Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Топиб олинган сирғани нима қилиш керак?

00:00 / 09.09.2007 | eski savollar | 5116

Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх жаноблари! Аёлим кўчадан бир жуфт тилло сирға топиб олибди, бунинг эгаси кимлигини билмаймиз. Кўп қаватли бинода яшаймиз ва атрофимиз ҳам шундай биноларга тўла. Яъни маҳалладан суриштириш жуда қийин. Энди кўчага эълон ёзиб қўймоқчимиз, лекин унга сирғанинг эгасининг кўзи тушиши амримаҳол.

1. Сирғани кўчага, топилган жойга олиб чиқиб ташлайликми?

2. Умуман олганда, ерда ётган тилла буюм, пул ёки қимматбаҳо нарсаларни олиш мумкинми ёки тегмасдан кетган афзалми? Шу ҳақда ҳам маслаҳат берсангиз?


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

- Ва алайкум ассалом!

ТОПИЛМАЛАР ҲАҚИДА

Топиб олинган нарса, агар уни топиб олган одам эгасига қайтариб бериш учун олганига гувоҳ келтирган бўлса, омонатдир.

لِمَا رَوَى إِسْحَاقُ بْنُ رَاهَوَيْهِ فِي «مُسْنَدِهِ»، عَنْ عِيَاضِ بْنِ حَمَّادٍ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ أَصَابَ لُقَطَةً، فَلْيُشْهِدْ ذَا عَدْلٍ، ثُمَّ لَا يَكْتُمْ، وَلْيُعَرِّفَنَّهَا سَنَةً، فَإِنْ جَاءَ صَاحِبُهَا، وَإِلَّا فَهُوَ مَالُ اللهِ يُؤْتِيهِ مَنْ يَشَاءُ».  

Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ўзининг «Муснад» номли китобида Иёз ибн Ҳаммоддан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким йўқолган нарсани топиб олса, адолатли кишини гувоҳ қилсин. Кейин уни беркитмасдан, бир йилгача эълон қилсин. Агар эгаси келса, келди. Бўлмаса, у Аллоҳнинг моли бўлади ва кимга хоҳласа, ўшанга беради», дедилар».

Гувоҳликка «Ким йўқолган нарсани сўраб юрган бўлса, менга айтиб юборинглар», дейиш кифоя қилади.

Шу ҳолда топиб олган киши бировнинг нарсасини омонатга ушлаб турган кишининг ҳукмида бўлади ва у билан бўладиган муомала омонатни ушлаб турган одамга қилинадиган муомала каби бўлади.

Йўқолган нарсани кўрганда олиш мандубдир. У олинмаса, хоиннинг қўлига тушиб қолиши хавфи бор.

Акс ҳолда йўқолган нарсанинг эгаси топиб олувчининг қайтариш учун олганини рад қилса, тўлаб беради.

Агар топиб олган киши бировни гувоҳ қилмаган бўлса ва эгаси билиб қолганда: «Бу нарсани эгасига қайтариб бериш учун олган эдим», деса-ю, молнинг эгаси: «Йўқ, еб кетиш учун олгансан», деб туриб олса, (агар мол ҳалокатга учраган бўлса) топиб олган киши молни тўлаб беради ва хоин ҳисобланади. Агар топганини эълон қилганида, молни эгасининг рухсати билан омонатга ушлаб турган одам ҳукмида бўлар эди ва мол ҳалокатга учраса, тўлаб бермас эди.

Йўқолган нарса ҳақида уни топиб олинган жойда ва одамлар жамланадиган ерда, энди эгаси сўраб келмаса керак, дейдиган ва бузилиб қоладиган муддатигача эълон қилинади-да, сўнгра садақа қилиб юборилади. Агар эгаси келиб қолса, хоҳласа, садақани тасдиқлайди, хоҳласа, топиб олганга тўлатиб олади.

Топиб олинган нарса таом, мева ва шунга ўхшаш нарсалар бўлса, айниб қолишига қараб, эгаси кутилади. Топиб олинган нарса айнимайдиган нарса бўлса, эгасини кутиш ҳақида фуқаҳоларимиз икки хил ижтиҳод қилганлар.

1. Имом Муҳаммад, Молик, Шофеъий ва Аҳмад: «Бир йил кутилади», деганлар.

عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ الْجُهَنِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ صَاحِبِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، أَنَّهُ قَالَ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ اللُّقَطَةِ، الذَّهَبِ، أَوِ الْوَرِقِ؟ فَقَالَ: «اعْرِفْ وِكَاءَهَا وَعِفَاصَهَا، ثُمَّ عَرِّفْهَا سَنَةً، فَإِنْ لَمْ تَعْرِفْ فَاسْتَنْفِقْهَا، وَلْتَكُنْ وَدِيعَةً عِنْدَكَ، فَإِنْ جَاءَ طَالِبُهَا يَوْمًا مِنَ الدَّهْرِ فَأَدِّهَا إِلَيْهِ»، وَسَأَلَهُ عَنْ ضَالَّةِ الْإِبِلِ، فَقَالَ: «مَا لَكَ وَلَهَا، دَعْهَا، فَإِنَّ مَعَهَا حِذَاءَهَا وَسِقَاءَهَا، تَرِدُ الْمَاءَ، وَتَأْكُلُ الشَّجَرَ، حَتَّى يَجِدَهَا رَبُّهَا»، وَسَأَلَهُ عَنِ الشَّاةِ، فَقَالَ: «خُذْهَا، فَإِنَّمَا هِيَ لَكَ، أَوْ لِأَخِيكَ، أَوْ لِلذِّئْبِ».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Зайд ибн Холид Жуҳаний розияллоҳу анҳу айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан топиб олинган олтин ёки кумуш ҳақида сўрашди. У зот: «Унинг боғичи ва халтасини эслаб қолгин-да, уни бир йил эълон қил. Агар (эгасини) топмасанг, уни ишлатавер, у сенинг ҳузурингда омонат бўлиб турсин. Агар бир кун келиб, уни қидирган одам келиб қолса, уни унга топшир», дедилар. У зотдан адашиб қолган туя ҳақида ҳам сўрашди. У зот: «У билан сенинг нима ишинг бор? Уни ўз ҳолига қўй. Ахир унинг туёғи ҳам, суви ҳам ўзи билан, эгаси уни топгунча сувга ўзи боради, дов-дарахтдан ейди», дедилар. У зотдан (адашган) қўй ҳақида ҳам сўрашди. У зот: «Уни ол, чунки у ё сеники, ё биродарингники, ё бўриники», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Демак, йўқолган нарса эгасини кутиш учун тайин қилинган вақтдан кейин ҳам топиб олувчи кишининг мулкига айланиб қолмас экан. Қачон эгаси пайдо бўлса ва талаб қилса, унга тўлаб бериш керак бўлар экан. Аммо эгаси садақани тасдиқласа, савобини олади.

2. Имом Абу Ҳанифа: «Кутиш муддати йўқолган нарсанинг миқдорига қараб, турлича бўлади», деганлар.

Бир дирҳамни бир кун. Бир дирҳамдан уч дирҳамгачани бир ҳафта. Уч дирҳамдан ўн дирҳамгачани бир ой. Ўндан кўп бўлса, бир йилгача эгасини кутади.

وَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنِ الْتَقَطَ لُقَطَةً يَسِيرَةً، دِرْهَمًا أَوْ حَبْلًا أَوْ شِبْهَ ذَلِكَ، فَلْيُعَرِّفْهُ ثَلَاثَةَ أَيَّامٍ، فَإِنْ كَانَ فَوْقَ ذَلِكَ، فَلْيُعَرِّفْهُ سِتَّةَ أَيَّامٍ، فَإِنْ جَاءَ صَاحِبُهَا وَإِلَّا فَلْيَتَصَدَّقْ بِهَا». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ. 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким кичикроқ нарса – арқон, дирҳам ёки шунга ўхшаш нарса топиб олса, уни уч кунгача танитсин. Агар ундан ортиқроқ нарса бўлса, олти кун танитсин. Эгаси келса, келди, келмаса, садақа қилиб юборсин», дедилар».

Аҳмад, Табароний ва Байҳақий ривоят қилишган.

Агар топиб олинган нарса данак ёки анорнинг пўчоғи каби – эгаси, одатда, ахтармайдиган нарса бўлса, эълон қилмасдан, ишлатиб юборса бўлаверади. Аммо эгаси талаб қилишга ҳақлидир.

Топиб олган киши топиб олинган нарса учун ҳокимнинг изнисиз сарф-харажат қилган бўлса, эҳсон ўрнида бўлади. Агар изн ила қилган бўлса, эгасининг зиммасига тўлов бўлади.

Топиб олинган нарса ҳайвон ва шунга ўхшаш сарф-харажат талаб қиладиган нарса бўлса, топиб олган киши унга ҳокимнинг рухсати билан сарф қилса, эгаси чиққанда тўлатиб олади. Бунга ҳокимнинг изни ҳужжат бўлади. Агар ҳокимнинг рухсатини олмаган бўлса, тўлатиб олишга ҳаққи йўқ.

Йўқолган нарса манфаат келтириб турадиган нарса бўлса, қози уни ижарага қўяди ва фойдасини ўша нарсанинг ўзига сарфлайди.

Агар манфаати йўқ нарса бўлса, унга нафақа сарфлашга рухсат беради (агар бу фойда берса), акс ҳолда сотиб юборади.

Йўқолган нарса ижарага қўйиб бўлмайдиган, унинг учун сарф-харажат қилишга арзийдиган бўлса, қози уни ушлаб туриш учун сарф-харажат қилишга рухсат беради (эгасига тўлатиб олиш нияти билан). Аммо йўқолган нарса арзимаган нарса бўлса, уни сотиб, қиймати сақлаб қўйилади ва эгаси чиққанда, унга берилади.

