида мен унинг исмини Ҳарб қўйдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб:«Менга ўғлимни кўрсатинглар, исмини нима қўйдингиз?» дедилар. «Ҳарб деб», дедик. «Йўқ, унинг исми Ҳасан», дедилар. Ҳусайн розияллоҳу анҳу туғилганда унинг исмини ҳам Ҳарб деб қўйдим. Бу сафар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб: «Менга ўғлимни кўрсатинглар, исмини нима қўйдингиз?» деб сўрадилар. «Ҳарб деб», дедик. «Йўқ, бу Ҳусайн», дедилар. Учинчи ўғлим туғилганида унинг исмини ҳам Ҳарб деб қўйдим. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб:«Менга ўғлимни кўрсатинглар, исмини нима қўйдингиз?» деб сўрадилар. «Ҳарб деб», дедик. «Йўқ, бу Муҳсин. Мен буларнинг исмларини Ҳорун алайҳиссаломнинг фарзандларининг исми билан атадим. Уларнинг исми Шибр, Шубайр ва Мушбир бўлган», дедилар».Демак, ўша қавмнинг тилида бу сўзлар Ҳасан, Ҳусайн ва Муҳсин деган маъноларга тўғри келган. Ҳасан гўзал, чиройли, яхши дегани. Ҳусайн шу сўзнинг кичрайтирилган шакли. Муҳсин ҳам шу сифатлар билан сифатланган деган маънони билдиради. Бу исмлар ҳам яхши исмлар экан, ўғилларимизга қўйсак ниҳоятда мақсадга мувофиқ бўлар экан. Ҳарб уруш дегани. Эҳтимол, ҳазрати Али шижоатли жанговар руҳли инсон бўлганларидан ўғилларининг ботир жангчи бўлишларини истаб шундай исм қўйгандирлар.ҒУРОБ ДЕГАН ИСМ ҲАҚИДАРоита бинти Муслимдан у отасидан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Ҳунайн ғазотида иштирок этдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:«Исминг нима?» дедилар. «Ғуроб» (қарға), дедим. «Йўқ, сенинг исминг Муслим» дедилар». Шарҳ: Ҳунайн ғазоти Маккаи Мукаррама фатҳ бўлгандан кейин бўлган катта, машҳур ғазотдир. Ровий шу ғазотда иштирок этган эканлар. Исмлари қарға экан, чунки ўша пайтда фарзанд кўрган ота-она уйдан ҳовлига чиқиб, кўзига нима кўринса, ўшани фарзандига исм қилиб қўйиш одати бор эди. Ҳатто тезак, ит каби исмлар ҳам учраб турар экан. Ровийнинг оталари ҳам шу одат бўйича қарғани кўриб қолиб, шундай исм қўйган бўлсалар керак. Демак, Муслим деган исм ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлардан бирига қўйган исмлардан экан. Бу исмни ҳам ўғилларимизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам танлаган исм деб қўйишимиз мумкин экан.ШИҲОБ ДЕГАН ИСМОиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир кишининг исми Шиҳоб эканлигини айтилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, сен Ҳишомсан», дедилар». Шиҳоб – учқун дегани. Ҳишом машҳур араб исмларидан бири. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболаридан бирининг исмлари ҳам Ҳишом бўлган. Исмлар бобида буни ҳам билиб қўйишимиз керак экан.ОС ДЕГАН ИСМ ҲАҚИДААбдуллоҳ ибн Мутийъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Мутийънинг қуйидагиларни айтганини эшитдим:«Макка фатҳи куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Бугундан кейин то қиёмат кунигача бирорта қурайшлик собр ила қатл қилинмас» деганларини эшитдим. Қурайшнинг Осларидан Мутийъдан бошқа бирортаси Исломни топмади. Унинг исми Ос эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Мутийъ деб номладилар».Шарҳ: Собр ила қатл қилиш деганда одамнинг бир қўли ва бир оёғини қарама-қарши томонидан кесиб қатл қилиш англанади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Бугундан кейин то қиёмат кунигача бирорта қурайшлик собр ила қатл қилинмас» деганлари маъноси ҳақида уламолар уларнинг бирортаси Макка фатҳ этилган кундан бошлаб муртад бўлмайди, диндан қайтгани учун сабр ила қатл қилинмайди деб тушуниш керак деганлар. Шундан келиб чиқиб қурайшликлардан баъзиларини қасосга лойиқ иш қилсалар, собр ила қатл қилиш мумкин. Шунингдек қурайшликларни баъзи золимлар зулм ила собр ила қатл қилган бўлишлари мумкин ва шундай бўлган ҳам.Қурайшдан Ос исмли кишилардан бирортаси Исломгача етиб келмаган экан. Фақат шу ривоят қаҳрамони Мутийъ деган киши етиб келган экан. У кишининг исми Ос ибн Асвад Адавий бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Мутийъ деб номлаганлар. Ос – осий, исён қилувчи, бўйин товловчи деганидир. Мутийъ эса итоаткор, яъни Аллоҳга итоаткор банда, демакдир.Мутийъ ибн Асвад Адавийдан ўғли Абдулмалик ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга ўтирдилар ва одамларга «ўтиринглар!» дедилар. У эшитиши билан дарҳол турган жойига ўтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тушганларида Ос келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:«Нима учун сени намозда кўрмадим?» дедилар.«Ота-онам сизга фидо бўлсин! Аллоҳнинг Расули! Киришим билан «Ўтиринглар!» деганингизни эшитдим ва эшитган жойимга ўтирдим», деди.«Сен Ос эмассан! Сен Мутийъсан!» дедилар.Бас, ўша кундан бошлаб Мутийъ деб номланди».ЗАҲМ ДЕГАН ИСМ ҲАҚИДАБашир ибн Наҳийк розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар ва:«Исминг Нима?» дедилар. «Заҳм», дедим. «Йўқ, сен Башийрсан!» дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юриб бораётсак: «Эй Хасосийнинг ўғли! Аллоҳга қандай гинанг бор? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан юрибсан», дедилар. «Ота-онам сизга фидо бўлсин. Аллоҳга ҳеч қандай гинам йўқ. Ҳамма яхшиликларга эришдим», дедим. У зот мушрикларнинг қабрлари ёнидан ўтаётиб: «Анавулардан кўп яхшиликлар ўтиб кетди», дедилар. Сўнг мусулмонларнинг қабрлари ёнидан ўтаётиб: «Мана булар жуда кўп яхшиликларга эришдилар», дедилар. Сибтия деб аталадиган кавуш кийган киши қабрлар орасида юрган экан. У зот: «Ҳов ковуш кийган! Ковушларингни ташла!» дедилар. У киши ковушларини ечди». Шарҳ: Бу ҳадисда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номаъқул исмни эшитиб, уни маъқул исмга, хунук исмни чиройли исмга, ёмон маъноли исмни гўзал маъноли исмга алмаштириб қўйибдилар. Заҳм сўзи нохуш маънони билдиради. Башийр сўзи эса, башорат-севинч маъносини билдиради.Шу билан бирга ўша кишиларни гапга солиб, улар билан суҳбатлашибдилар, мушрик ҳолида, иймонга келмай ўтиб кетган кишиларнинг жуда кўп яхшиликлардан бебаҳра қолганликларини, мўмин-мусулмон бўлишнинг ўзи улуғ бахт эканлигини, жуда кўп яхшиликларга сабаб бўлишини айтибдилар. Шунингдек, ҳадисдан қабрларни эҳтиром қилиш, уларни босмаслик, оёқ кийимлар билан тепкиламаслик одобларини ҳам билиб олдик.Убайдуллоҳ ибн Иёддан, у отасидан ривоят қилинади:«Башийрнинг аёли Лайлодан Башийр ибн Хасосадан ҳадис ривоят қилганини эшитдим. Унинг исми Заҳм эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Башийр деб номладилар».Бу ҳадис аввалги ҳадиснинг ўзи экан, фақат ровий бу ҳадисни исми ўзгартирилган шахс саҳоба - бўлганлигини айтган эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг исмларини Башийр деб ўзгартирган эканлар. ҲАЗАН ДЕГАН ИСМ ҲАҚИДА Саъийд ибн Мусаййябдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади: «У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганида: «Исминг нима?» дедилар. «Ҳазн», деди. «Сен Саҳлсан», дедилар. «Отам қўйган исмни ўзгартирмайман», деди. Ибн Мусаййяб деди: Шундан бери бизда ҳазн-қўполлик бардавом».Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бобом назарларидан қолганларидан буён ҳозиргача бизнинг оилада қўполлик давом этиб келяпти.Нотўғри, номаъқул исмни яхшиликка ишора қилувчи исмга ўзгартирмаганликнинг оқибатида бу оилада ана шундай ҳолат кузатилган экан, бундан Аллоҳ Таоло сақласин. Ровийнинг боболари янги исмни эшитиб, ташаккур айтсалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини қабул қилсалар, эҳтимол, оилаларида яхшилик, енгиллик, хурсандчилик бўлар эди. ... Абдулҳамид ибн Жубайр ибн Шайбадан ривоят қилинади: «Мен Саъийд ибн Мусаййябнинг олдида ўтирган эдим. У қуйидагиларни айтди: «Бобоси Ҳазан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганда:«Исминг нима?» дедилар. «Исми Ҳазан» деди. «Йўқ! Сен Саҳлсан», дедилар. «Отам қўйган исмни ўзгартирувчи эмасман», деди. Ибн Мусаййяб деди: Бизда ҳазн - қўполлик бардавом».Ровийнинг бобоси отаси қўйган исмни ўзгартириш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган исмни қабул қилмапти. Улуғ тобеъинлардан бўлган Саъийд ибн Мусаййяб «Мана ҳозиргача оиламизда маҳзунлик давом этиб келяпти» дедилар.Бундан исмнинг ҳаётга тасири борлиги чиқади. Исмни орзу умид билан қўйилади. Ниятда гап кўп. Болага нима ниятда исм қўйилса, ўша ниятни амалга ошиш эҳтимоли кўп бўлади. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо болаларга яхшилик, эзгулик, бахт-саодат, хайр барака маъноларини ифода қилувчи исмларни қўйганлар.Аввал тугунмовчилик ила қўйилган салбий маънодаги исмларни уларнинг муқобилидаги чиройли исмларга алмаштирганлар. Бу борада исмни алмаштириб қўйишдан бошқа амал йўқ.Абдулмуттолиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари. Бу исмни қўйгандан кейин ўзгаритилсин деган гапни билмаймиз.

Топ рейтинг www.uz Openstat