Ҳайз намоз ва рўзани ман қилади. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:«Фотима бинти Абу Ҳубайш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Мен истеҳоза бўламан, пок бўлмайман. Намозни қўяманми?» деб сўради. У зот: «Йўқ! Албатта, у томир узилганидандир. Ҳайз эмас. Лекин сен одатда ҳайз кўрадиган кунларнинг миқдорида намозни қўй. Сўнгра ғусл қилиб, намозни ўқийвер», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Қачонки, ҳайз келса, намозни қўй. Қачонки, у (кунлар) ўтиб кетса, ўзингдан қонни ювиб, намозни ўқийвер», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган. Рўза қазо қилинади, намоз қазо қилинмайди. Муоза розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «У киши айтадики, Оиша розияллоҳу анҳодан: «Нимага ҳайз кўрган аёл рўзанинг қазосини тутади-ю, намознинг қазосини ўқимайди?» деб сўрадим. «Нима, сен Ҳарурийямисан?!» деди. «Мен Ҳарурийя эмасман, лекин сўраяпман», дедим. «Ўша нарса бизда ҳам бўлар эди. Бас, рўзанинг қазосини тутишга амр қилинар эдик, намознинг қазосини ўқишга амр қилинмас эдик», деди». Бешовлари ривоят қилишган.Рўза йилда бир марта фарз бўлади. Ҳайз кўрган аёл маълум кунларнинггина рўзасини қазо қилади. Шунинг учун рўза савобидан маҳрум бўлмаслиги юзасидан унинг қазосини тутади.Намоз эса ҳар куни беш марта фарз, ҳайз кунларида қолдирилган намоз сони кўпайиб кетади. Бунинг устига аёл киши ҳар ойда ҳайз кўради. Бу ҳар ойда такрор машаққат дегани. Шунинг учун, ҳайз кўрган аёлдан намозни қазо қилиш талаб қилинмайди.Рўзадор аёл ҳайз кўриб қолса, рўзаси бузилади. Кейин у ўша бузилган кун эвазига бир кун қазо рўза тутади. Олтмиш кун эмас.