Йўқолган нарсанинг фойдасига нафақа қилган одам нафақасини қайтариб олиш учун уни бермай туришга ҳақли. Агар бермай туришдан кейин йўқолган нарса ҳалокатга учраса, нафақа ҳаққи соқит бўлади.

Агар йўқолган нарсанинг эгасилигини даъво қилувчи унинг аломатларини баён қилиб берса, унга уни топшириш ҳалол бўлади. Ҳужжатсиз қайтариб бериш вожиб бўлмайди.

Топиб олган киши фақир бўлса, топилган нарсадан ўзи фойдаланиши жоиз. Бой бўлса, фақир ота-онасига, бола-чақасига ёки куёв-келинига садақа қилиши жоиз.

«Мухтасари Виқоя»да зикр қилинмаган баъзи маълумотларни ҳам тақдим қилишга ижозат бергайсиз.

عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ الْجُهَنِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ آوَى ضَالَّةً، فَهُوَ ضَالٌّ مَا لَمْ يُعَرِّفْهَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ.  

Зайд ибн Холид Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким йўқолган нарсани танитмай, ўзиники қилиб олса, залолатга кетувчидир», дедилар».

Муслим ва Аҳмад ривоят қилишган.

وَعَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَسَأَلَهُ عَنِ اللُّقَطَةِ، فَقَالَ: «اعْرِفْ عِفَاصَهَا وَوِكَاءَهَا، ثُمَّ عَرِّفْهَا سَنَةً، فَإِنْ جَاءَ صَاحِبُهَا وَإِلَّا فَشَأْنَكَ بِهَا» قَالَ: فَضَالَّةُ الْغَنَمِ؟ قَالَ: «هِيَ لَكَ أَوْ لِأَخِيكَ أَوْ لِلذِّئْبِ»، قَالَ: فَضَالَّةُ الْإِبِلِ؟ قَالَ: «مَا لَكَ وَلَهَا، مَعَهَا سِقَاؤُهَا وَحِذَاؤُهَا، تَرِدُ الْمَاءَ، وَتَأْكُلُ الشَّجَرَ حَتَّى يَلْقَاهَا رَبُّهَا». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.  

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, топиб олинган нарса ҳақида сўради. У зот: «Идишини ва боғичини танит. Уни бир йил танит, агар эгаси келса, келди, бўлмаса у сеники», дедилар. «Йўқолган қўй-чи?» деди у. «У сенга ёки биродарингга, ёки бўрига», дедилар. «Йўқолган туя-чи?» деди у. «У билан сенинг нима ишинг бор?! Унинг ичгани суви бор. (Юргани) оёғи бор. Сувга бориб, дарахтлардан еб, эгасига учрагунча юраверади», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Гоҳида йўқолган нарса жонли ҳайвон бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳолатда унинг ҳукми, ўша ҳайвоннинг қандай ҳайвон эканлигига қараб, турлича бўлади.

Мисол учун, йўқолган ҳайвон қўй бўлиши мумкин. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўровчи киши ҳам сўради. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам йўқолган қўй топиб олган кишига ёки унинг эгасига, ёки бўрига қолиши мумкинлигини айтдилар.

Демак, қўй ўзини ўзи эплай олмайдиган, бўрига ем бўлиб кетиш ёки шунга ўхшаш ҳолатга тушиш эҳтимоли кучли ҳайвон бўлганлиги учун уни топган одам дарҳол омонат шаклида сақлаб қўйиши, танитиши керак. Агар эгаси чиқса беради, чиқмаса ўзига қолади. Лекин бўрига ем бўлса, тайёр мол зое кетган бўлади. Эчки ёки шунга ўхшаш – ўзини ҳимоя қила олмайдиган ожиз ҳайвонлар ҳам ушбу ҳукмнинг остига киради.

Энди йўқолган ҳайвон туя бўлса-чи? Унга тегилмайди. У ўзини ўзи эплайди. Емини топиб ейди, сувини топиб ичади. Шунга ўхшаш ўзини ўзи эплайдиган, хавф-хатардан қочиб ёки учиб қутулиб кетадиган қуён ёки кабутар каби жониворларга ҳам тегилмайди. Эгаси топиб, ўзи олмагунча юраверадилар. Бу гап Имом Моликка оиддир.

Аммо ҳанафий уламолар: «Мазкур ҳайвонларни ҳам топган одам олиши вожибдир. Ҳадисда йўқолиш хавфи бўлмаган ҳайвонлар кўзда тутилган», дейдилар.

Боғлар орасидан оқиб ўтадиган ариқ ва сойларда оқиб келган меваларни олиш ҳалолдир. Шунингдек, шаҳардан ташқаридаги дарахтларнинг тагига тушиб қолган меваларни олиш ҳам ҳалол. Чунки бу нарсалар ташлаб қўйилса, эгасига тегмасдан, бузилиб қолиши турган гап.

Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat