Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Мухим савол

00:00 / 11.10.2007 | eski savollar | 2758
Ассалому алайкум шайх хазратлари. Берган саволларимга жавоб берганингиз учун сизга катта рахмат. Аллох сиздан рози булсин. Мен бу сафар сиздан козилар хакида сурамокчи эдим. Кози булган киши кандай коидаларга амал килиши лозим? Козилар ишларни хал килишда нималарга эътибор беришлари лозим? Козиларнинг хукмлари адолатсиз булса уларга кандай жазо бор? Саволга жавоб берганингиз учун олдиндан катта рахмат. Аллох сиздан рози булсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

12. «Китоб ва суннатдан сенга етмаган, қалбингни ҳижил қилган нарсани яхшилаб фаҳмлашга урин». Китобдан мурод Қуръони Карим, суннат Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари. Албатта, мусулмон қози Қуръон ва Суннат асосида ҳукм чиқаради. Лекин баъзи ишлар Қуръонда ҳам, суннатда ҳам тўғридан тўғри зикр қилинмаган бўлиши мумкин. Ана ўшандоқ ишлар ориз бўлганда қозининг кўнглига хижиллик тушиши турган гап. Бундай ҳолларда қози мазкур нарсани жуда яхшилаб фаҳмлашга ўтмоғи лозим.13. «Бир-бирига мисл ва ўхшаш бўлган нарсаларни яхшилаб таниб ол». Чунки, уларни бир-биридан ажратиб олинмаса, аралашиб кетиб, ноҳақ ҳукм чиқаришга сабаб бўлиши мумкин.14. «Сўнгра ўшанга биноан бошқа ишларни қиёс қил». Яъни, бир-бирига мисл ва ўхшаш нарсаларни яхшилаб фаҳмлаб олгандан кейин Қуръон ва Суннатда келмаган ишлар бўйича Қуръон ва Суннатда келган уларга мисл ва ўхшаш бўлган ишларга қиёс қилиб ҳукм чиқар.15. «Ишларнинг Аллоҳга энг маҳбубига ва сенинг кўз қарашингга ҳақиқатга энг яқинига қасд қил». Демак, қози бир-бирига жуда ўхшаш, шубҳали ишларни ҳал қилиши керак бўлса, ўша ишларнинг ичидан Аллоҳ таолога энг маҳбубини танлаши лозим экан. Бошқага эмас. Агар мазкур ўхшаш ишлар бу маънода ҳам бир-бирига жуда яқин бўлиб, қайси бири Аллоҳга энг маҳбуб эканини била олмай қийналган қози, ўзича ҳақиқатга энг яқини фойдасига ҳукм қилар экан. Бу мусулмон қози ҳақиқатни юзага чиқариш учун охирги қатра имкониятни ҳам ишга солиши зарур, деганидир.16. «Ким ҳужжат келтиришни даъво қилса, унга етарлича вақт бер». Ҳужжат келтириш ҳукм чиқариш учун асосий омил. Ўша омил йўқ бўлганда бошқа омилларга мурожаат қилинади. Шунинг учун, ҳужжат келтиришни даъво қилган томонга, етарли вақт бериш керак. Ана ўша вақт ичида у ҳужжатини келтирса, шубҳасиз, адолатли ҳукм чиқариш имкони туғилади. Агар мазкур даъвогарга ҳужжат келтриш учун етарли вақт берилмаса иш ноўрин бўлади. Аввало ҳақиқатда ҳам мазкур кишининг ҳужжати бўлсаю, уни етарли вақт бўлмагани учун келтира олмаса, мутлақо нотўғри ҳукм чиқади. Мабода ҳийла учун, ҳужжат келтираман, деб даъво қилаётган бўлсаю унга вақт берилмаса, менга вақт берилганда, албатта, ҳужжат келтирар эдим, аммо қози зулм қилиб менга етарли вақт берилмади, деб доимо гапириб юради.17. «Агар у ҳужжат келтирса, ҳаққини олур. Магар унинг зиддига ҳукм чиқарасан». Ҳужжат келтиришга етарли вақти, имкони бўлиб туриб уни келтира олмаган одамнинг даъвоси ноўрин бўлади.18. «Албатта ўшандоқ бўлиши-ноаниқликни йўқотувчироқ ва узрни ўтказувчироқдир». Яъни, даъвогарга етарли вақт берилиши ноаниқликни йўқотувчироқ ва узрни ўтказувчироқдир. Даъвогарга ҳужжат келтириш учун етарли вақт берилса ноаниқлик йўқолади. Чунки, унинг бир нарсада ҳаққи борлиги ҳақидаги қуруқ даъвоси ноаниқ бир нарса уни аниқлаш учун ҳужжат керак. Агар у ҳужжат келтирса даъвоси рост эканлиги аниқ бўлади. Мабодо ҳужжат келтира олмаса, даъвоси ноаниқ эканлиги аниқ бўлади. Ана шундан кейин қозининг ҳукм чиқариш бўйича узри ўтадиган бўлади.19. «Мусулмонлар бир бирлари учун одилдирлар». Қозилик ишларида ҳужжат келтириш ашёвий далиллар билан ҳам, шоҳидлар билан ҳам бўлади. Икки томонлама низога сабаб бўлган нарсаларнинг кўпида эса асосан гувоҳлар ҳужжат бўладилар. Ислом қоидаси бўйича ҳар ким ҳам гувоҳ бўлавермайди. Балки, гувоҳликка ўтадиган ҳар бир шахс одил бўлиши керак. Одил бўлиши учун эса мусулмон киши маълум нуқсонлардан холий бўлиши керак. Бу маънода мусулмонлар бир-бирларига гувоҳлик бериш учун одил ҳисобланадилар. Умумий қоида шу. Аммо бу умумий қоидадан истисно қилинадиганлар бор:20. «Магар ҳадд урилган ёки ёлғон гувоҳлик ила мужарраб бўлган ёҳуд бировнинг уруғига ўзини нисбат беришда муттаҳам бўлган бундан мустаснодир». Ушбу жумладаги, ҳадд урилган, таъбирини, шаръий жазога тортилган, деб тушунамиз. Бундоқ кишилар, яъни, шаръий жазога тортилганлар кимлар эканлигини «Ҳаддлар китоби»да яхшилаб ўргандик. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шариатимиз кўрсатмаларидан чиққан одамнинг одиллиги қолмайди десак бўлаверади. Чунки, намоз ўқимаган, рўза тутмаган, бошқа амрларни бажо келтирмаганлар Ислом ҳукуматида албатта жазога тортилади. Шунингдек, ароқ ичган, ўғрилик қилган, бировга тажовуз қилган, зино қилган, покиза кишиларни обрўсини ноҳақдан тўккан ва бошқа жиноятларни қилганлар ҳам албатта жазога тортилади. Бинобарин уларнинг ҳаммаси одил бўла олмайди ва гувоҳлик бера олмайдилар. Шунингдек, тажриба бир марта ёлғон гувоҳлик бергани маълум бўлган шахснинг ҳам гувоҳлиги ўтмайди. Баъзи бир кишилар ўзини аслзода қилиб кўрсатиш мақсадида ёлғондан, мен фалончининг авлодиданман, деб даъво қилиб, кейин даъвоси ёлғонлиги аён бўлган бўлади. Ундоқ кишилар одилликдан йироқ бўладилар. Улар гувоҳлик беришда нотўғри гувоҳлик беришлари мумкин. Шунинг учун ҳам мазкурларнинг гувоҳлиги ўтмайди. 21. «Албатта, Аллоҳ ички сирларни билишни Ўзига олган ва сизга ҳужжатларни қайтарган. Зинҳор одамлар орасида беҳаловат, зажрли ва озорланувчи бўлма. Яна Аллоҳ ажр берадиган ва захираси яхши бўладиган ҳақ жойларда хусуматчилардан ўзингни беркитма. Чунки, ким ўзи билан Аллоҳ орасида ўз зарарига бўлса ҳам ниятини яхши қилса, Аллоҳ у билан одамлар орасини яхши қилиш кафолатини олади».Шунинг учун ҳам иш давомида доимо одамлар билан муносабатда бўладиган қозилар ҳамиша ўзлари билан Аллоҳнинг орасида ниятларини яхши қилмоқлари лозим. 25. «Ким Аллоҳ билиб турган нарсани беркитиб, одамлар учун зийнатланса, Аллоҳ уни хунук қилиб қўяди».Ундоқ одам ўзини минг чиройли қилишга уринса ҳам барибир одамлар уни ёмон кўришаверади. Шунинг учун сиртини силлиқ қилгандан кўра ичини поклаб, ниятни яхшилашга уриниш ҳаммадан ҳам қозилар учун жуда зарур. 26. «Бас шундоқ экан Аллоҳ азза ва жалла ризқи азалида ва раҳмат хазинасида ўзгартиб қўйган савоб ҳақида нима дея олар эдинг. Вассалому алайка».Шунинг учун қози кўнглини бошқа тамонга бурмай, ризқ, раҳмат ва савоб Аллоҳдан бўлишини зинҳор унитмаган ҳолда адолат ва ҳақ йўлида хизмат қилмоғи лозим.Албатта, бошқа Исломий таълимотлар каби қозилик одоби бўйича келган таълимотлар ҳам ўзининг ҳаётий-амал қилинганлиги ила бошқалардан яққол ажраб туради. Мусулмон қозичилиги тарихида жаҳон қозичилиги шаънига олтин ҳарфлар билиан ёзилиб қолган мисоллар оддий бир ҳолат ҳисобланган.Узоққа бориб ўтирмай ҳозиргина ўрганиб чиқилган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга ёзган мактубларида зикр қилинган баъзи бир қозилик қоидалари ҳаётга қандоқ татбиқ қилингани ҳақида биттадан мисол кўриб чиқайлик.