Ассалому алайкум! Сизларга анчадан бери қийнаб келаётган бир аҳвол ҳақида безовта қилмоқдаман. Маълумки бизнинг динимиз тинчлик дини, яхшилик дини, бағрикенглик дини. Лекин нимагадур ҳаётда, мусулмонлар орасида бунинг аксини кўрмоқдамиз. Ҳаттоки Улуғларимизга яқин юриб улардан таълим олганларда ҳам шу нарсани кузатяпмиз. Нега мусулмонлар апил-тапил намоз киради, ҳали ибодати қабул бўлдими бўлмади билмайди лекин бошқаларга ақл ўргатади, бошқаларни ўзидан паст санайди, нега уни қилиш ҳаром буни қилиш ҳаром дейди, соқол қўяди, қўлидан тасбеҳ тушмайдию лекин судхўрлик қилади. Биров гуноҳ қилса дўзахга ҳукм қилишгачам борадию, ўзи гуноҳ қилса Шайтонга айб тўнкайди. Нега одамларни айбини тириклигида гапирмайди ҳаттоки гапиришга қўрқадию, вафотидан кейин Ана ўларкансанку дейди, мазах қилади, ваҳоланки вафот қилган инсон ҳам ким бўлишидан қатъий назар мусулмон бўлиб чиқади. Бу Расулимиз алайҳиссалом бизга таълим берган дин эмаску, бу Гўзал Ислом эмаску, қайси китобда бор шу нарсаки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бировни ўзларидан паст санаган бўлсалар, ҳаттоки жонларидан ўтказиб юборган кофир душманларининг ўлимидан кейин улар тўғрисида ҳақоратли, истехзоли гап гапирмаганларку. Нега мусулмонлар бунга аҳамият бермайдилар ҳаттоки баъзи илм аҳллари ҳам бунга аҳамият бермаяптилар. Буни қандай қилиб тўғрилашимиз мумкин, қандай қилиб мусулмонларни бирдам қилиш мумкин, агар бир-биримизга шундай ҳусумат қилаверсак эртага ҳолимиз не кечади, Жанобимиз алайҳиссаломнинг кўзларига Қиёматда қандай қараймиз, Аллоҳнинг қаршисида қандай турамиз, Фахрланишни ҳоҳладилар Расулимиз биз шу фахрга нима қилсак арзиймиз?
– Ва алайкум ассалом! Алҳамдулиллаҳ халқимиз ичида Қуръон, ҳадис, фиқҳ илмлари ривожланиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий вазифаларидан бўлган тазкия, яъни руҳий тарбия жиҳати оқсамоқда. Диёримизда бу соҳанинг бирорта ҳам етук мутахассиси йўқ. Илми-маърифат энг ривожланган давлатларда ҳар бир мадраса ёки ташкилотнинг шу каби етук руҳий тарбия устозлари бор. қўл остидагилар ҳаммалари бир бирларига итоат қилади. Устозлар эса ҳамжиҳатликда фаолият олиб боришади. Ин шаа Аллоҳ юртимизда бу фаннинг ҳам мутахассислари етишиб чиқсалар ҳамжиҳатлик пайдо бўлади, ҳар бир амал эгаси амалини Аллоҳнинг розилиги учун қилишни бошлайди. Валлоҳу аълам!