Ассалому алайкум! Ёшим 22да Оилалиман Фарзандим ҳам бор оила қурганимизга 2.5йил бўлди аёлим ва мен жуда яхши бир биримизни тушиниб олдик оллоҳга шукурлар булсин 2ойдан кўпроқ булди намоз уқишни аёлим билан бошладик аёлимни ўрантирдим. Мени қийнаётган савол жуда ачинарли секин секин менга фарз вожиб бўлган амалларни ўрганиб боряпман бу ёшимгача ҳеч нарса билмас эдим оилавий муҳитимиз ҳам ачинарли экан энди тушиниб етдим дадам билан аям ажирашишкан аям четелда турмишга чиқишган мен ҳам оилам билан 1йил булди чет элга келиб ишлаяпмиз келганимдан кейин куп нарсаларни тушиниб етдим аям 7йилдан купроқ булди чет элдалар турмуш қурганига 3йил бўлди апам турмишга чиқиб ажрашиб кейин аямни ёнига четелга ишлаш мақсадида келди менҳам келганимдан кейин жудаям ёмон ишлар қилишаётганини билдим купроқ апамни билдим фахш ишлар қилябди экан келганимдан кейин жудаям уришиб талашишларимиз куп бўлиб кетди бу йўлларда қайтишни ҳоҳламайди қандай юл тутишим жоиз ҳозирги ҳолатимда юллар очилса қайтиб кетмоқчиман апам Ўзбекистонда ҳозирда мен қайтсам у яна туркияга қайтиб келаман дияпти онам билан биргаликда туришади онам қаршилиг қилмас экан қилаётган ишларига қайтиб келса эски ишларида давом этиши аниқ даюслик жуда ҳам оғир гуноҳ экан қандай юл тутай оллоҳим ҳидоят қилди мени ва аёлимни шукурлар бўлсин энди ибодат қиляпман лекин бу тарафда апамни ишлари учун жавобгар бўляпман қандай ёл тутсам апамни тўғри юлга солгани марузаларда сабр билан вақт билан туғриланиши айтиляпти апам тўғри йўлга келгунча гуноҳкор болавераманми онам учун ҳам гуноҳкор боламанми очиқ сочиқ кийинадилар. Оллоҳ сизлардан рози бўлсин раҳмат илтимос кенгроқ қилиб тушинтириб берсангиз
– Ва алайкум ассалом! Опангиз учун сиз жавобгар бўлмайсиз. Итоатсиз хотинни хайдаш, итоатсиз эрдан ажрашиш, ёмон қўшнидан воз кечиш, ибодат қилмайдиган опа-сингид ёки ака-укадан кечиш ва шу каби ишлар жуда осон, лекин бу чора эмас. Биз дунёга келиб ҳеч бўлмаса ўзимизни энг яқин инсонимизни ҳидоят топишига сабабчи бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Бунинг учун қўпол муомалада бўлишни ҳожати йўқ. Эътибор берсангиз Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳаётда учрайдиган ҳамма вариантларини зикр қилган. Иброҳим алайҳиссалом билан мушрик отаси, фиръавн билан мўмина аёли, Нуҳ алайҳиссалом билан кофира хотини, Қобил билан итоатли Хобил акаси, Шуайб алайҳиссаломнинг икки солиҳа қизлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у зотга ашаддий душман бўлган қўшниси Абу Лаҳаб ва унинг хотини, Исо алайҳиссалом ва онасига бўлган муносабат, солиҳа ота-онанинг кофир бўлган ўғлига бўлган муносабати, подишони раъиятга, раъиятнинг подишоҳга бўлган муносабати ҳамма ҳаммасини батафсил баён қилинган. Уларда Қуръонда зикр қилинмаганлари ҳадисларда баён қилинган. Сизни ҳолатингиз ҳам солиҳ эрнинг итоатсиз аёл кўринишига тушар экан. Сиз Нуҳ алайҳиссаломнинг аёлига қилган муомалаларини ўрганиб чиқинг. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб иймон келтирдилар. Қизлари Асмо онамизнинг онаси эса узоқ йиллар иймон келтирмади.
Сиз ва сиз каби ёшларга насиҳатимиз: ҳеч бир инсон хусусан узоқ йиллик ботқоқда юрганлар сизни бир икки бор қилган насиҳатингиз билан ўзгариб қолмайди. Буни тушунинг, сиз ўзингиз ҳидоят топгунингизча қанча вақт ўтди? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган динни инсонлар қабул қилиши учун 40 йилгача бирорта ҳам ёлғон гапирмасдан сиддиқ мақомини олдилар. Аҳдини бузмасдан содиқ деган лақабни олдилар. Қўлларидаги борини йўқ демасдан энг сахий деган лақабни олдилар. Омонатга ўта қаттиқ эътибор берганларидан амин деган лақабни олдилар. Набираликни аъло даражада жойига қўйган эдилар Абдулмуттолиб кўрмаса туролмайдиган даражага етдилар. Тижоратда содиқ бўлгандилар Хадийжа онамиз ўзларини бағишладилар, никоҳига олишларини таклиф қилдилар. Қўшничиликни аъло дажада йўлга қўйгандилар қўшниси энг ашаддий душмани бўлса ҳам кўрганда ҳайбатланиб иззатини жойига қўядиган бўлди. Силаи раҳмни аъло даражада бажарганларидан қариндош уруғлари Аллоҳ қалбини очмаганидан бошқа иймон келтирмасликларига ҳеч қандай сабаб тополмадилар ва ҳоказо. Бизни яқинларимиз ҳам биз туфайли ҳидоят топишини хоҳласак аввало ўша камолот сифатларини ўзимизда мужассам қилишга ҳаракат қилишимиз керак. Усиз иш битмайди. Сиз асло уларга қўпол муомалада бўлманг, баҳс мунозара ҳам қилманг. Аксинча жоиз бўлган илтимосларини дилидан муҳаббат қилиб юборадиган даражада адо қилишга ҳаракат қилинг. Ўзи фосиқ фожир бўлган тақдирда ҳам сизни самимийлигингизни ҳис қила олсин. Сиз опам деб эъзозлашингизни ҳис қилсин. Бир кун келиб сиз кутган ҳолат ҳам албатта бўлади. Опангиз ҳаққига ҳидоят сўраб тўхтамасдан дуолар қилинг ҳамда “Аллоҳим Сен қайси ҳолатимга рози бўлсанг мени ўшанга муваффақ қилгин, ҳидоятга солгин” деб дуо қилишига кўниринг. Аллоҳ таоло "Фурқон" сурасида марҳамат қилади:
وَجَعَلْنَا بَعْضَكُمْ لِبَعْضٍ فِتْنَةً أَتَصْبِرُونَ وَكَانَ رَبُّكَ بَصِيرًا
20...Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик. Сабр қилармикансизлар?! Роббинг кўриб турувчи(Зот)дир.
Сабрнинг мукофоти қуйидаги “Оли Имрон” сурасидаги оятда баён қилинган.
وَاللّهُ يُحِبُّ الصَّابِرِينَ
146...Аллоҳ сабрлиларни севадир.
Аллоҳга маҳбуб инсонга айланиш бу чексиз саодатку. Сиз кўз юммаётганингизда опангизни шу чексиз саодатдан маҳрум қилаётганингиз хаёлингизга ҳам келмаса керак. Аксинча сиз бизни жавобимизни опангизга етказинг. Валлоҳу аълам!