Ассалому алайкум! Бир нечта ҳолатлар юзасидан маслаҳат беринглар. Чин мўмин инсон ўз жамиятида бўлаётган мункар ишни кўриб билиб туриб, бефарқ бўла олмайди дебсизлар. Бу гапдан келиб чиқиб бир неча саволлар сўрамоқчиман. Мақсадим ҳеч кимга ҳеч қандай эътироз билдириш ёки бировни ёмонлаш эмас фақатгина мукаммал иймонга эга бўлишни истайман холос. Айтмоқчиманки бугунги кунда мусулмонлар жуда кўп фарз ва суннат амалларга амал қилишмаяпти. Масалан, ғийбат қилмаслик кераклиги ҳақида билишади лекин барибир ғийбат қилишади; ёлғон гапириш ёмонлигини билишади лекин ёлғон гапиришади; авратларини очиб юрмаслик ҳақида билишади лекин барибир шундай қилишаверади. Яъни шу ҳолатларга деярли ҳар куни ҳар ким билан дуч келяпмиз. Ўзим қўлдан келганча гуноҳлардан тийилишга ҳаракат қиляпман, лекин ҳар доим жамиятимизда гуноҳ ишларни қилаётган одамларни кўрганимизда уларни доимо шу ишлардан қайтишига дават қилишга мажбурмизми? Демоқчиманки агар уларга ғийбат қилма десак ғийбатмас бу ҳақиқат дейишса, ёлғон гапирма десак ёлғон гапирсам ҳам бировга зарарим тегмаяпти ёки яхшилик йўлида ёлғон гапиряпман деса ва ҳоказо ҳолларда ҳар доим уларга бу ишни қилма дейишга мажбурмизми. Ва яна энг асосий саволим оилада кенжа фарзандман иккита опам бор, улар эрга тегиб кетишган, ҳижобда юришмайди. Ўзим ҳам динимизнинг буйруқларига амал қилишни бошлаганимга унча кўп бўлмади. Уларга ҳеч қачон ҳижобда киринглар демаганман. Айтсам ҳам улар бу гапимга мутлақо киришмайди. Камига мени динда чуқур кетятганликда айблаши, инсон замон билан ҳамнафас бўлиши кераклиги ҳақида гапиришлари ҳам мумкин. Бу ҳолатда мен даюс бўлиб қолмайманми(Худо сақласин)? Тўғриси бундай бўлишидан жуда қаттиқ қўрқиб кетяпман негаки ҳижобга киришилар керак экан деб айта олишимга унча ишонмайман. Илтимос менга маслаҳат берилар. Мен яшаётган муҳитда деярли ҳамма танишларим ғийбат қилади уларни ғийбатини тинглашга мажбур бўлиб қоламан, бемалол ёлғон гапиради, очиқ-сочиқ кийинишади, мен эса деярли уларга ҳеч нарса демаганман. Лекин иймоним мукаммал бўлишини истайман. Шундай ҳолатда қандай йўл тутай? Аллоҳ ҳаммамизга мукаммал иймон ато этсин.
– Ва алайкум ассалом! Бу ишни ҳамма, ҳамма жойда қилиши керак. Бошлиқ қўл остидагиларига, ота-она фарзандларига, ўқитувчилар ўқувчиларига қилишлари шарт. Акс ҳолда қиёматда қаттиқ жавобгарликка қоладилар. Аввало қайтарувчиларимиз қайтариш усулларини ўрганиши ва тақво ҳосил қилишлари керак. Шунда жамиятнинг ислоҳи пайдо бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда баъзи бир инсонларни иймон келтирмаслигини хабарини берди. Шундай бўлса ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги дақиқаларигача ҳам уларни иймонга чақирдилар. Биз бир нарсани яхши тушунайлик, ўша чиройли йўл билан қайтаришимизнинг ўзи савобли иш. Зиммамизга юклатилгани ҳам етказишгина холос. Мажбур қилиш бизнинг зиммамизга вожиб эмас. Мени сўзларим фойда бермаяпти дейиш бу шайтоннинг васвасасидир. Чунки ҳидоят Аллоҳ таолонинг қўлида. Айтинг, савобини олинг бўлди. Бошқа гап йўқ. Валлоҳу аълам!