- Фолбинга ишониш мутлақо мумкин эмас. Онангиз сизнинг гапингизга кирмаса, бошқа гапи ўтадиганлар айтсин. Фолбинга ҳам бир ўзингиз бормай, ўзингиз ишонадиган одам билан бориб, чиройли сўзлари билан тушинтиринг.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оишадан ривоят қилинади:«Одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Улар ҳеч нарса эмас», – дедилар. Шунда улар:«Ё Расулуллоҳ! Лекин бир нарсани гапирсалар ҳаққ ҳам бўлади?!» – дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўғриси бир оғиз сўз бўлади. Шайтон олиб қочиб, ўз оғайниси (фолбиннинг қулоғига) товуқ қақағлагандек қилиб қақағлаб айтиб кетади. Бас, ўша битта тўғрига улар юзта ёлғонни қўшадилар», – дедилар».Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган сўзлари «Бу гапларнинг ҳечқиси йўқ» эмас, балки «Улар ҳеч нарсага арзимайдилар, улар ҳаққ эмас» деган маънодадир. Демак, баъзи фолбинларнинг бирор гапи рост чиқиб қолса, бу тасодиф бўлар экан, у ҳам бўлса, шайтон ўғирлаб келиб айтган гап бўлар экан, ёнида жуда кўп ёлғони бўлар экан. Фолбинлар эса, шайтоннинг оғайнилари, малайлари экан. Шунинг учун ҳам, фолбинларга ишониш эътиқоднинг бузилишига, дунё ва охиратнинг бой берилишига сабаб бўлар экан.