Биринчи мисол-Қози шафоатчиликни-бировнинг ўртага тушишини қабул қилмаслиги ҳақида. Бу жуда ҳам машҳур ҳодиса бўлиб, биз ҳам уни «Ҳаддлар китоби»да атрофлича ўрганиб чиққанмиз. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида махзумиялик бир аёл ўғрилик қилиб қўлга тушади. Унинг қабиладошлари бундоқ орга қандоқ чидаймиз, деб ташвишга тушадилар. Улар нима қилиб бўлса ҳам аёлнинг қўлини кестирмай олиб қолиш ҳаракатига тушадилар. Маслаҳат қилиб, бу ишни амалга оширишнинг бирдан бир йўли Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга илтимос қилиб ўғри аёлни жазолашни бекор қилдириш эканлигига иттифоқ бўлишади. Кейин эса, бу-воситачилик ишини ким амалга оширади, деган саволга жавоб ахтаришади. Охири бу ишни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбуб эркатойи Усома ибн Зайддан бошқа ҳеч ким амалга ошира олмайди, деган фикрга жам бўладилар. Аёлнинг қариндошлари Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг олдиларига бориб у кишидан ўзларини ташвишга солиб турган масалада Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида воситачилик қилишни илтимос қиладилар. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу бу ҳақда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга сўзлайдилар. Шунда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ ғазабланадилар ва жамоат олдида хутба қилиб: «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг ҳаддларидан бир ҳадда шафоатчилик қиласизлар?! Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам, албатта қўлини кесаман!», дейдилар.Ҳа, Ислом қоидаси бўйича қозининг ишига ҳеч ким аралашмаслиги керак. Қариндошига шафқат сўраб мурожаат қилиш мумкин бўлмаганидан сўнг. Юқоридан туриб қозига ундоқ қил, деб буйруқ бериш ва шунга ўхшаш бошқа аралашувлар ҳақида умуман бирор оғиз гап ҳам бўлиши мумкин эмас.Иккинчи мисол-Қози икки томонга ҳам бир хил муносабатда бўлиши лозимлиги ҳақида:«Ибн Қаюм ал-Жавзияянинг «ат-Туруқ ал-Ҳукмийя» («Ҳукм йўллари») номли китобида қуйидагилар зикр қилинади: «Бир яҳудий киши халифа Умар ибн Ҳаттобга ўзи билан Имом Али ибн Толиб розияллоҳу анҳунинг орасида бўлиб ўтган иш ҳақида шикоят қилди. Икковлари халифанинг ҳузурига келдилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу яҳудийга номини айтиб, Али розияллоҳу анҳуга эса, Эй Абул Ҳасан, деб кунясини айтиб мурожаат қилди. Имом Алининг юзларида ғазаб аломатлари пайдо бўлди. Умар розияллоҳу анҳу у кишига:- Сенинг хусуматчинг яҳудий бўлганидан, сен у билан қозихонада баробар турганингдан ғазабланмоқдамисан», деб сўрадилар. Шунда Имом Али розияллоҳу анҳу:- Зинҳор ундоқ эмас. Эй мўъминларнинг амири, мен билан унинг орамизда тенг муомала қилмаганингдан, унинг исмини айтиб, менинг эса куниямни айтиб ундан афзал кўрганинг учун ғазабландим», деб жавоб бердилар.Ўша пайтдаги Ислом оламининг иккинчи шахси бўлган ҳазрати Али розияллоҳу анҳу билан бошқа диндаги бир бегона кишининг исмини айтишдаги сўз ифодаси бошқача бўлиб қолиши қозиликдаги катта хато ҳисобланишини ўзи кўп нарсага далолат беради. Ҳа, Исломий қоида бўйича қози хусуматчи тарафларга мурожаат қилишда ҳам бир хил лафзларни ишлатиши лозим.Учинчи мисол-Қози икки томонга ҳам бир хил мажлис қуриши лозимлиги ҳақида:«Машҳур халифа Маъмун оддий бир фуқаро билан хусуматлашиб қолиб Бағдод қозиси Яхъё ибн Ақсамга арз қилибди. Халифа хусумат иши кўрилаётганида қози Яхъёнинг ҳузурига кирганда унинг ортидан хизматчиси Тонфуса, деб аталадиган курсини кўтариб кирибди. Буни кўрган қози Яхъё норози бўлиб:-Эй мўъминларнинг амири, шеригингдан кўра афзал жойга ўтира олмайсан-дебти.