Ассалому алайкум! Бизани маҳаллада бир инсон бор. Араб тилини мукаммал билади, лекин жума намозига бормайдилар. Нега ундай қиласиз десак “бу масжид имомларини биттаси ҳам савол берган эдим жавоб топа олмади. Ман нега булани орқасидан иқтидо қилай. Буларни ўзи айтган гапига амал қилмайди имомларинг” дедилар. Ахир фарзни тарк этиш гуноҳ эмасми? Беш маҳал намозни ҳам уйларида ўқийдилар. Масжид узоқ ҳам эмас.
– Ва алайкум ассалом! Аввало масжид имомини фосиқ дейиш фитнадан бошқа нарса эмас. Маҳаллангиздаги у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларига амал қилмас экан. Унга буни етказиб қўйиш керак.
АҲЛИ ҚИБЛА ОРТИДАН НАМОЗ ЎҚИШ ЖОИЗЛИГИ
وَنَرَى الصَّلَاةَ خَلْفَ كُلِّ بَرٍّ وَفَاجِرٍ مِنْ أَهْلِ الْقِبْلَةِ، وَعَلَى مَنْ مَاتَ مِنْهُمْ
Аҳли қибланинг яхшисию фожири ортидан намоз ўқиш жоиз, деб биламиз. Улардан ўлганларига жаноза ўқиш жоиз, деб биламиз.
Шарҳ: Ушбу иборада икки масала бор:
Биринчиси: Намозда аҳли қибланинг яхшисига ҳам, фожирига ҳам иқтидо қилиш жоизлиги.
Иккинчиси: Аҳли қибланинг яхшисига ҳам, фожирига ҳам жаноза ўқиш жоизлиги.
Биринчи масаланинг далили:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَوْلُهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلُّوا خَلْفَ كُلِّ بَرٍّ وَفَاجِرٍ أَخْرَجَهُ الدَّارَقُطْنِيُّ
1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг
«Ҳар бир яхши ва фожир ортидан намоз ўқийверинглар», деган сўзлари (Дора Қутний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
2. «Саҳиҳи Бухорий»да Абдуллоҳ ибн Умар ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумнинг Ҳажжож ибн Юсуф Сақафийнинг ортидан намоз ўқиганлари ривоят қилинган. Ҳажжож фосиқ ва золим бўлгани эса маълум ва машҳур.
Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Валид ибн Уқбанинг ортидан намоз ўқир эдилар. У эса хамр ичар эди.
وَكَذَا فِي صَحِيحِ الْبُخَارِيِّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ : أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يُصَلُّونَ لَكُمْ، فَإِنْ أَصَابُوا فَلَكُمْ وَلَهُمْ، وَإِنْ أَخْطَؤُوا فَلَكُمْ وَعَلَيْهِمْ
3. Шунингдек, яна «Саҳиҳи Бухорий»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Улар сизларга намозга ўтадилар. Агар тўғри қилсалар, сизга ҳам, уларга ҳам фойда. Агар нотўғри қилсалар, сизга фойда, уларга зарар», деганлар».
Ҳеч ким шак-шубҳа қилмайдики, фожирдан мурод эътиқодида ширкка олиб борувчи эътиқодий бидъат йўқ одамдир. Чунки ширк соҳиби ва эътиқодий бидъат соҳиби мўмин бўлмайди. Унга қандай қилиб иқтидо қилиб бўлади?!
Имомлар иттифоқ қилганларки, бидъати ва фосиқлиги маълум бўлмаган одамнинг орқасидан намоз ўқиса бўлади. Муқтадийнинг (иқтидо қилувчининг) имомнинг эътиқоди қандай эканини билиши иқтидо қилишнинг шартларидан эмас. Уни «У ёки бу нарсада қандай эътиқоддасан?» деб имтиҳон ҳам қилмайди. Ҳоли номаълум одамнинг ортидан намоз ўқийверади.
Умуман олганда, ўз бидъатига даъват қилаётган бидъатчининг ва фосиқлиги маълум бўлган фосиқнинг ортидан намоз ўқилаверади, агар у жума ва икки ҳайит намози ва Арафот имоми каби тайинланган имом бўлиб, ундан бошқанинг ортида ўқиш имкони бўлмаса. Барча салафу халафлар наздида муқтадий бундай имомнинг ортидан намоз ўқийверади. Лекин, аввал айтилганидек, унинг бидъати эътиқодий бўлиб, ижмолий ақийдаларга бирор нарса зиёда ёки нуқсон қилмаган бўлиши шарт.
Бидъатчи ва фосиқнинг ортидан намоз ўқиш жоиз бўлгани билан, макруҳликдан холи эмас. Аммо қайта ўқиш лозим бўлмайди. Чунки Абдуллоҳ ибн Умар, Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳум каби саҳобаи киромлар фожир бошлиқлар ортидан жума ва жамоат намозларини ўқиганлар, аммо қайта ўқиб олмаганлар.
Иккинчи масаланинг далили:
Саҳобаи киром розияллоҳу анҳум золим бошлиқларнинг жанозасини ўқиганлар. Уларни жанозасиз кўммаганлар. Осийлар ва гуноҳи кабира қилганларни ҳам шундай қилганлар.
Аммо давлатга қарши чиққан боғийлар, йўлтўсарлар ва ўзини ўлдирганлар бу умумий ҳукмдан истисно қилинади. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан бошқа имомларнинг наздида ибрат учун уларга жаноза ўқилмайди. ("Ақийдатут Таҳовия шарҳининг талхийси" китобидан). Валлоҳу аълам!