Шунда халифа Маъмун хусуматчиси бўлган оддий фуқорага ҳам ҳудди ўзиникидақа Тонфуса келтиришни сўраган экан».Қонун олдида ҳамма баробар бўлганидан кейин қозининг ҳузурида халифа ҳам, оддий фуқаро ҳам бир хил курсида ўтириши керак-да!Тўртинчи мисол-Қози икки томонга ҳам бир хилда адолатли бўлиши кераклиги ҳақида. Аввало айтиб ўтиш лозимки, бу қоидага биноан қози адолатни хусуматчи томонларнинг шахсига қараб эмас, қонунга қараб йўлга қўйиши лозимдир:«Халифа Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўзларининг йўқолган совутларини бир яҳудий кишида кўриб қолиб, уни қайтариб беришни талаб қилдилар. Яҳудий бу талабни инкор қилади. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу қозига арз қиладилар. Бу иш қози Шурайҳ томонидан кўриб чиқилади. Қози аввал Али розияллоҳу анҳудан совут ўзиники эканлигига далил келтиришни талаб қилади. Ҳазрати Али, совут меники деб қилган даъволарига ҳужжат келтира олмайдилар. Кейин эса, қози ҳалиги яҳудий кишидан қасам ичишни сўрайди. У қасам ичади. Шунда қози Шурайҳ, даъвогар далил келтириши керак, инкор қилувчи қасам ичиши керак, деган қоидани айтадида, совут яҳудийга берилсин, деб ҳукм чиқаради.Яҳудий киши бўлиб ўтган ишдан қаттиқ таъсирланади. Амирул мўъмининнинг қозиси унинг зарарига, менинг фойдамга ҳукм чиқарадими?!, деб Исломга киради.Албатта, ҳазрати Али розияллоҳу анҳудек буюк зот ёлғон даъво қилиши мумкин эмас. Бу ҳақиқатни бошқа биров билмаса ҳам қози Шурайҳ жуда яхши билади. Лекин, унинг ўз билганича ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқ. Ўртада қонун бор. Қози адолатни шахсга қараб эмас, қонунга қараб тенг йўлга қўйиши лозим. Қонун олдида эса, ҳама баробар.Бешинчи мисол-Обрўлилар қозининг жаврига тамаъгир бўлиб қолмаслиги учун уларнинг риоясининг қилмаслиги лозим эканлиги ҳақида:«Ғассон подшоҳларининг охиргиси Жабалла ибн ал-Айҳам Исломга кириб Маккага келди. Байтуллоҳда этагини судраб фахр билан юрган эди., Фазора қабиласига мансуб бир ғулом унга, этагингни кўтариб юр, деди. Бу гап подшоҳ Жабаллага оғир ботди ва ғуломни бир тарсаки туширди. Ғулом халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга шикоят қилди. У киши одам юбориб подшоҳни олдириб келдилар ва унга: «Сен ғуломга туриб бер, сен унга қандоқ тарсаки туширган бўлсанг, у ҳам сенга шундоқ тарсаки туширсин. Аммо, авф қилса ҳам ўзи билади, дедилар. Бу гап подшоҳ Жабаллага қаттиқ ботди ва: «Лекин мен подшоҳман, у яланг оёқ-ку?!-деди. Ҳазарати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бўлса совуққонлик билан:-Шаръий ҳукмни ижро этиш лозим. Ислом барча одамлар орасини тенг қилган-дедилар.-Агар бу ишга мажбур қиладиган бўлсанг, Исломдан қайтиб муртад бўлишим ҳам мумкин-деб ишора қилди Жабалла.-Агар муртад бўлиб Насроний динига кириб кетсанг, муртадликнинг ўзига яраша ҳукмлари бор-дедилар ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу-Эртагача муҳлат бер- деди Жабалла.Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу унга муҳлат бердилар. Эртасига Жабалла ибн ал-Айҳам Шомга қочиб кетди ва кейинчалик Насоро динига кирди.Албатта бу ишни бошқача, мулойимроқ йўл билан муолажа қилиб, бир подшоҳни Исломда собит қадам бўлишига йўл очиш ҳам мумкин эди. Лекин, гап бир дона масала устида кетаётгани йўқ эди. Агар бир подшоҳга мансаби туфайли ён босилса, қонун бузилса, бошқа мансабдорлар ҳам ўзларига ён босилишидан умидвор бўлиб қолишлари мумкин эди. Умар розияллоҳу анҳу фалон вақтда Жабаллани афв этган, деб ҳамма амалдорлар ўзларига бу ишни дастак қилиб олишлари мумкин эди.Олтинчи мисол-Қози заифларга нисбатан эътиборсизлик қилиб, уларни ўз адолатидан ноумид қилиб қўймаслик кераклиги ҳақида:«Буюк саҳобий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу томонларидан Куфага волий этиб таъйинланган эдилар. Бир куни Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу бир оддий аскарни уриб, сочини олдиртириб ташлади. Ҳалиги аскар олиб ташланган сочини йиғиб олиб, шикоят қилиш учун Куфадан Мадинага, ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурлари томон жўнаб кетди. Мазкур аризачи ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларига кириб: «Абу Мусо мени ўз улишимни тўла беришини талаб қилганим учун, ўз насибамдан оз олишга рози бўлмаганим учун урди. У мени сенинг ҳузурингга ўз ҳурмати борлигидан, сен ундан қасос олмаслигингга ишонганидан ва мусулмонлар ичида обрўси улуғлигига ишониб урди, деди.Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўзлари таъйин қилган волий, Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳунинг қилган бу ишидан қаттиқ афсусландилар ва унга: «Агар бу ишни кўпчилик ичида қилган бўлсанг, унга кўпчилик ичида ўтириб, сендан қасос олишига имконият яратиб бер. Агар мазкур ишни холий жойда қилган бўлсанг, холий жойда ўтириб, унга ўзингдан қасос олишга имкон яратиб бер, бўлмаса, иш бошқача бўлади, деб мактуб ёздилар. Даъвогар мактубни олиб бориб волий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга берди. Ҳодисадан хабардор одамлар ўртага тушиб, амир Абу Мусони афв қилишни илтимос қилдилар. Аммо даъвогар шахс бу илтимосларни қабул қилмади. Шунда Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу уларнинг олдиларига чиқиб ўтирдиларда даъвогарга мурожаат қилиб:-Кел, мендан қасосингни ол-дедилар. Ана шундагина даъвогар кишининг кўнгли ўрнига тушди ва бошини осмонга кўтариб туриб:-Эй бор Худоё! Мен уни афв этдим!-деди.Исломда қозичилик ана шундоқ бўлади. Унда ҳокимлар, қозилар ўзларига қарши, ўз яқинларига қарши ҳукм чиқаришлари оддий ва табиий ҳол бўлади. Бу билан қози қаҳрамонлик қилган бўлмайди, балки, ўзига юксатилган масъулиятни адо этган бўлади, халос.Илоҳий адолатни йўлга қўйган Исломда ҳар бир оддий фуқаро ҳам ўз ҳуқуқини яхши танийди ва унга эришиш учун астойдил курашади. Ҳокимият, хусусан қозилик ҳокимияти эса энг заиф кишилар ҳам унинг адолатидан ноумид бўлмаслиги учун барча чораларни кўради. Агар шундоқ бўлмаганида оддий аскар катта волий Абу Мусо ал-Ашъарийдан шикоят қилиш учун ойлаб йўл юриб Куфадан Мадинага, халифа Умар ибн Хаттобнинг хузурларига бормас эди.Исломдаги бу хусусият, фақат мусулмонлар учун бўлмай, ғайридин-аҳли зимма фуқароларни ҳам ҳаракатга солган. Миср волийси буюк саҳобий Амр ибн Осс розияллоҳу анҳунинг ўғли аҳли зимма қибтий одамнинг ўғлини бир қамчи ургани учун, отаси шикоят қилиб, ойлаб йўл юриб, Мадинага бориб ҳазрати Умарга арз қилишини нима, деб тушинса бўлади? Албатта, ўша қибтий одам адолат бўлишидан ноумид бўлганида ўзини овора қилиб юрмас эди. Аммо, у ғайридин бўлса ҳам Исломда адолат борлигини кўрган-билган эди. У ўзи талаб қилаётган адолатга эришишга ишонар эди. Шундоқ бўлди ҳам. Қибтий киши қозилашиб Амр ибн Оссдек музаффар лашкарбоши устидан бир аҳли зимма оддий фуқаро фойдасига ҳукм чиқишига эришди.

Топ рейтинг www.uz Openstat